•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ажралишлар сони қайд этилган никоҳларнинг тахминан 15 фоизини ташкил этмоқда ва бу жуда қўрқинчли манзара!

Маълумки, никоҳ маросими, тантанали тўй ва ушбу тадбир билан боғлиқ бошқа барча юмушлар ўзбекистонликлар учун ҳаётдаги ягона мақсад ҳисобланади, бошқа аксариятлар учун эса бу – бошқа ҳаёт, бошқа турмуш ва бошқа муносабатлар бошланадиган тарихий нуқтадир. Ўзбекистондаги кўплаб эркаклар турмуш қурганидан сўнг нафақат рафиқаси, балки ўз онаси билан ҳам ўзаро муносабатлардаги муаммоларга тўқнаш келадилар.

Чамаси, бунга жавоб ҳам тайёр. Она (келиннинг қайнонаси) оиланинг боши ҳисобланиб, уйда ҳамма нарса унинг шартлари асосида бўлиши керак. Аввалдан маълум шартларни бажаришдан осони йўқ, зеро қадимдан белгиланган маданий анъаналар ва қадриятлар бахтли келажакни кафолатлайди.

Аммо рози бўлишга шошилманг! Уйингизда деярли ҳар куни жанжал бўлади! Ойингиз нимадандир норози! Сиз муносабатларни яхши сақлаб қолиш учун ҳар қандай усулларни қўллаб кўрганингизга ишонасиз: онангизнинг барча талабларини адо қилдингиз, келин эрта тонгда уйғониб, ҳамма уй юмушларини бажарди, йиғиштирди, хатоларини тузатиш учун тунлари ухламади, кун давомида нималардир пиширди, қайнонасига ва сизга ҳурмат кўрсатди ва ҳ.к. Ҳайратланарлиси шуки, буларнинг бари иш бермаслиги мумкин, чунки масала мутлақо бошқа бўлиши мумкин!

У ҳолда гап нимада? Муаммони қаердан излаш керак?

Шу ўринда, замон ўзгараётганини, эркаклар ва аёлларнинг ҳаёт, никоҳ, оилавий турмушга нисбатан қарашлари ўзгараётганини, бир неча йиллар аввал ҳаммага мос бўлган қадриятлар баъзида дарз кета бошлашини ҳам унутмаслик зарур. Замонавий дунёда аёллар уй бекаси бўлиб қолишни истамайдилар. Аксинча, улар атрофдаги олам ва оилавий қадриятлар борасида ўз фикрларига эгалар; фарзандларини “аввалгидек” эмас, балки бошқачасига тарбиялашни хоҳлайдилар. Қайд этиш керакки, замонавий аёл учун энди ажралиш яқин ўтмишда салбий ижтимоий ёрлиқ бўлиб кўринган ҳолат эмас. Ажралишлар ҳозир ҳеч кимни қўрқитмайди, шу боис уларнинг сони тобора ортмоқда.

Назаримизда, оилавий муносабатларни парчаланиш кўп жиҳатдан бир нечта омил, жумладан эр томонидан юритилиши керак бўлган келин ва қайнона ўртасидаги нотўғри сиёсати натижасидир. Унутманг, онанинг келиндан рашки ҳеч қачон йўқолмайди. Буни фақат тушуниш ва яшашда давом этиш керак!

Нима қилиш керак?

Lifehaq.uz доимгидек бир томондан онаси ва иккинчи томондан рафиқаси ўртасидаги муносабатларда мувозанатга эришишнинг тактик усуллари ёрдамида ҳам эндигина турмуш қурган ёшларга, ҳам тажрибали оилаларга маслаҳат беришга уриниб кўради.

Ушбу ҳолатда мувозанат, бу – образли тушунча. Аслида, қайнонанинг тушунчасида унинг мақоми рафиқанинг мақомидан устун туриши керак. Эслатиб ўтамиз, мазкур маслаҳатлар деярли фақат эр томонидан бажарилиши керак.

Огоҳлантирамиз, бу мақолада ўзаро муносабатлардаги аҳлоқ нормаларига риоя қилинмаган ва айрим ўқувчиларга ғалати бўлиб кўриниши мумкин. Лекин, улар – иш беради! Демак, бошладик!

Биринчи навбатда, сиз ва рафиқангиз тушуниши ҳамда “белгиланганидек” риоя қилиши керак бўлган ҳолатларни муҳокама қиламиз.

Эр нимани билиши ва тушуниши керак:

  • Қайнона – асосий одам. Бу уйда ундан муҳимроқ ҳеч ким йўқ. Табиийки, қайнота ҳам бор, аммо одатда улар бундай ишларга ва парда ортидаги ўйинларга аралашмасликни маъқул кўрадилар.
  • Қайнона ҳудди эркакларга ўхшаб мантиқий фикрлашга қодир эмас. Қайнона учун ҳамма нарса ҳиссиётлар ва уйдаги аҳамиятига асосланган.

Рафиқа нимани тушуниши керак:

  • Сиз – уй бекасисиз ва маиший масалар, пишириш, ювиш, йиғиштириш, қайнона ва фарзандларни парвариш қилиш – барчаси сизнинг мажбуриятингиз.
  • Қайнонага рад жавобини бериш ва у билан баҳслашиш мумкин эмас: ўзингизга ёмонроқ бўлади. Бу масалалар ҳақида суҳбатлашиб, фикрингизни билдириш учун эрингиз бор. Ҳар доим “Хўп бўлади” дейиш керак.
  • Эр – уйнинг эгаси. Унга қарши чиқманг, умумий тил топинг.

1-маслаҳат: Рафиқангиз билан келишишни ўрганинг

Энг асосийси, бу – биринчи навбатда рафиқангиз билан умумий тил топиш. Бунда ўзаро муносабатларда муаммони юзага келтириши мумкин бўлган ҳолатларни жуфтингиз билан гаплашиб олишингиз зарур. Ҳаммасини никоҳ сўнг муносабатларнинг энг аввалида бошлаш керак, акс ҳолда вақтингиз ва оилангизни йўқотишингиз мумкин. қуйидагиларни бажаришга уриниб кўринг:

2-маслаҳат: Актёрга айланинг

Вақти-вақти билан гўёки рафиқангиз қилган хатолар учун уни уришиб туринг. Бунда жиддий, самимий кўринишга ҳаракат қилинг ва асосийси, онангизга “актёрликни” билдирманг. Табиийки, рафиқангиз бу ўйланган саҳна кўриниши эканлигини билиши керак. Масалан, агар қайнона тайёрланган таомнинг сифатини ёмонлаётган бўлса, рафиқангизни бу учун бемалол уришиб қўйишингиз мумкин. Эҳтимол, сиз учун таом жуда мазали бўлгандир, аммо қайнонага танқид учун сабаб кераклигини унутманг! Ишончимиз комил, бундай ҳатти-ҳаракат онангизга ёқади, чунки шу тариқа сиз рафиқангиз олдида унинг мақомини оширган бўласиз.

3-маслаҳат: Алоҳида ухланг

Баъзан, ҳар доим ҳам ёнингизда рафиқангиз бўлишини ёқтирмаслигингизни онангизга кўрсатиш учун алоҳида хонада ухлашингиз мумкин (агар ортиқча жой бўлса) ва алоҳида ётишга ҳаракат қилинг. Иккинчи ярмингизга “ёпишиб қолмаганингизни” ва баъзида ёлғиз қолишни исташингизни намоён этинг. Табиийки, истасангиз тунда хоҳлаган жойингизга секингина ўтишингиз мумкин. Бироқ, баъзила рафиқангиз ғашингизга тегишини кўрсатиб туринг.

4-маслаҳат: Уйда ортиқча совғалар

Қайноналар уларнинг хабарисиз уйга нимадир сотиб олинишини ёқтирмайдилар, айниқса бу нарса рафиқага аталган бўлса. Шунинг учун, совғаларни рафиқангиз оиласининг номидан тақдим қилишингизни келишиб олинг. Масалан, рафиқангизга кўйлак сотиб олишингиз мумкин, аммо у совғани гўёки опаси ёки укасидан олган бўлади. Бундай тактика нисбатан қимматли совғалар, масалан, ошхона телевизори билан ҳам қўл келиши мумкин. Сиз узоқ вақт телевизор сотиб олишни орзу қилгансиз ёки рафиқангиз ўзи истаган совғани олишни хоҳлайди, аммо рафиқага совға мутлақо тақиқланган. Бундай вазиятда рафиқангизнинг оила аъзолари Янги йилга ёки онангизнинг туғилган кунига ёрқин қадоқдаги янги телевизорни олиб келишлари ҳамда уни тантана билан онангизга совға қилишлари мумкин. Бу усул рафиқангизга жуда кўп эътибор ва пул сарфлашингиз ҳақида ўйламасликка ёрдам беради. Рафиқангиз ҳеч қандай совға ва эътиборга лойиқ эмаслигини кўрсатинг.

5-маслаҳат: Ўхшаш, аммо бироз бошқача

Аввалги маслаҳатда ёзганимиздек, совға қилинг. Совғаларни ўзингиз ишлайдиган фирма номидан ёки дўстлардан тақдим қилиш мумкин. Масалан, қандайдир байрамга яқин қолганида сиз ёки яқин дўстларингиз уйингизга микротўлқинли печь олиб келадилар ва онангизга топширадилар. Бунда, улар компанияда оналарга нисбатан махсус анъана мавжудлигини ва бу йил ҳаммага шундай совға берилаётганини айтишлари керак. Ишонинг, кейинги йил бу анъана ҳеч кимнинг ёдига келмайди, сиз эса шу йилнинг ўзида мақсадингизга эришасиз. Ҳудди аввалги маслаҳатда айтилганидек, бундай ёндашув рафиқага нисбатан онанинг мақоми ва аҳамиятини юқорироқ кўтаришга ёрдам беради.

6-маслаҳат: Онангизнинг заиф томонини топинг

Айтайлик, унга ёқадиган, уни эритиб юборадиган ва зиддятни йўқотадиган нарсани топинг. Масалан, кўплаб оилаларда пул анча нарсани ҳал қилади. Шу боис, қандайдир низо келиб чиқишини гумон қилсангиз, аввалдан тайёргарлик кўришни унутманг, маълум миқдорда пул олиб, конвертда онангизга беринг ва буни “кечаги мукофот пули” ёки қандайдир битимнинг натижаси сифатида кўрсатинг. Ёки, шунчаки одатдагидан кўпроқ пул топганингизни ва ортиқча пул унга кўпроқ зарурлигини айтинг. Бундан ташқари, санаторийга йўлланма олиб, ишингиздаги касаба уюшмаси камдан-кам ва жуда муҳим ишчилар учун шундай йўлланма беришини айтишингиз мумкин. Ҳар ҳолда бу унга жуда ёқади. Эътибор ва яна эътибор!

7-маслаҳат: Маъқулланг

Баъзан ғалати ҳолат юз беради. Ҳаттоки, рафиқангиз ва унинг оиласи кўп жиҳатдан мукаммал ва намунали бўлишига қарамай, буни онангизга исботлашингиз шарт эмас. Онангиз учун рафиқангизнинг оиласи доим биринчи сонли душман бўлиб қолади. Жуда душман бўлмаган тақдирда ҳам, сизнинг оилангиз билан таққослаганда ёмонроқ кўринадиган сифатлар албатта топилади. Шунинг учун, онангиз рафиқангиз ва унинг оиласига нисбатан ёқимсиз сўзларни айтганида, уни маъқуллаб, барча таъкидларига розилик билдиришни ўрганинг. Ҳеч қачон рафиқангизнинг ёнини олишга уринманг! Масалан, агар рафиқангиз 5 юлдузли меҳмонхонада бош ошпаз бўлса, онангиз учун у эндигина овқат пиширишни ўрганаётган 12 ёшли қизалоқ бўлиб кўриниши мумкин. Онангиз томонини олиш орқали бир жамоа эканлигингизни ва уни ҳамма нарсада қўллашингизни кўрсатасиз. Зарур бўлса, қайнонанинг ўзи келинини ютуқлари билан мақтасин. Агар мақтамаса, билингки, қайнона доим дугоналарининг орасида, “гап” ўйнаганида ва қариндошларга келинини мақтайди. Бироқ, у рафиқангизнинг ўзига буни ҳеч қачон айтмайди.

8-маслаҳат: Бўрттиринг

Агар онангиз қандайдир маиший юмушлар бажарилишида ёки бола тарбиясида хатони сезиб қолган бўлса, бироз бўрттириш мумкинлигини унутманг. Масалан, мебель устида озгина чангни кўриб қолгач, онангиз сизга муаммони кўрсатиши мумкин. Табиийки, сиз бу ҳолатни рафиқангизга етказишингиз керак. Бироқ, сиз ва рафиқангиз ўртасида маълум келишув бўлсин. Сиз уни атайин уришишингиз, у ёқдан бу ёққа юришингиз, нималарнидир минғирлашингиз ва онангизга “Кўряпсизми, қандай ишбилмас” қабилидаги назарни ташлашингиз керак. Бунда, бўрттириш чегарасига етиб келганингизни ўзингиз тушунишингиз керак. Мазкур вазиятда онангиз аста-секин рафиқангиз йўл қўйган кичкина хато учун ичида бироз айбни сеза бошлайди. Натижада, у мебель устидаги озгина чанг шунча гап, жанжал ва асабларга арзимаслигини тушуниб етади.

9-маслаҳат: Уйига жўнатиш

Айрим вазиятларда рафиқани ота-онасининг уйига меҳмонга юбориш қайнона учун фалокатга айланиши мумкин. Унинг фикрича, келин биринчи рақамли душманларнинг уйига боради ва бундан яхши натижа бўлмайди. Шу боис, кўпинча меҳмонга бориш салбий кутиб олинади, қаршилик кўрсатилади ёки тақиқланмаган тақдирда ҳам, чекланади. Бундай вазиятда қуйидаги стратегиядан фойдаланиш мумкин. Ахборот рафиқангизнинг манфаатларига тегмаган ҳолда, сиз сувдан қуруқ чиқа оладиган шаклда етказилиши мумкин. Масалан, жуда чарчаганингиз, иш кўплиги, на рафиқангиз, на болаларни кўришни истамаслигингиз, сизга дам ва танаффус кераклигини айтинг. Ҳозир оила ҳақида ўйлашни истамайсиз, чунки ишингизда ўта муҳим воқеа кутилмоқда, шу боис кеч тунгача ушланиб қоласиз. Бундан ташқари, шу йўл билан онангиз ҳам дам олиши мумкинлигини эслатишни унутманг. Бу тактикани ҳар доим ҳам қўллаб бўлмайди, аммо баъзида ёрдам беради.

Сиз оиладаги муносабатларни мувозанатга келтирадиган бошқа усулларни биласизми? Биз билан ўртоқлашинг.