•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Грин Карта ўзи нима?

“Green Card лотереяси” сифатида маълум бўлган Diversity Immigrant Visa дастури АҚШ ҳукумати томондан ушбу мамлакатга муҳожирлик даражаси паст бўлган давлатлар учун ишлаб чиқилган. Тақдим этиладиган визаларнинг умумий сони йилига 50 мингтани ташкил қилади. Улар лотерея ёрдамида танланади, лотереяда рўйхатдан ўтиш эса фақат АҚШ ҳукуматининг сайтида амалга оширилади.

Анкеталар октябрь-ноябрь ойларида қабул қилинадиган Green Card лотереяси тўғрисида АҚШга бориш йўлини анча қийинлаштирадиган кўплаб миш-мишлар мавжуд.

Бир неча йил аввал АҚШда доимий яшаш жойига кўчиб ўтган Флорида штатида яшовчи шахс одамларнинг грин-карталарга оид ўйлаб топилган фактлар сабабли имкониятни бой беришлари ёки ортиқча нарсаларни тасаввур қилганлари учун орзулари ва қўлдан кетган имкониятлар борасида ҳафа бўлишлари ҳақида сўзлаб берди.

У ва бошқа кўплаб ватандошлар билан суҳбатлашгач, Lifehaq.uz Ўзбекистонда анча кенг оммалашган ёлғон миш-мишлар ва уйдирмалар рўйхатини тузиб чиқди. Энди сиз бу ҳақиқатларни билгач, ўзингизни турли ёлғонлардан ҳимоя қила оласиз.

1. Green Card лотереясини турли сайтлардаги турли хизматлар орқали юбориш мумкин

Кўпинча “Яшил карта” (green card) лотереясида иштирок этиш учун гўёки анкета юбориш мумкин бўлган турли сайтлар одамларни адаштиради. Сиз тармоқда мустақил рўйхатдан ўтиш имкониятини қидирганда излаш тизимларида “яшил карта” атамасини ёзасиз ва бу сизга кутилган натижани бермайди. Лотереянинг ҳақиқий номи – Diversity Visa Lottery (DV Lottery) бўлиб, муҳожирлар учун визалар лотереяси ёки диверсификация лотереяси сифатида таржима қилинади.

Интернетда расмий анкета топшириш мумкин бўлган ягона жой, бу – Америка ҳукуматининг https://www.dvlottery.state.gov сайти. Қолган сайтлар эса – қўшимча манбалар, яъни тўғри тўлдириш бўйича ўз хизматларини таклиф қиладиган воситачилардир.

2. Лотереяда “яшил карта”нинг ўзи ўйналади

Сиз лотерея ғолиби сифатида АҚШ диверсификация муҳожирлик визасини олиш учун номзодга айланасиз. Агар зарур босқичлардан ўтгач (энг муҳими – элчихонада суҳбатдан ўтиш), ушбу визани олсангиз, фақатгина АҚШга келгандан сўнг халқ орасида “яшил карта” деб номланувчи доимий яшаш гувоҳномасига эга бўласиз.

3. Иштирокчи анкетасини почта орқали жўнатиш мумкин

20 йил аввал анкеталар почта орқали қабул қилинган. Бугунги кунга келиб ҳужжатларни электрон шаклда ва фақатгина онлайн-анкета тўлдириладиган https://www.dvlottery.state.gov/ ҳукумат портали орқали топшириш мумкин.

4. Рўйхатдан исталган вақтда ўтиш мумкин

Рўйхатдан ўтиш электрон тизими барча фойдаланувчилар учун очиқ бўладиган маълум вақт белгиланган – октябрнинг бошидан ноябрь бошигача. Аниқ саналар ҳукуматнинг расмий сайтида кўрсатилади ва улар ҳар йили ўзгариб туради.

5. Агар ғолиб бўлсангиз, АҚШга виза олишингиз кафолатланган

Визани олиш учун зарур ҳужжатларни тўплаш ва расмийлаштириш, шунингдек америкалик консул билан суҳбатдан ўтиш керак. Агар рўйхатдан ўтиш чоғида қоидалар бузилганлиги аниқланса, анкета бекор қилиниши мумкин. Шунингдек, элчихонадаги суҳбат давомида юзага келган номақбул ҳолатлар визани олишингизга тўсқинлик қилиши мумкин.

Бундан ташқари, муҳожирлар учун визалар дастури бўйича йилига 50 000та виза ажратилади, танланган анкеталар сони эса доим кўпроқ бўлади. Дастлаб танлаб олинган 50 000 номзоднинг ҳаммаси ҳам виза олмаслиги ёки виза олиш учун мурожаат қилмаслиги эътиборга олинади, шу боис барча ажратилган визаларни топшириш учун “захира” ғолиблари ҳам танланади. Шу билан бирга, бу ҳолат лотерея ўйналганидан сўнг анкеталари танлаб олинган барча номзодларга виза етмай қолишини ҳам англатади.

6. Грин-картани расмийлаштириш учун воситачига мурожаат қилсангиз, тўловни амалга оширишингиз керак ва грин-карта кафолатланади

Сиз грин-карта лотереясида танлаб олинганингиз уни олишингизни АНГЛАТМАЙДИ. Лотереяда ютганингиздан кейин АҚШ элчихонасида суҳбатдан ўтишингизга тўғри келади ва ҳеч бир агентлик бу суҳбатдан муваффақиятли ўтишингизга кафолат бера ОЛМАЙДИ.

7. Ғолиблар йилига бир марта танланади

Баъзан АҚШ элчихонасида махсус қўшимча ўйин ўтказилади, бу ҳақда уларнинг сайтидан билиб олиш мумкин.

8. Лотереяда қатнашиш учун пул тўлаш керак

Лотереяда иштирок этиш мутлақо бепул. Кейинчалик омадли чиптани қўлга киритсангиз ва жараённи давом эттиришга, яъни визани олиш учун анкета топширишга қарор қилсангиз ҳаражатлар пайдо бўлади. Бунда, элчихонадаги консуллик йиғимини ва айрим бошқа хизматлар учун тўлаш керак.

9. Ғолиблар аниқ мезонлар бўйича танланади

Ютуқли анкеталар лотерея тамойили бўйича компьютер томонидан тасодифий тарзда танланади. Бироқ, визалар олтита географик ҳудуд ўртасида тақсимланади ва мамлакатларнинг ҳеч бири муҳожирлар учун ҳар йилги умумий визалар сонининг 7 фоиздан ортиғига ва 3500 донадан кўпига умид қилмасалар ҳам бўлади. Бундан ташқари, лотереяда иштирок этишни истаганлар учун маълум талаблар мавжуд. Масалан, минимал таълим даражаси. Агар сиз талабларга жавоб бермасангиз, анкетангиз бекор қилинади.

2019 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун берилган визалар сони 1743тани ташкил этган.

10. Ўзбекистонда яшовчи исталган одам иштирок этиш учун анкета бериши мумкин

Лотереяда иштирок этишнинг асосий мезонларидан бири яшаш жойи ёки фуқаролик эмас, балки туғилган жойидир. Агар Ўзбекистонда туғилмаган бўлсангиз, туғилган мамлакатингиз лотереяда иштирок этиши мумкинлигини текшириб кўришингиз керак. Агар жавоб салбий бўлса, бошқа иккита имконият бор:

  • тегишли бандда эрингиз / хотинингиз туғилган мамлакатни кўрсатиш, агар улар лотереяда иштирок этишга рухсат берилган мамлакатларда туғилган бўлсалар (бунда, ғолиб бўлган тақдирингизда сизнинг эрингиз / хотинингиз ҳам бир вақтнинг ўзида виза олиб, АҚШга кетишлари керак бўлади);
  • ота-онангиздан бири туғилган мамлакатни танлаш, агар ота-онангиздан бири сиз туғилган давлатда туғилмаган бўлиб, сиз туғилган вақтда у ерда доимий яшамаган бўлса.

11. АҚШда бўлган ўзбекистонликлар дастурда иштирок этиши мумкин эмас

Мурожаатчи ҳам АҚШда, ҳам бошқа давлатда бўлиши мумкин ва бу ҳолат унинг анкета юборишига тўсқинлик қилмайди. Бунда асосий аҳамият туғилган жойга боғлиқ. Қўшма Штатлар ҳудудида бўлган лотерея иштирокчилари ғолиб бўлган тақдирда, улар АҚШ муҳожирлик ва фуқаролик хизматида жорий мақомларини доимий яшовчи мақомига ўзгартиришлари мумкин (агар бу Муҳожирлик ва фуқаролик тўғрисидаги актнинг (INA) 245-бўлимига зид бўлмаса).

12. Иштирок этиш учун фақат битта анкета бериш мумкин ва барчанинг имкони тенг

Унчалик тўғри эмас. Ҳақиқатдан ҳам, муҳожирлик қонуни ҳар даврда фақат битта анкета топширишга рухсат беради ва ўз номидан бир нечта анкета юборган номзодлар чатлатилади. Бироқ, айрим вазиятларда ғалабага иккита ёки учта имконият бўлиши мумкин.

Масалан, турмуш қурган бўлсангиз, эр-хотиннинг ҳар бири (уларнинг иккаласи ҳам муҳожирлар учун белгиланган талабларга жавоб бера олиши шарти билан) алоҳида анкета юбориши мумкин. Ҳар бир аризада жуфтингизни кўрсатасиз ва иккингиздан бирингиз ғолиб бўлган тақдирда, иккалангиз ҳам виза олишга ҳақли бўласиз. Фарзандлар билан шу каби ҳолат бўлиши мумкин: улар ота-онанинг алоҳида аризаларида кўрсатилиши мумкин (шарт).

21 ёшга тўлиш арафасида бўлган фарзандлар билан боғлиқ қизиқ ҳолат мавжуд. Агар улар ҳали турмуш қурмаган бўлсалар, ота-онасининг иккови томонидан кўрсатилиши мумкин. Бундан ташқари, ҳозирда улар дастурнинг таълим ёки касбий тайёрлов бўйича талабларига жавоб берсалар, шахсий анкеталарини ҳам беришлари мумкин. Шу тариқа, уларнинг ғолиб бўлиши имконияти уч карра ортади.

13. Анкетани “профессионаллар” тўлдиргани маъқул

Кўпинча ушбу масалада махсус агентликлар, фирмалар ёки шахсий маслаҳатчиларга мурожаат қилиш орқали ўзингизга зарар келтирасиз. Бундай қадам ортида яширинган асосий хавфлар қуйидагилардир:

  • анкетани тўлдиришдаги хатолар, четлатишга сабаб бўлади;
  • кейинги йилларда сизга доир маълумотлардан фойдаланиш имконияти. Агар агентлик кейинроқ сизнинг номингиздан анкета беришга қарор қилсаю, сизнинг бундан хабарингиз бўлмаса, биттадан ортиқ анкета топширганлик учун четлатилишингиз мумкин. Бундан ташқари, агар фирма буни сизга хабар бермасдан қилса, унинг вакиллари эскирган маълумотни киритадилар. Агар бир йил давомида уйланишга, ажрашишга ёки фарзандли бўлишга улгурган бўлсангизу, бу ўзгаришлар анкетада акс эттирилмаса, визани олиш имконияти нолга тенг бўлади;
  • охир-оқибат, фирмалар кўпинча рўйхатдан ўтгандан сўнг олинган тасдиқлаш рақамини иштирокчидан сир тутадилар. Бу рақамсиз ғолиб бўлганингизни била олмайсиз ва визани олиш жараёнини бошлай олмайсиз. Шу тариқа, агентликлар мижозларни ўзларига тобе қилиб қўядилар ва уларнинг ўз қоидалари бўйича ўйнашга мажбур қиладилар.

14. Компанияга 1000 ёки кўпроқ доллар бериш тўғри, чунки бу визани олишга ёрдам беради

Ҳозирда Сизга воситачи-фирма сифатида АҚШга грин-картани ютишга гўёки ёрдам беришни таклиф қиладиган ўзбекистонликларни алдайдиган қатор компаниялар ёки сохта маслаҳатчилар жуда кўп. Мазкур компанияларнинг гўёки “бепул” хизматларини рўйхатдан ўтказишда, сиз ўзингиз тушунмаган ҳолда, лотереяда ютган тақдирда компания шартномаси бўйича 1000 ёки ундан ортиқ доллар тўлашингиз керак бўладиган битимларга имзо чекасиз. Агар тўлашдан бош тортсангиз, улар муҳожирлик жараёнини давом эттира олишингиз учун тасдиқлаш рақамини сизга бермайдилар.

Аслида, виза учун рўйхатдан ўтиш тартиби оддий, бепул ва уни уйдан чиқмай, учинчи томоннинг ёрдамисиз амалга ошириш мумкин. Қайтарамиз, рўйхатдан ўтиш фақат dvlottery.state.gov сайтида амалга оширилади.

Агентлар сизни ўзларига оғдириш учун қуйидагича ҳийлаларни қўллайдилар: “Биз Америкага чиптанинг қийматини тўлаб берамиз”, “АҚШда сизга иш топамиз”, “Фақат ютсангиз пул тўлайсиз”. Бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон. Бундай компаниялар ишончли ижро этиладиган реклама эълонларига киритиладиган маркетинг усулларидан фойдаланган ҳолда, сизни чалғитадилар.

Аслида, ана шу “улкан ёрдам” нимадан иборатлигини биласизми? АҚШ Давлат департаменти сайтида оддий шаклни тўлдиришда. Натижада, улар ЎЗИНГИЗ 5 дақиқа ичида бажара оладиган онлайн режимда бир нечта оддий саволга жавоб берадилар. Сўнгра, рақамингиз ҳақиқатдан ҳам лотереяда танланса, сизга тасдиқлаш рақамини беришдан аввал компаниялар 900 евродан 1100 еврогача пул тўлашни талаб қиладилар.

АҚШ Давлат департаменти барча иштирокчиларни диверсификация виза лотереяси жараёнига ҳеч кимни аралаштирмасликка чақиради.

15. Анкетани тўлдириш учун АҚШ ҳақида кўп нарсаларни билиш ва жуда ақлли одам бўлиш керак

Йўқ, бу нотўғри. Шунчаки инглиз тилидаги ахборотни ўқиб, сизга тегишли маълумотларни тўғри кирита оладиган одамни топиш керак. Эҳтимол бу одам хизматлари учун пул сўрар. Агар пулингиз бўлмаса ёки учинчи шахсларга пул беришни истамасангиз, интернетдан тилни билмасдан анкетани тўғри тўлдириш борасида кўплаб маълумот топиш мумкин. Унутманг, анкетани тўлдириш маълум мавзуда аниқ билимларни талаб қилмайди ва ақлий қобилиятни синовдан ўтказмайди.

16. Маълумотларни муваффақиятли юбора оладиган махсус жойлар (агентликлар) бор ва улар статистика бўйича кўпроқ ижобий жавоб оладилар

Бу гап ҳам нотўғри. Бу энг кенг тарқалган уйдирмалардан бири. Дунёнинг қайси нуқтасидан (Ойдан бўлиши ҳам мумкин) юборишингиз муҳим эмас, бу ҳолат натижага ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Гап шундаки, барча тўлдирилган анкеталар охир-оқибат битта компьютерга (серверга) тушади ва кейинроқ ишлов берилади. Сиз, айтайлик Чилонзор туманидаги “Green Card Service” агентлигининг (бу реклама эмас ва бундай студия мавжуд эмас) хизматлари орқали Тошкентдан юборасизми, ёки Гулистон шаҳрига бориб, “Guliston USA” агентлиги орқали тўлдирасизми – фарқи йўқ. Компьютер учун барибир бир хил ҳолат бўлади. Муаммо бошқа нарсада, яъни буларнинг барини тўлдира олиш ва хатоларсиз бажариш сифатида бўлиши мумкин. Юқоридаги уйдирмаларни ўқинг.

17. Махсус тартиб-таомиллар ва тўлдириладиган шакллар мавжуд, улар ғолиб бўлиш имконини оширади

Муваффақиятга эришиш имкониятини “оширишингиз” мумкин бўлган икки йўл мавжуд:

  • бир зумда четлатилмаслик учун грин-карта анкетасини ундаги барча бандларни хатоларсиз ва танлов мезонларига мувофиқ тарзда тўлдириш орқали топширасиз;
  • агар эр-хотин бўлсангиз ва икковиингиз ҳам танлов мезонларига жавоб бера олсангиз, ҳар бирингиз алоҳида виза учун мурожаат қилишингиз мумкин. Агар иккингиздан бирингиз ғолиб бўлса, иккинчингиз турмуш ўртоғининг визаси бўйича кетиши мумкин.

18. Анкетада ажрашмоқчи бўлган турмуш ўртоқни ёки АҚШга бирга кетиш истагида бўлмаган фарзандларни кўрсатмаслик мумкин

Сиз анкетани тўлдираётган вақтда расман никоҳда бўлсангиз, турмуш ўртоғингиз ҳақида маълумотни кўрсатишингиз шарт. Агар бир уйда яшамасангиз, бунга суднинг расмий тасдиқлови керак.

Шунингдек, анкетада 21 ёшгача бўлган барча турмуш қурмаган, ҳам туғишган, ҳам боқиб олинган фарзандларингизни, улар сиз билан бирга яшаши ёки яшамаслигидан қатъий назар, кўрсатишингиз зарур. Бу бандларнинг қоидаси бузилганлиги учун сизни четлатишлари мумкин.

Анкетада оила аъзоларингизни санаб кўрсатганингиз, уларнинг барчаси сиз билан АҚШга кетишини англатмайди. Бироқ, агар визани расмийлаштириш чоғида анкетада тилга олинмаган, аммо сизнинг қарамоғингизда бўлган шахсларни рўйхатга киритсангиз, суҳбат жараёнида ишингиз бекор қилинади ва сиз ҳамда анкетада кўрсатилган оила аъзоларингизга визалар берилмайди.

19. Агар бошқа тоифадаги АҚШ муҳожирлик визаси учун мурожаат қилган бўлсангиз, лотереяда иштирок этишга ҳаққингиз йўқ

Йўқ, сиз барибир рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга бўласиз.

20. Ғолиб бўлганлик ҳақидаги хабар оддий ёки электрон почта орқали келади

Ғолиб бўлганингиз ёки ютқизганингиз ҳақида фақатгина битта усулда хабар қилинади – айнан ўша https://www.dvlottery.state.gov/ ҳукумат сайтида. Бунинг учун сайтга тегишли вақтда (одатда 1 майдан, рўйхатдан ўтгандан кейин ярим йил ўтгач) кириб, шахсий маълумотларингизни (исм, фамилия, туғилган йил ва кузда анкетани расмийлаштириш чоғида олинган тасдиқлаш рақами) киритишингиз керак. Давлат департаменти лотерея натижалари ҳақида сизга шахсан хабар қилмайди – буни ўзингиз билиб олишингизга тўғри келади.

Тасдиқловчи рақамни сақлаш жуда муҳимдир, чунки мақомни текширишнинг электрон тизими сизга лотереяда ютганлигингиз ҳақида хабар берадиган ягона восита бўлишидан ташқари, кейинги ҳатти-ҳаракатларга оид йўриқнома ва муҳожирлик визасини олиш учун суҳбатдан ўтиш тўғрисидаги хабарларнинг ягона манбаи ҳисобланади.

21. Лотереяда ютган одамга АҚШда яшаш жойи ва иш тақдим этилади

Буниси энди ортиқча. Йўқ, сизга ҳеч қандай моддий ёки бошқа хизматлар кўрсатилмайди. Аксинча, лотереяда ютган бўлсангиз, визани олишдан аввал АҚШда давлат қарамоғида қолмаслигингизни исботлашингизга тўғри келади. Иш ва бошқа нарсаларни давлат кўмагисиз ўзингиз топишингиз керак. Ҳавотирланманг, АҚШдаги юз минглаб муҳожирлар бундан ўтадилар. Иш ва яшаш жойи ҳаммага етади.

22. “Грин-карта” воситачилари АҚШда сиз учун иш топишади

Воситачи компаниялар АҚШда сиз учун иш, жумладан бепул иш топишмайди. Шунингдек, улар сизга бепул авиачипта ҳам тақдим қилмайдилар. Буларнинг барчаси ишониш мумкин бўлмаган рекламага хос маркетинг усуллари.

23. Грин-карта билан АҚШга бир йилда бир-икки марта бориш мумкин

Грин-картанинг расмий номланиши – АҚШ доимий резидентининг картаси (LPR). Ушбу номда асосий урғу “резидент” сўзига қаратилган, яъни грин-карта соҳиби уни сақлаб қолиш мақсадида йилига бир-икки марта АҚШга бориб келадиган доимий меҳмон эмас, балки Қўшма Штатларда доимий яшовчи одам бўлиши керак.

АҚШ сарҳадларидан ташқарига тез-тез сафарлар доимий резидентнинг мақомига таъсир қилиши мумкин. Агар АҚШда қисқа вақт мобайнида бўлмасангиз, одатда, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бир неча ойдан тортиб то бир йилгача бўлмаслик АҚШда доимий яшашдан бош тортиш истагингиз борлигига оид масалани текширишга асос бўлиши мумкин.

Бундай вазиятда такроран мамлакатга кириш чоғида доимий яшовчи унинг АҚШда яшаш истаги юзасидан муҳожирлик бошқармасининг шубҳаланишига тўқнаш келади. Айниқса, олти ойдан ортиқ вақт давомида бўлмаган грин-карта соҳиби Штатларнинг доимий яшовчиси бўлиб қолиш истагини тасдиқлайдиган асосларга эга бўлиши керак. Бундай асосларга кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, банк ҳисоблари, қиммали қоғозлар, бошқа активлар ва инвестициялар, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ижтимоий таъминот картаси, кредит карталари, АҚШда бандлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки чет элда иш сабабли бўлганингизни исботловчи ҳужжат кириши мумкин.

24. Грин-карта эгасини депортация қилиш мумкин эмас

АҚШ доимий яшовчиси маълум ўзига қарши маълум жиноий айбловлар натижасида депортация қилиниши мумкин. Бундай жиноятлар сирасига аҳлоқий одобсизлик ёки гиёҳванд моддалар билан боғлиқ қоидабузарликлар; оғир жиноятлар; айғоқчилик; оиладаги зўравонлик; болалар билан шафқатсиз муносабатлар бўлиш ва бошқа кўплаб ҳолатлар киради. Агар АҚШ доимий яшовчиси ҳисбга олинган ёки жиноят содир этганликда айбланган бўлса, у дарҳол ўзининг муҳожирлик бўйича адвокатига хабар бериши ва ўз манфаатлари ҳимояси учун у билан маслаҳатлашиши зарур. Бундай вазиятда чет элга чиқиш тавсия этилмайди ёки кетишдан аввал адвокат билан маслаҳатлашиш керак. АҚШ доимий яшовчиси муҳожирликка оид қоидабузарликлар, жумладан фирибгарлик ёки муҳожирлик анкеталари ва шаклларида ёлғон маълумот кўрсатганлиги учун ҳам грин-картани йўқотиши мумкин.

25. Грин-карта эгаларининг ҳуқуқлари АҚШ фуқароларини билан тенг

Грин-карта соҳиблари қуйидаги ҳуқуқий чекловларга эга:

  1. Давлат лавозимларига овоз бериши ёки сайланиши мумкин эмас;
  2. Федерал ҳукуматда ишлаш ҳуқуқига эга эмас;
  3. Узоқ вақтга чет элга кетиши мумкин эмас (такрорий кириш учун аввалдан рухсат олмаган ҳолда);
  4. Суд ҳайъати аъзоси бўлиши мумкин эмас;
  5. АҚШ фуқароларидан фарқли равишда, грин-карта эгалари мамлакатдан депортация қилиниши мумкин.