Озиқ-овқат дўконларидан аслида нималарни харид қилаётганимиз ҳақида бир зумга бўлса ҳам ўйлаб кўрганмисиз? Кўпинча ишлаб чиқарувчининг рекламасига, маҳсулотнинг оммабоплигига ёки чиройли қадоғига ишониб, биз учун одатий бўлган маҳсулотларда яширинган дахшатларни ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Lifehaq.uz айрим давлатларда дўконларнинг пештахталарида бемалол турадиган, бошқаларида эса тақиқланган маҳсулотлар рўйхатини эътиборингизга тақдим этади ва албатта, бунинг сабабини тушунтиради.

Киндер-сюрприз

Кўпчилик учун севимли бўлган бу ширинлик 1938 йилдаёқ АҚШда тақиқланган. Ҳукумат ичида еб бўлмайдиган элементлар мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари сотилишини ман этган. Ўйинчоқлардаги кичкина деталлар болаларда бўғилиш хавфини юзага келтиргани учун шоколадли тухумларнинг Штатларга импорти ҳар сафар тўсқинликка учраган. Бироқ, 5 йил аввал омилкор ишлаб чиқарувчилар қонунни айланиб ўтишга ва Америка бозорига киришга муваффақ бўлдилар.

Сунъий бўёқлар

Сўнгги 50 йил ичида истеъмол қилинадиган бўёқли кимёнинг ҳажми 500 фоизга ўсди ва инсон саломатлиги учун талайгина оқибатларга сабаб бўлди. Бундай қўшимчалар гиперфаолликни чақиради, шунингдек аллергия ва саратон билан хасталаниш хавфи билан боғлиқ. Айнан шунинг учун маҳсулотлардаги маълум турдаги сунъий бўёқлар Европага экспорт қилишда ё маҳсулот таркибидан бутунлай чиқарилади ёки табиийларига алиштирилади.

Антибиотикли товуқ

Гўшт ишлаб чиқариш бўйича Америкадаги энг йирик Tyson Foods компанияси томонидан товуқ гўштининг етказиб берилиши Европа, Россия, Норвегия ва Австралияда тақиқланган. Бу ҳолат бутун дунё Tyson паррандаларга антибиотиклар, стероидлар, яллиғланишга қарши воситалар ва кетамин киритишини билганидан кейин юз берди. Мазкур маълумот ошкор бўлганидан сўнг компания вакиллари бу каби воситалар қўлланилишига чек қўйишни ваъда қилганлар ва жорий йилнинг сентябрь ойида гапларини тасдиқладилар.

ГМО

2015-йилда Европа давлатларининг ярмидан кўпида ГМОдан фойдаланишни ман этилди. Тақиқнинг сабаби маҳсулотларнинг аллергенлиги, заҳарлилиги ва ҳаттоки озуқавий қийматининг пасайишидадир. Муҳими ген модификацияси фақат мева-сабзавотларда эмас, балки жонли келиб чиқишга эга маҳсулотларда ҳам бўлишини билиш зарур.

Юмшатгич қўшилган нон

Калий бромати ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Айнан шу модда хамирни оширувчи сифатида хизмат қилади. У туфайли нон маҳсулотлари худди ҳозиргина печдан олингандек узоқ вақт давомида юмшоқ ва чиройли бўлиб сақланади. Калий бромати бош оғриғи, тери тошмалари, ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Афсуски, бу модда аксарият тижорат нон турларида мавжуд. Модда Канада, Хитой ва ЕИ давлатларида тақиқланган.

Ёғ ўрнини босувчи моддаларга эга егулик

Олестра – калорияси нолга тенг бўлган ёғ ўрнини босувчи синтетик моддадир. У кўпинча Light сўзи ёзилган ёғсизлантирилган чипсларда ишлатилади. Тахминларга кўра, мазкур кимёвий модда организм учун анчагина салбий оқибатларга, жумладан зарур витаминларнинг яхши ўзлаштирилмаслигига сабаб бўлади. Канада ва Европада таркибида олестра бўлган егулик бутунлай ман этилган.

Спорт ичимликлари

Спорт ичимликлари ўз ҳолича ёмон ёки тақиқланган нарса ҳисобланмайди. Уларнинг таркибида витаминлар, минераллар ва бошқа фойдали моддалар мавжуд. Бироқ айрим ноинсоф ишлаб чиқарувчилар кўпинча ичимликнинг ёқимсиз ҳидини йўқотадилар ва чиройли ранг бериш учун бромланган ўсимлик мойидан (Е-443) фойдаланадилар. Е-443 заҳарлилиги, шунингдек кўкрак ва простата саратони ривожланиши хавфи мавжудлиги туфайли Япония ва Европада ман этилган.

Сут

Ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулоти ҳажмини ошириш учун қандай ҳийлаларга боришини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Хусусан, АҚШда сигирлардан кўпроқ сут олиш учун уларга ўсиш гормони берилади. Бундай сигирларнинг сутини истеъмол қилиш саратон билан хасталаниш, юрак-қон томири касалликлари хавфининг ортиши ҳамда қалсимон без гормонлари даражасининг ўсишига олиб келиши мумкин. Айнан шунинг учун Норвегия, Швейцария, Янги Зеландия, Япония, Австралия ва Европанинг яна 29 давлатида бундай сут ман этилган.

Асосий сурат DepositphotosDepositphotos