•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Одатда биз янги узилган сабзавотлар, мевалар ва резаворларни афзал кўрамиз. Ҳудди шу маҳсулотлар музлатилган кўринишда камроқ фойдали микроэлементларга эга бўлгандек туюлади. Келинг, аслида ҳақиқат нимадалигини аниқлаймиз.

Жуда кўпчилик маҳсулотларнинг таъми ва сарҳиллигини сақлаб қолиш учун уларни музлатишга уринган, бироқ биринчи бўлиб ихтирочи Кларенс Бёрдсай (Clarence Birdseye) бунинг уддасидан чиқа олган. ХХ аср бошида у тутилган балиқларни музга жойлаштирган балиқчи-эскимосларни кузатган. Тутилган ўлжа –40 °C ҳароратда бир зумда музлаган. Бёрдсай тушлик вақтида музлатилган балиқнинг янги тутилганидан ҳеч фарқ этмаслигига эътибор қаратган ва бу ғояни ривожлантира бошлаган.

Бугунги кунда музлатишнинг бошқа усуллари ҳам қўлланилади. Масалан, сабзавотларга совуқ ишлов беришдан олдин улар қайноқ сувга ботирилади. Маҳсулот бундай ҳарорат ўзгаришида айрим фойдали жиҳатларини йўқотади. Бироқ, ёдда тутинг:

Янги узилган маҳсулотлар, ҳаттоки уларни ҳеч нарса қилмасангиз ҳам, барибир озуқавий моддаларининг бир қисмини йўқотади.

Масалан, яшил нўхат териб олинганидан сўнг 24-48 соат ичида С витаминининг қарийб ярмини йўқотади.

Али Бозари (Ali Bouzari) ва унинг Калифорния Университетидаги ҳамкасблари музлатилган ва янги узилган сабзавотлардаги озуқавий моддаларнинг миқдорини таққослаб кўрдилар, аммо ҳеч қандай сезиларли фарқ топа олмадилар. Масалан, музлатилган жўхори, қорағат ва кўзокли ловияда С витамини янги узилганларига нисбатан кўпроқ бўлиб чиқди. Шунингдек, музлатилган брокколида кўпроқ В2 витамини бўлади.

Яна бир тадқиқот доирасида олимлар янги узилган ва музлатилган маҳсулотлардаги тўқималар, магний, рух, темир ва кальций миқдорини таққослаб, барибир сезиларли фарқ аниқлай олмадилар.

Музлатиш камерасида сақланадиган музлатилган сабзавотлар ва мевалар барча витамин ва минералларни сақлаб қолади.

Аслида, озуқавий моддалар миқдори ҳақида қайғуришнинг ҳожати йўқ. Музлатилган ва янги узилган маҳсулотлар ўртасидаги асосий фарқ – уларнинг таъмида.