•  
  • 2
  •  
  •  
  •  
    2
    Shares

Хонадонни йиғиштириш жараёнида ташқаридан ифлос кўринмайдиган нарсаларни тозалаш борасида ҳеч ўйланганмисиз? Зеро, хонадондаги маълум жойларни мунтазам эътиборсиз қолдириш орқали зарарли микроорганизмларнинг яшаши, кўпайиши ва ҳар куни саломатлигимизга салбий таъсир кўрсатишига имкон яратамиз.

Қуйида сизни йиғиштириш чоғида кўпинча унутиладиган жойлар ҳамда йиғиштириш натижасини сезиларли равишда камайтирадиган ҳатти-ҳаракатлар рўйхати билан таништирамиз.

1. Кир ювиш машинасини тозаламаймиз

Ифлос кир ювиш машинасидан келиб чиқадиган асосий хавф кийимга бактериялар ва замбуруғ пораларининг тарқалишидир. Бу соғлом одамлар учун ҳам хавфли бўлиб, аллергия ёки астмадан азият чекадиганларда жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ифлос зарралар барабанда, кир ювиш кукуни солинадиган ва чайиш бўлмаларида қолади. Мутахассислар 2 ҳафтада бир марта махсус тозалаш воситаси ёки лимон кислотасини қўшган ҳолда, бўш кир ювиш машинасини максимал юқори ҳарорат билан ишга тушириш орқали профилактик тозалашни тавсия қиладилар.

2. Юмалоқ симчўткани ёпиқ идишда сақлаймиз

Унитаз учун мўлжалланган симчўтка уйдаги энг ифлос буюмлардан бири. Уни фойдаланишдан аввал қуритиб, вақти-вақти билан дезинфекция қилиш орқали бактериялар миқдорини анча камайтириш мумкин. Герметик ёпиқлик микробларнинг тарқалиши учун ажойиб муҳит бўлиб, улар симчўткадан фойдаланиш вақтида бутун ҳожатхона бўйлаб ёйилади.

Симчўтка учун тозалашлар орасида уни қуруқ сақлаб турадиган махсус ушлагични сотиб олиш ёки фойдаланилганидан сўнг уни 10 дақиқага юқоридаги суратда кўрсатилганидек жойлаштириш мумкин.

3. Раковиналарни камдан-кам дезинфекциялаймиз

Кўпинча раковинани ювганда сув тушадиган жойни унутамиз ва фақатгина ёқимсиз ҳид пайдо бўлганида унга эътибор қаратамиз. Тор тешикни ювиш қийин, овқат парчалари ва ифлосликлар шу ерда туриб қолади – бактериялар кўпайиб, кучли сув оқими билан яна раковинага қайтади. Энг яхши профилактика – тунга оқиш тешигига бир қошиқ сода сепиб, бироз сирка қуйиш, тонгда эса қайноқ сув билан тешикни ювдиришдир.

Бундай тозалаш айниқса гўшт, балиқни майдалаш, кўп миқдорда сабзавотларни ювишдан сўнг самаралидир.

4. Тиш чўткалари стакани – уйдаги энг ифлос буюмлардан бири

Даҳшатли факт: тиш чўткаси организм учун хавфли 100 миллиондан ортиқ бактерияларнинг кўпайиши манбаига айланиши мумкин. Бундай кўпайишнинг табиий сабабларидан (овқат қолдиқларидан тозалаш) ташқари, чўткага бактериялар раковина тешигидан ёки унитаздан учиб келади (агар ҳожатхона қўшилган бўлса). Сув оқизилганида катта сув оқими атрофдаги 2 метрга бактерияларни тарқатади. Улар цистит ривожланиши, йўғон ичак фаолиятининг бузилиши, дисбактериозга сабаб бўлиши мумкин.

Чўткаларнинг зарарли таъсирини камайтириш учун уларни бевосита раковина ёнида эмас, балки юқорироқдаги жавонда сақланг. Чўткалар устини қалпоқча билан ёпиш ёмон вариант: бактериялар ёпиқ муҳитда тезроқ тарқаладилар. Лекин, уларни ёпиладиган шкафга қўйиш имкони бўлса, шундай қилинг.

Чўткалар турадиган стаканни тез-тез ювинг. Чўткаларнинг ўзини дезинфекциялаш усулларидан бири – уларни 30 сония давомида оғизни чайиш воситасида ёки бир неча дақиқа қайнаган иссиқ сувда тутиб туришдир.

5. Йиғиштиришда совуқ сувдан фойдаланамиз

Агар йиғиштириш вақтида хона ҳароратидаги ёки совуқ сувдан фойдалансангиз, тозаловчи воситаларнинг самараси камроқ бўлади. Энг мукаммал ҳарорат – хона ҳароратидан 10 даражага ёки қўллар учун қулай иссиқ сувдир.

Натижада ишқорли тозалаш воситаларининг таъсири икки баробарга ортади ва кўпроқ бактериялар ҳамда замбуруғлар йўқолади.

6. Идиш ювиш машинасини нотўғри тўлдирамиз ва фойдаланишдан кейин қуритмаймиз

Идиш ювиш машинасини атайлаб тез-тез тозалаш шарт эмас, зеро унинг кундалик иши маълум даражадаги дезинфекция ҳисобланади. Бироқ машинани ҳар куни қуритиш зарур, акс ҳолда тезда замбуруғ тарқалиши мумкин. Ундаги муҳим жойлар – камера, эшик, зичлаштирувчилар ва қўпол тозалаш фильтри.

Идиш ювиш борасида ҳам ўзига хос жиҳат мавжуд. Маълум бўлишича, идиш ювиш машинасида ликопчаларни жойлаштириш ҳам аҳамият касб этар экан. Мутахассисларнинг қайд этишича,

углеводли таом (картошка, гуруч, макарон) қолдиқлари бор ликопчаларни машинанинг марказига, оқсил (гўшт, пишлоқ, тухум) юқи бор идишларни эса четларига қўйиш керак экан. Шу тариқа улар яхшироқ ювилади.

7. Ваннахонадаги парда ва душ насадкасини унутамиз

Биз ваннахонадаги пардани камдан-кам тозалаймиз, чунки кўпчиликнинг фикрича, ҳар куни унга тушадиган совун кўпиклари тозалашни яхши уддалайди. Бироқ, сиз адашасиз. Айнан парда ҳамда ванна ва девор ўртасидаги туташ жойларда тезда кўзга кўринмайдиган замбуруғ ҳосил бўлади. Профилактика мақсадида полиэтилен пардани винил ёки матодан ишланганига ўзгартириш ҳамда бир ойда бир марта уларни кир ювиш машинасида ювиш ёки бироз туз солинган аралашмада ёки лимон кислотасида ивитиш керак. Хаммомдан фойдалангандан сўнг пардани қуритиб артинг.

Ванна ва девор ўртасидаги туташ жойлар учун замбуруғ ҳосил бўлишига йўл бермайдиган (у кўпроқ шифтга яқин жойда пайдо бўлади) самарали тозалаш воситасидан фойдаланинг: аввал сода билан артиб, сирка сепамиз.

Душ насадкаси ҳам ҳар куни сув билан ювдирилишига қарамай, зарарли бактериялар бир кечадаёқ, душдан ҳеч ким фойдаланмаганида тўпланиб олади. Натижада бурун-томоқ касалликлари, ангина, отитга сабаб бўладиган қора замбуруғ, стафилококк пайдо бўлиши мумкин. Шу боис, душ қабул қилишдан аввал иссиқ сувни ёқиб, бир дақиқа давомида оқизиш керак. Душ насадкасини ҳафтада бир маротаба сода ёки сирка аралашмасида тозалаш зарур.

8. Дудбуронларни тозаламаймиз

Дудбурон бактериялар борасида анча хавфли жой саналади, чунки у ташқи вентиляция оқими билан боғланган. Унга эса кемирувчилар ва қушларнинг ахлатлари кириб қолиши мумкин.

Ҳар икки ҳафтада бир марта вентиляция тешигини тозаланг. Бунинг учун панжарани ечиб, ювиш, сирка ёки тозалаш воситаси билан ишлов бериб, қуритиб артиш керак. Вентиляция тешигининг ўзини чангютгич билан чангдан тозалаб, сўнгра артиш ва ишлов бериш зарур. Тортувчи вентиляторнинг ўрнатилиши микроорганизмлардан самарали қутулишга ёрдам беради.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!