Суҳбатдошингизни ўзига-ўзи ёқишига мажбурланг

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Психология профессори Жек Шафер (Jack Schafer) узоқ йиллар давомида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) агенти сифатида ишлаган. Кўплаб махфий вазифалар давомида унинг бир зумда жозибали бўлишига тўғри келган. Жекнинг айтишича, исталган одамни ўзига қарата олишга ёрдам берадиган олтин қоида мавжуд. Ва у қуйидагидир:

“Суҳбатдошингизни ўзига-ўзи ёқишига мажбурланг”.

Буни қандай амалга оширишни мақоламизда ўқинг.

Хатога йўл қўйинг

Жек Шафер янги талабаларда маърузалар курсини бошлаганида, гўёки ўзи билмаган ҳолда қандайдир сўз талаффузида хато қилади ва талабаларга ўзини тузатишга имкон беради.

“мен уялгандек кўриниб, уларга эътиборли эканликлари учун миннатдорлик билдираман ва хатони тузатаман”, – дейди Жек.

Жек бу усулдан учта мақсад йўлида фойдаланади. Биринчидан, талабалар ўқитувчининг хатосини тузатганида ўзларига бўлган ишонч янада ортади. Иккинчидан, улар мураббийлари билан янада эркин мулоқот қила бошлайди. Учинчидан, ўзлари ҳам хато қилишлари мумкинлигини тушунадилар.

Мазкур усулдан исталган одамни ўзингизга қаратиш учун фойдаланишингиз мумкин. Хато қилинг, мукаммал эмаслигингизни кўрсатинг, одамларга Сизни тузатишлари учун имкон беринг. Уларнинг Сизга нисбатан ихлоси ортади.

Учинчи шахс номидан хушомад айтинг

Баъзан тўғридан-тўғри хушомадлар ўта хираликдек туюлади. Аксарият одамлар уларни қабул қилишга тайёр бўлмайди ёки ноқулайликни ҳис қилади. Бундай вазиятларда учинчи шахс номидан хушомад қилиш ўринлидир.

Масалан, ҳисобчи Саида Акбаровнадан нимадир сўрамоқчисиз ва бунинг учун унга қуйидаги сўзларни айтасиз “Саида Акбаровна, мен кадрлар бўлими бошлиғи билан гаплашгандим. Унинг айтишича, Сиз компаниямизнинг энг яхши ходими экансиз!”

Албатта, касбий сифатларни мақташ шарт эмас, шахсий хусуиятлар ҳам қўл келади. Масалан “Саида Акбаровна, кадрлар бўлими бошлиғининг айтишича, ўтган байрамга ажойиб пишириқ пиширган экансиз. У ҳанузгача унинг таъмини эслайди!”.

Ҳамдардликни унутманг

Албатта, одамларни бошқаларникига нисбатан шахсан ўзлари кўпроқ қизиқтиради. Ва, бу оддий ҳолат.

Одамларни икки йил давомида ўзингизга қизиқтиргандан кўра, икки ой ичида уларга ҳақиқий қизиқиш билдириш орқали кўпроқ дўст орттириш мумкин.

Дейл Карнеги

Шунингдек, одамлар хайрихоҳлик ибораларини яхши кўрадилар. “Хайрихоҳлик” деганда нимани тушуниш мумкин? Ҳар бир одамга уни диққат билан тинглашлари ва ҳиссиётларини тушунишлари ёқади. Албатта, агар одам куни оғир ўтганини сўзлай бошласа, унинг олдида тиз чўкиб, “Қандай даҳшат, бечорагинам!” дейиш шарт эмас. Айниқса, бу раҳбарингиз бўлса.

Бу ҳолатда “Ҳа, кунингиз оғир ўтибди. Ҳаммада ҳам бўлади” каби жумлалар тўғри келади. Ёки масалан, “Яъни Сиз бугун ишларингиз ўзингиз истагандек кетаётганини айтмоқчисиз. Ажойиб”, дейиш мумкин.

Биз суҳбатдошимизни унинг ҳиссиётларини бўлишишимиз ва уни тушунишимизга ишонтиришимиз керак. Агар кимнидир қўллаб-қувватлашни истасангиз, унинг сўзларини қайтариш керак эмас. Суҳбатдош ҳушёр тортиши мумкин: унинг мияси қайтаришни аномал ҳолат сифатида қабул қилади.

Ўзини мақташини таъминланг

Юқорида айтиб ўтилганидек, оддий хушомад ва тилёғмалалик орасида нозик чегара мавжуд, шу боис суҳбатдош ўзини мақташига замин яратиш керак. Масалан, кимдир Сизга мазкур воқеани сўзлаб беряпти: “Бу лойиҳани ёпиш учун ҳафтасига 60 соатдан ишладим”. Шу жойда “Ҳа, ҳафтасига 60 соатдан ишлаш учун темир ирода ва масъулиятга эга бўлиши керак”, дейиш мумкин. Кафолатлаймиз – суҳбатдош “Ҳа, бу лойиҳани вақтида топшириш учун анча тер тўкишимга тўғри келди. Албатта, зўр ишладим. Тўғриси ҳам шу” қабилидаги жавобни қайтаради.

Одам ўзини ўзи мақташи учун шароит яратиш қобилияти – юксак маҳорат белгисидир. Буни машқ қилинг ва одамларга ёқимли бўлинг. Уларга албатта ёқасиз.

Илтифот кўрсатишни сўранг

Бенжамин Франклиннинг машҳур сўзлари: “Сизга бир мартта яхшилик қилган одам, Сиз ёрдам кўрсатган одамга нисбатан тезроқ яна ёрдам беради”. Бу ҳолат Бенжамин Франклин эффекти сифатида ном қозонган. Бошқа одамга илтифот кўрсатган одам ўз қарашида юксалади. Яъни, агар кимгадир ёқишни истасангиз, унга илтифот қилманг, аксинча унинг ўзидан илтифот сўранг. Албатта, ёрдам сўрашни ҳаддан ортиқчаси ҳам зарарли.

Франклин жаноблари қайд этганларидек: “Меҳмонлар ҳудди балиқ сингари учинчи кун ёмон ҳид чиқара бошлайди”. Ҳудди шу гап жуда кўп илтифот сўрайдиган одамларга ҳам тааллуқли!

Табиийки, бу маслаҳатларнинг барчаси тилёғламаликка даъват эмас. Биз шунчаки маълум одамлар бир-бирига ёқимли ишлар қилишида ёрдам беришни истаймиз. Баъзида, шахсий мақсадлар бўлса ҳам. 🙂

«Махсус хизматлар усули бўйича жозибани ёқамиз» китобининг материаллари асосида.