Маълум бўлишича, агар мунтазам равишда анор еб турилса, юрак соат каби ишлар, қарилик эса узоқ вақт қадам босмас экан. Мева бир-биридан юпқа парда билан ажралган кўп сонли донлардан иборат. Битта анорда уларнинг сони 700 тага етар экан. Табиатда анорнинг ўндан зиёд нави бор. Мевалар таъми ва рангига кўра фарқ қилади. Бироқ уларнинг барчаси витамин ва минералларга бой. Мана шу мақола орқали анорнинг 12 та фойдали хусусиятини билиб оласиз.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Анор организмни тўйинтирувчи моддалар билан таъминлайди

Анорда тахминан 15 турдаги аминокислота мавжуд бўлиб, уларнинг бештасини ўрнини ҳеч нима боса олмайди. Шунингдек, анор К, С, В9 ва В6 витаминларига ҳамда минералларга (калий, мис, фосфор) бой. Шу билан бир қаторда анор кам калорияли мева. Меванинг 100 грамми атиги 72 килокалория.

Навбатдаги сурат сизни турли тўйинтирувчи моддалар, витаминлар ва минераллар кундалик меъёрининг неча фоизи 100 грамм анорда бор экани билан таништиради.

Анорнинг фойдаси

Тўйинтирувчи моддалар Витаминлар Минераллар
Озиқавий тола 16%
Углеводлар 6%
Калорияси 4%
Оқсил 3%
К витамини Мис 8%
Калий 7%
Марганец 6%
Фосфор 4%

Анор юрак саломатлигини мустаҳкамлайди

Анор таркибида пуникалагин (Punicalagin) мавжуд. Бу модда эркин радикалларни нейтраллайди ва антиоксидантлик мақомини оширади. Организмга тушгач, у юракка ижобий таъсир кўрсатади.

Тиббиёт ходимлари берган маълумотларга кўра, анор таркибидаги пуникалагин ва бошқа антиоксидантлар томирлар деворларини мустаҳкамлайди ва “ёмон” холестерин даражасини (ЛПНП) пасайтиради. Бу атеросклеротик тошмаларнинг юзага келишига тўсқинлик қилади. Уйқу артерияси стенози билан оғриган беморларда ўтказилган тадқиқотлардан бирида уларга ҳар куни 30 миллилитр анор сувини ичиш таклиф этилди. Натижада шу нарса маълум бўлдики, иштирокчиларда атеросклеротик тошмаларнинг юзага келиш хавфи 30%га пасайган.

Анор артрознинг авж олишига тўсқинлик қилади

Артроз — бўғимларнинг энг кенг тарқалган касаллиги. Статистикага кўра, Ердаги аҳолининг 10% дан зиёди шу дардга чалинган экан. Артроз яллиғланиш ва ҳаракатланганда оғриқлар билан тавсифланади.

Анор суяклар ва бириктирувчи тўқималардаги моддалар алмашинувида муҳим аҳамиятга эга бўлган К витаминига бой. Хусусан, кальцийни сингишида қатнашади. Кейз Ғарбий Резерв университети Тиббиёт мактабининг илмий изланишлари натижаларига кўра: анор остеоартрозга олиб келувчи кемирчак (тоғай) тўқиманинг деформацияланишини секинлаштиради. Анор шарбати фитонутриентларга бой бўлиб, улар яллиғланишни йўқотади ва кемирчак тўқимадаги шишларни камайтиради.

Анор тишларни ҳам парваришлайди

Анор шарбати тишдаги карашларни йўқотишга ёрдам беради. Бундан ташқари, у микробларга ва вирусларга қарши хусусиятларга эга бўлиб, оғиз бўшлиғини бактериялардан тозалайди. Шу туфайли милк касалликларининг юзага келиш хавфи камаяди.

Анор саратондан ҳимоя қилади

Анор шарбатида эстроген синтезига тўсқинлик қилувчи ва янги пайдо бўладиган ёмон сифатли шишлар – эллаготанинларнинг ўсишини тўсувчи моддалар мавжуд. Америка Саратонни Тадқиқ қилиш уюшмаси журналида чоп этилган тадқиқотга мувофиқ, анорни мунтазам истеъмол қилиш сут бези саратони хавфини бир неча баробарга пасайтирар экан.

Олимлар анор экстрактининг простата саратонига таъсирини ҳам ўрганмоқдалар. Анор шарбати таркибида оксидланишга ва яллиғланишга қарши моддаларнинг юқори миқдори сабабли саратон ҳужайраларининг ўсишини секинлаштиради. Бундан ташқари, у ўпка онкологияси ривожланишини секинлаштиради, бу эса касалликка қарши самарали курашишга имкон беради, деган  асослар ҳам мавжуд.

Анор иммунитетни кўтаради

100 грамм анорда C витамини кундалик меъёрининг 21% мавжуд. Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, у кучли бактерияга қарши хусусиятларга эга. Анор организмни вируслардан ҳимоя қилган ҳолда, унинг иммун тизимини фаоллаштиради.

Иммунитетни мустаҳкамлаш учун битта анорнинг чорак қисмини ейиш кифоя қилар экан.

Анор овқат ҳазм бўлишини яхшилайди

Озиқавий толалар – бу организм томонидан ўзлаштирилмайдиган, бироқ ичаклардан барча қайта ишланган ортиқча нарсаларни чиқариб ташлашни таъминлаб берадиган элементлардир. Улар соғлом овқат ҳазмининг “двигатели” – ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Озиқавий толалар асосан, бошоқлиларда, шунингдек, баъзи меваларда ҳамда анорда бўлади. Агар сиз кунига 100 грамм анор истеъмол қиладиган бўлсангиз оpиқавий тола меъёрининг 16%ни оласиз – овқат ҳазм қилиш жараёни ва ич келиши меъёрлашади.

Бундан ташқари анор шарбати иштаҳани очади ва чанқовни қондиради.

Анор чандиқларни битишига ёрдам беради

Анор дони мойи эпидермис ҳужайраларининг тикланишини яхшилайди, шунингдек яраларнинг битишини тезлаштиради. У фибробласт – коллаген ва эластин учун жавобгар ҳужайраларга ҳамда ҳужайралар ўртасидаги моддалар синтезига таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, анор экстракти қуёшдан куйган терининг тикланишига ижобий таъсир этади.

Анор гемоглобинни оширади

Гемоглобин —бу таркибида темир тутган оқсил бўлиб, организм тўқималарига кислород етказиб берилишини таъминлайди. Гемоглобиннинг меъёрий даражаси эркакларда — 130−160 г/л, аёлларда — 120−150 г/л бўлади. Агар унинг даражаси бу кўрсаткичлардан кам бўлса, инсон кўнгил айнаш, бош айланиши, мадорсизликни ҳис қилади.

Анор қонда гемоглобин миқдорини оширади. Анор шарбати камқонликда кунига уч маҳал ярим стакандан буюрилади.

Анор соч тўкилишининг олдини олади

Сочлар тўкилиши сабабларидан бири темир танқислиги анемияси, яъни темир танқислиги туфайли гемоглобин синтезининг бузилиши ҳисобланади. Қон таркибида гемоглобин миқдорининг камайиши билан организмда кислород етишмаслиги сезилади. Кислород етишмаслигини эса биринчи бўлиб сочлар ва тирноқларимиз сезади.

Мунтазам равишда анорни истеъмол қилиш эса гемоглобин миқдорини меъёрига келтириш билан бир қаторда, соч илдизларини ҳам мустаҳкамлайди. Бу эса сочлар тўкилишининг олдини олади ва уларни ялтиратади.

Анор қандли диабетда ҳам тавсия этилади

Бошқа нисбатан ширин шарбатлардан фарқли равишда, анор шарбатини диабетда ҳам ичиш мумкин (фақат меъёрида). Унинг зарари йўқ, ҳатто фойдалидир. Сабаби анор шарбати сийдик ҳайдовчи таъсирга эга, бу эса диабетикларда касалликнинг дастлабки босқичларида тез-тез учраб турадиган шишларни камайтиради.

Бундан ташқари, диабет кўп ҳолларда урологик асоратларга олиб келади. Қовуқ инфекцияларидаги нохуш туйғуларни бартараф этиш учун асал қўшиб тайёрланган анор шарбати қўлланилади.

Бироқ, модда алмашинуви бузилган одамларга сотиб олинган анор шарбатини ичиш тавсия этилмайди, сабаби ишлаб чиқарувчилар унга шакар қўшадилар. Янги сиқиб шарбати олинган, озроқ сув қўшилган шарбатлар ёки оддий анор дони кўпроқ фойдалироқ ва хавфсизроқдир.

Анор ёшликни сақлайди

2006 йилда ўтказилган тадқиқотларга кўра, анор Альцгеймер касаллигининг авж олишига тўсқинлик қилар экан. Бу анор таркибида кўп миқдорда пуникалагин антиоксиданти мавжудлиги ҳисобига юз берар экан. Кейинроқ Хаддерсфилд университети (University of Huddersfield) олимлари ҳам мана шундай фикрга келдилар. Қуюлтирилган анор шарбатининг 3,4% пуникалагиндан иборат бўлиб, у ўз навбатида, бош миядаги яллиғланиш жараёнлари белгиларини камайтиради ва ёшга боғлиқ деменцияларни секинлаштиради.  

Шунингдек, анор экастракти тиббиётда anti-age қўшимча сифатида ҳам кўп қўлланилади. У терининг қариш жараёнини секинлаштиради, ажинларни камайтиради ва ёшга боғлиқ пигмент доғларининг юзага келишига тўсқинлик қилади.

Анор қандай танланади

Ўйлашимизча, кўпчилигимиз анорнинг фойдали хусусиятларидан руҳланган ҳолда уни харид қилиш учун дўконларга шошамиз. Бироз шошманг – биз сизга энг яхши анорни қандай танлашни ҳам айтиб ўтмоқчимиз.

Анор оғир бўлиши керак – кўринишига қараганда оғирроқ. Меванинг оғирлиги унинг серсувлигидан дарак беради. Териси қуруқ, доғлардан холи ва эзилмаган бўлиши керак. Агар унинг ичидан донлари сезилса, янада яхши.

Анор қанчалар қизил бўлса, шунчалик ширинроқ бўлади, деган фикр хато. Мазкур меванинг ранги унинг навига боғлиқ, пишиб етилганига эмас. Яхшиси унинг думига (гулчаси бўлган ерига) эътибор қаратиш лозим – у ерда яшил ранг учрамаслиги керак.