• 23
  • 1
  •  
  •  
  •  
    24
    Shares

XIX аср бошида инсоният онги паровозни ўйлаб топган ва шу асрнинг охиридаёқ ерости темир йўлларини ихтиро қилган. Эндиликда миллионлаб одамлар ҳар куни метродан фойдаланадилар.

Ҳар бир метро бир-бирига ўхшаш бўлишига қарамай, бекатларнинг тузилиши, сони ва безатилиши, ер ости ва ер усти йўлларининг кетма-кетлиги билан фарқ қилади.

Биз дунёдаги энг йирик ва ўзига хос метрополитенлардан ҳақида сўзлаймиз.

10. Мехико (Sistema de Transporte Colectivo Metro)

Мехикодаги метрополитеннинг биринчи йўли 1969-йилда очилган бўлиб, атиги бир нечта бекатдан иборат бўлган. Бугун эса у Лотин Америкаси давлатлари орасидаги энг катта метро ҳисобланиб, Шимолий Америка қитъасида ҳажми бўйича фақат Нью-Йорк метросига ён беради.

Мексика метросидаги 195та бекат 12та йўлга бирлаштирилган. Мехико метроси ҳар йили 1,5 миллиард одамни ташийди.

Мазкур метронинг ўзига хослиги шундаки, ҳаракатланувчи таркиб асосан шинада юради. Метронинг антиқа тузилиши шаҳарнинг тоғлар тизмасида жойлашгани билан боғлиқ. Ундаги 115та бекат ер остида, 55таси – ер юзаси билан бир даражада ва 25та бекат ер устида қурилган.

Кўплаб станцияларда ёзувлар билан бир қаторда одамлар, ҳайвонларнинг рамзлари, кўрсаткичлар чизилган. Бекатларнинг номлари ҳам шу образлардан келиб чиқади. Буларнинг бари Мехикодаги саводсиз аҳоли улкан метрополитенда осон йўналиш топиши учун қилинган.

Мехикодаги метрополитен бошқа метроларга нисбатан денгиз сатҳидан баландроқда жойлашган бўлиб, унинг баландлиги 2 340 метрдан иборат.

1967-йилда Мехикода метрополитен қурилиши чоғида Эекатль-Кецалькоатль шарафига қурилган ацтеклар ибодатхонаси топилган. Эндиликда йўловчилар “Пино Суарес” бекатида эҳром шаклида мазкур қадимий ибодатхонаси томоша қилишлари мумкин.

9. Москва (Москва метрополитени)

Эҳтимол, Москва метроси лойиҳани амалга ошириш давомийлиги бўйича жаҳон тарихидан ўрин олар, зеро ғоядан то метрополитеннинг биринчи йўлини ишга туширишгача 60 йил ўтган. Дастлабки ғоя 1875-йилда таклиф қилинган, аммо XIX аср охири ва ХХ аср бошларида Россия тарихида юз берган шиддатли воқеалар лойиҳа ҳаётга татбиқ этилишига тўсқинлик қилган. Фақатгина 1935-йилинг 15 майида 13та бекат ва 12та ҳаракатланувчи таркибдан иборат биринчи метро йўли очилган.

Бугун 230та бекат ва 15та йўлдан ташкил топган Москва метрополитени нафақат Россия мегаполиси, балки Москва вилоятининг бир қисмини ҳам қамраб олган. Ҳар йили метро поездлари 2,5 миллиард йўловчини манзилига етказиб қўяди. Сўнгги йилларда метро кенгайиб, янги бекатлар ва платформалар очилмоқда. 2016-йилнинг сентябрь ойида Москва Марказий ҳалқаси бўйлаб қатнов йўлга қўйилди. Бу қатнов ҳам ҳудди ҳалқа йўли каби, аммо каттароқ радиусда айлана бўйлаб ўтган йўлларни бирлаштирди.

Москва метрополитени тизимида 5та метро кўприги қурилган. Шу боис Москва кўрсаткичлари бўйича фақат Париждан ортда қолади. Архитектураси бўйича Москвада дунёдаги энг гўзал метрополитенлардан бири жойлашган.

Москва метрополитени расман Владимир Ленин номида қолган. Совет даври охиридан буён уни қайта номлаш борасида ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган.

8. Лондон (London Underground)

1818-йилда мухандис Марк Брюнель ер юзаси остидаги юмшоқ тупроқ орасидан туннеллар қазиш имконини берадиган механизмни ихтиро қилган. Бу ихтиро ер остидаги темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишга туртки бўлган.

Лондондаги “Метрополитен рейлуэй” метросининг биринчи йўли 1863-йилнинг 10 январида буғда ишлайдиган биринчи поездни қатновга юборган. Атиги 6 км узунликка қарамай, бу инсон онгининг тараққиёти эди. Шу тариқа, Лондон метроси дунёдаги биринчи ва энг эски метро ҳисобланади.

Тарих ўша дастлабки бекатлар ва поездлар қатнаган таркибларни фақат суратларда сақлаб қолган.

Бугун Лондон метрополитени 270та бекат ва 11та йўлдан иборат энг замонавий тизимдир.

Аслида йўллар сони 12та бўлган, аммо реконструкциядан кейин йўллардан бири Лондон ер усти йўлининг бир қисмига айланган.

Лондон метросини замонавий ривожлантиришга оид ноёб лойиҳалардан бири “Метрополитенда санъат” дастурининг амалга оширилиши бўлди. Бекатлардаги реклама воситалари жаҳон рассомлик санъати дурдоналарининг нусхалари билан безатилган, платформалар ва вагонларда эса машҳур актёрлар ўтмишдаги ва замонавий шеърлар ва достонларни ўқийдилар.

7. Токио (Тикатэцу)

Япония пойтахтининг метроси бутун дунёга унда мавжуд “осий” лавозими билан машҳур бўлса керак. Бу одамлар платформада навбатчилик қилиб, йўловчиларни бемалол омма ичига итариб, вагонга киришларига ёрдам берадилар.

Бундай лавозимнинг жорий қилиниши ўзини оқлайди, чунки йилига 3 , 218 миллиард одамни ташувчи Токио метроси йўловчилар оқими бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Токио метросидаги “Синдзюку” бекати дунёдаги энг одам кўп ва катта бекатлардан бири ҳисобланади.

Токио шаҳридаги метронинг биринчи йўли 1927-йил тугаши арафасида очилган ва атиги иккита бекатни туташтирган.

Ҳозирда метрополитен – давлат ва хусусий компания ўртасида бўлинган 285та бекат тизимидир. 9та йўлдаги 179та бекат хусусий компания томонидан бошқарилади, қолган 4та йўлдаги 106та бекат эса давлатга тегишли. Қизиғи, чипталар нархидаги фарқ жуда кам – “хусусийники” бир иенага кўпроқ.

Токиодаги метро турли ўлчамларга эга учта из қўлланилиши билан дунёдаги бошқа метролардан ажралиб туради. Биронта ҳам бекатда хавфсизлик чуқури йўқ.

6. Париж (Metro de Paris)

Париж ер ости темир йўли туфайли бутун дунё “метрополитен” ҳамда унинг қисқартмаси бўлган “метро” сўзларини билиб олди.

Париж метрополитени тизими бутун Парижни ва Европа мегаполиси атрофидаги ҳудудларни қамраб олган. Париж метросининг қурилишига шаҳар тузилиши катта таъсир кўрсатган. Европадаги энг қадимий шаҳарларидан бири кўплаб ер ости коммуникациялари, подволлар, омборхоналарга эга бўлган. Шунинг учун дастлабки йўллар қатъий равишда шаҳар йўллари остида қурилган ва платформалар тор бўлган.

Париждаги метро 1900-йилда очилган. Ҳудди Эйфель минораси билан боғлиқ анъанага кўра, метро Бутунжаҳон кўргазмасида очилган.

Ҳозирда Париж метрополитени 14та узун ва иккита қисқа боши берк йўлдан ташкил топган. Йўлларнинг узунлиги 220 км бўлиб, уларда 303та бекат, жумладан 62та ўтиш бекати жойлашган.

5. Пекин (Běijīng Dìtiě)

Пекин метроси давомийлиги билан кишини ҳайратга солади. Ер юзидаги энг катта шаҳарлардан биридаги метронинг узунлиги бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. У 527 км узунлиги билан фақат Шанхай метрополитенидан ортда қолади.

Пекин метрополитенига 1969-йилда асос солинган. Бироқ, 1976-йилгача метродан фақат ҳарбийлар ҳамда Хитой ҳукуматининг махсус рухсатномасига эга бўлган одамлар фойдаланганлар. Маданий инқилоб юз берган йилларда метро узоқ вақт давомида ишламаган.

Ҳозирда бу кўп тармоқли тизим 14та шаҳар ва 8та шаҳар атрофидаги ҳудудларга олиб борувчи йўллардан ташкил топган.

Хитойлик мутахассислар метрода нафақат ҳаракатланувчи таркибда, балки безаклар ва ёритишда ҳам энг илғор технологияларни қўллайдилар. Бугунги кунда бу дунёдаги энг тоза ва ёрқин метролардан бири. Аксарият хитойликлар бекатларни безатишда бошқа давлатлардан нусха кўчирганлар.

Хитой пойтахтининг метроси тирбандлик соатларида 10 миллионгача одамни ташиши мумкин ва бу жаҳон рекорди саналади.

4. Мадрид (Metro de Madrid)

Мадрид метрополитенининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, испанияликлар трамвай йўлларини ҳам метро ҳисобига қўшадилар. Уларнинг фикрича, трамвай енгил, ер усти метроси бўлиб, унда 8та ер ости бекати ҳам мавжуд.

Испания пойтахтида метро 1919-йилда ишга туширилган. Биринчи жаҳон урушида иштирок этмаган Испания ички ривожланишга эътибор қаратган.

Метронинг узунлиги 320 км бўлиб, мазкур узун тизим 13та ер ости ва 3та енгил трамвай йўлларини қамраб олган. Ушбу йўлларда 326та қулай бекатлар жойлашган.

Мадрид метрополитенида дунёда биринчи бўлиб ҳалқали йўллар тизими қўлланилган бўлиб, бу чеккадаги ҳудудларни ўзаро бирлаштириш масаласини анча енгиллаштирган.

Испан метроси тарихига оид қизиқарли фактга кўра, “Чамбери” бекати 1966-йилда қайта қурилиш учун ёпилган. Лекин, кейинроқ яқин орада бошқа катта бекат бўлгани боис уни очмасликка қарор қилганлар.

Шунга қарамай, бекат 2008-йилда музей-бекат сифатида очилган. У ёпиқ бўлган даврда “арвоҳ-бекат” деб номланган.

3. Шанхай (Shànghǎi Dìtiě)

Шанхай метроси йўлларининг узунлиги бўйича биринчи ўринда туради. Метрополитен тизимининг жами давомийлиги 500 км.дан ошади. Шанхай метрополитени ҳам тезкор ривожланаётган транспорт тизими сифатида дунёда етакчи ўринни эгаллайди.

Яқинда, 1993-йилда очилган Шанхай метроси бугунги кунда 16та йўлдан иборат бўлиб, яна 5та йўл қурилмоқда. Қўшимча йўллар метро узунлигини тахминан 220 км.га чўзади.

Метронинг ўзига хос жиҳати қатнов учун нарх масофага қараб белгиланганлигидадир. Электр токи дунёдаги кўплаб метрополитенларда бўлганидек пастки эмас, устки томонидан узатилади.

Хитой шаҳарларида аҳоли жуда зич бўлгани боис, метрода катта юкланиш кузатилади. Шанхай метросида тирбандлик соатларида йўловчилар сони 7 миллионга етиши мумкин. Бундай вақтда одамлар вагонларга узоқ вақт чиқишлари туфайли поездлар жадвалдан четламаслиги учун токиолик “итарувчилар” тажрибаси қўлланилади.

Метро тўртта хусусий компания томонидан бошқарилади, аммо эгаси битта. Шанхай метроси кенг ва тоза. Уни қуришда рус ва япон метро қурувчиларининг тажрибаси қўлланилган.

2. Сеул (Соуль тоси чхольт)

Сеул метрополитени бошқа тилда талаффуз қилинганда бироз ғалати эшитилади – “Соуль тоси чхольто”. Бироқ, бу дунёдаги энг кўп йўловчига эга метролардан бири. Йилига Корея пойтахти метросининг турникетлари ва вагонларидан 2,5 миллиарддан ортиқ одам ўтади.

1974-йилнинг 15 августида очилган Сеул метроси 9та йўл ва 311та бекатдан иборат. Бу метро битта йўлининг узунлиги бўйича жаҳон биринчилигини сақлаб турибди. 5-сон йўл 52 километрга чўзилган.

Сеул метросининг яна бир ўзига хослиги шундаки, у фақат ер остида қатнайди ва ер устида биронта ҳам бекат йўқ.

Қизиғи, шаҳар четидаги йўллар шаҳар ичидаги йўлларга нисбатан 120 мингга кўпроқ одамга хизмат кўрсатади. 1988-йилда ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинлари транспорт тизимининг ривожланишига катта туртки бўлган.

1. Нью-Йорк (New York City Subway)

Мана ер ости йўллари бўйлаб дунёдаги энг катта метрополитенга ҳам етиб келдик. Тасаввур қилиш қийин, аммо Нью-Йорк метрополитени тизими 34та йўлга бириктирилган 468та платформадан иборат.

Метронинг умумий масофаси 1355 километрни ташкил қилади.

Нью-Йорк ер ости йўлининг тарихи узоқ 1868-йилга бориб тақалади. Бу даврда шаҳар бўйлаб ўтган канатларда эстакададаги яккалик вагонлар қатнови бошланган. 1890-йилда вагонлар электр токи ёрдамида ҳаракатлана бошлаган.

Аҳоли бошига автомобиллар сони бўйича энг катта кўрсаткичга қарамай, мазкур Америка шаҳрида метро анча оммалашган. Кунига метрополитендан тахминан 4 миллион одам фойдаланади.

Йўловчиларга енгиллик яратиш мақсадида, бекатлар ер устида жойлашган объектларнинг номи билан аталган. Бироқ, Нью-Йоркда бир хил номли кўчалар кўплиги туфайли, бекат номи ёнига йўл рақами ҳам қўшилади.

Метрополитенда ўзига хос “Эссекс-стрит” бекати мавжуд бўлиб, у ташландиқ трамвай депоси ёнидан ўтади. Платформада тушиб қолган жетонлар ёки майда чақаларни тераётган болалар, устунларга тирмашаётган ёки егулик сўраётган ҳайвонлар кўринишидаги ҳайкаллар ўрнатилган.

Нью-Йорк метроси яна бир кўрсаткич бўйича рекорд ўрнатган. “Тўққизинчи кўча” бекати ер устидан 27 метр баландликда жойлашган. Бу бекат учун иккита антиқа платформа ва шаҳарга чиқувчи эскалатор қурилган.

Метрополитен сўзининг тўғридан-тўғри таржимаси “пойтахт темир йўли” деган маънони англатади. Бироқ, ер ости йўли аллақачон пойтахт сарҳадларидан чиқиб кетган.

Бонус

Собиқ Совет иттифоқида аҳоли сони 1 миллиондан ортадиган шаҳарларда метро қуриш дастури бўлган.

Санкт-Петербургдаги метро бекати, Россия
Киевдаги метро бекати, Украина
Еревандаги метро бекати, Арманистон
Бакудаги метро бекати, Озарбайжон
Тбилисидаги метро бекати, Грузия
Минскдаги метро бекати, Беларусь
Алматыдаги метро бекати, Қозоғистон

Аксарият давлатларда метро ҳарбий объектлар сифатида лойиҳалаштирилган. Москва, Ленинград, Нью-Йорк метроларидан “совуқ уруш” даврида ядровий уруш юз берган тақдирда бомбадан сақланиш жойлари сифатида фойдаланиш мумкин бўлган.

Тошкентдаги «Космонавтлар» бекати (Энг гўзал!)

Нима бўлганда ҳам, бу жуда қулай ва арзон транспорт тури. Биргина камчилик – агар шаҳарни томоша қилиш учун келган бўлсангиз, метро ер усти транспорти каби таассуротларни бермайди. Бироқ, Москва, Тошкент, Пекин ёки Стокгольмдаги метролар ўз ҳолича санъат асарлари ҳисобланади. Уларнинг архитектураси ва безаклари ҳашамати ва гўзаллиги билан ҳайратга солади. Шу билан энг катта метрополитенлар ҳақидаги рейтингимиз ниҳоясига етди.


Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!