Ота-оналар икки жамоага бўлиндилар. Бирлари болаларни тинч қўйишни ва уларга ташвишсиз ўйинлар билан болаликни қайтаришни талаб қилмоқда. Бошқалари эса болакайлар энди юриши билан улар билан шуғулланишни бошлаб юбормоқда. Келинг, улардан қай бири ҳақлигини текшириб кўрамиз.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

ФОЙДАЛИ ТОМОНЛАРИ

Бола билан мулоқот

Машғулотлар, ўйинлар ва дарслар қандай бўлишидан қатъий назар, сиз бирга шуғулланасиз. Ота ва она фарзанди билан қизиқарли ниманидир устида вақт ўтказади. Сиз ёнма-ён ўтирасиз, куласиз… Ота-она билан ўзаро мулоқот боланинг тўғри руҳий ривожланиши учун жуда муҳим.

Янги маълумот

Бола машғулотлар чоғида кўплаб янги ва қизиқ нарсаларни ўрганади. Албатта, у ҳар қандай ҳолатда ҳам айиқ нима эканлигини ва тулки қандай кўринишини тушуниб етади. Бироқ, ривожлантирувчи, масалан карточкали ва ҳайвонларнинг суратлари бор китоблар ёрдамида бола айиқ ва тулкининг суратларда эмас, балки аслида қандай бўлишини билиб олади.

Мия ривожланиши

Ривожлантирувчи машғулотлар давомида Сиз болани ўқишга ўргатасиз. Эрта болаликда мия ҳамма нарсани дарҳол ёдда олиб қолгани боис, бола ортиқча ғайратсиз машқ қилади. Лекин мактабда у анча осон ўқийди, чунки мия ишлаш, эслаб қолиш, ўқишга аллақачон кўниккан бўлади.

Фойдали кўникмаларга эга бўлиш

Эрта ривожлантириш – бу ҳисоблашни ўргатиш эмас. Бу келажакда ҳисоблашга ёрдам берадиган мантиқ, фикрлаш, кўникмани ривожлантиришдир. Бу келгуси таълим учун асосни тайёрлаш. Ҳарфларни яхши таниган бола учун ўқишни ўрганиш осонроқ. Тўғри чизиқлар ва доираларни чизишни билган болага ёзишни ўрганиш қийин эмас. Ўқиш бошланишига қанча яхши тайёргарлик кўрсангиз, фарзандингизнинг ўқиши шунча енгиллашади.

Диққатни йўналтириш қобилияти 

Эрта ривожлантириш машқ қилишга ўргатади. Ҳозиргина югурган, сакраган, мультфильм томоша қилган болакайга бирдан югуриш ва сакрашни таъқиқлаб, стол олдида ўтириб, диққат билан тинглашга мажбурлаш мумкин эмас. Қисқа бўлса-да, мунтазам енгилроқ машғулотлар болакайни сабрли бўлишга ўргатади.

Ўзини баҳолашнинг ошиши

Ҳаммага ҳам мақтов керак. Фарзанди билан шуғулланаётган она ўзини яхши ҳис қилади. Бола эса оддий ва қизиқарли вазифаларни бажариб, онасидан мақтов эшитади, маъқуллашини кўради ва бу ўзини баҳолаши учун жуда муҳимдир.

Истеъдодларнинг намоён бўлиши

Болалар билан ўтказиладиган машғулотлар болани нима қизиқтиришини тушуниш ва у ёки бу нарсаларга унинг мойиллигини аниқлашга ёрдам беради. Балки у катта қизиқиш билан сурат чизар, ҳисоблаш машқларини яхши кўрар, воқеалар сўзлашни ёқтирар…. Сиз доҳийингиз ҳақда кўп нарсаларни билиб оласиз ва эҳтимол, у учун келажакда керакли йўналишни танлайсиз.

ЗАРАРЛИ ТОМОНЛАРИ

Ота-оналар ишқибоз бўлиб қолади

Эрта ривожлантириш улар учун мақсадга айланади. Энг ачинарлиси, бунда боланинг ҳеч қандай даҳли бўлмайди. Бу энди ота ёки онанинг мақсади – у нималар қила олишини кўрсатиши ва исботлаши керак, ахир унинг фарзанди шу қадар ривожланган. Келинг, бу ишларни ким учун қилаётганимизни унутмайлик. Аввало, бу пойга эмас мулоқотдир.

Машғулотлар куч талаб этади

Бола билан шуғулланиш – мураккаб иш. Шусиз ҳам бор вақтини фарзандига сарфлайдиган  она ўзи ҳақида умуман унутиб қўйиши мумкин. Муҳими, эрта ривожлантириш қувонарли бўлиши кераклигини ёдда тутинг.

Боланинг қизиқишлари ҳисобга олинмайди

Ота-оналар эрта ривожлантиришни мақсад қилиб, бола ҳақида унутадилар. Улар китобларни ўқиб, услубларни ўрганадилар, аммо фарзандлари нимани исташига эътибор қаратмайдилар. Франциялик машҳур услубиётчи ва болаларни эрта ривожлантириш устаси Сесиль Лупаннинг айтишича, бола билан шуғулланишла энг муҳим нарса – бу унинг қизиқиши. Уни нима қизиқтиради? У нима ҳақида сўрайди? Кўпроқ қайси ўқинларни ўйнашди ёқтиради? Зинҳор «керак»дан бошлаб, «истамайман» орқали эмас, балки айнан унинг қизиқишлари ҳақида ўйлаб, ишни шундан бошлаш керак.

Машғулотларга тайёр бўлмаслик

Эрта ривожлантириш мухлислари баъзида фарзандлари бунга тайёр эмаслигини сезмайдилар. Организм (ҳам мия, ҳам бармоқчалар) ўқишга ва кўникмани ўзлаштиришга тайёр бўлиши керак. Машғулотларда ўзининг мақтаниш истагига, фарзанди доҳий эканлигига эмас, балки боланинг тайёрлигига эътибор бериш зарур. Агар бола тайёр бўлмай, Сиз эса ундан текис чизиқ ва овозни чиқариб ўқишни кутаётган бўлсангиз, у Сиздан мақтов эмас, балки танбеҳлар эшитиб, ишончсизликни кўради. Кичкина бола учун бу даҳшатли тушга айланади ва ўзига бўлган ишончни чил-парчин қилади.

Ўқишни истамаслик

Тушунарсиз машғулотлар, катта одамнинг босими, ёшга мос бўлмаган ривожланиш – буларнинг барчаси салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Кичкинтой қиёналади, қизиқмайди, дарсларингиз у учун қийноққа айланиб, ўқиш – бу даҳшат қабилидаги фикр пайдо бўлади. Кейин нима бўлади, нима деб ўйлайсиз? Кейин эса – ҳар доимги «мактабга бормаймааааан!»

Хулоса ўрнида

Биз барча фойдали ва зарарли томонларни санаб чиқдик. Ва, тушундикки, ҳеч қандай зарар мавжуд эмас. Тўғри тушунилса ва мамнуният билан шуғулланилса, эрта ривожлантиришнинг зарарли томонлари бўлмайди.

Ота-оналар машғулотлар туфайли болалар билан кўпроқ вақт ўтказади, болалар муҳим ҳаёт кўникмаларини ривожлантиради ва ўзига бўлган ишончи янада ошади. Лекин, бўрттириб юбориш ҳавфи мавжуд: мураккаб машқларни бериш, кўп нарса талаб қилиш. Бироқ, бу ота-оналардаги муаммо. Унутманг, ривожлантирувчи машғулотларда ўйин ва мамнунлик муҳим. Шунда фарзандингиз барининг уддасидан чиқади.