Қорнини тўйдирдик, кўтариб юрдик, таглигини алиштирдик, қорин оғриғидан дори бердик, қоринчасини силадик, грелка қўйдик, қўлимизда тебратдик, сўрғич бериб кўрдик, алла куйладик, аммо кичкинтой йиғлашда давом этяптими? Боланинг қорни тўқлиги, унга совуқ ёки иссиқ эмаслиги, қорни оғримаётганига ишонч ҳосил қилган бўлсангиз, тинчлантиришнинг бошқа усулларини излаш вақти келган

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Замонавий ота-оналарга интернетда тўлиб-тошиб кетган бир-бирига зид маълумотлар денгизида тўғри йўналиш олиш қанчалар қийинлиги ҳаммага маълум. Шунинг учун таҳририятимиз машҳур педиатрлар ва машҳур бўлмасада, ақлли ота-оналарнинг болани тинчлантиришга оид текширилган усулларини сиз учун жамлади.

Гамильтонча ушлаш

30 йиллик иш тажрибасига эга педиатр Роберт Гамильтон 3 ойгача бўлган гўдакларда, яъни қорин оғриқлари безовта қиладиган даврда яхши самара берадиган содда ва самарали усулни ишлаб чиқди.  Ушбу усулни кейинчалик ҳам қўллашни ҳеч ким тақиқламайди, шунчаки боланинг вазни ортиши билан уни ушлаб туриш қийинлашади.

Усул анча оддий: боланинг қўлчаларини кўкрагида туташтириб, устидан қўлингиз билан ушлаб туришингиз, иккинчи қўлингиз билан эса боланинг оёқчалари орасидан кўтаришингиз керак. Гўдакни бундай ҳолатда асталик билан тепага-пастга ёки бир томондан иккинчи томонга тебратиш зарур – у тезда тинчланади. Ишонмайсизми? Видеони кўринг. 

Харви Карп усули

Педиатр Харви Карп гўдакларни тинчлантириш бўйича усулида бола учун онасининг қорнида ҳис қилган туйғуларини қайта яратишга ҳаракат қилади. Усул 5 қадамдан иборат:

  1. Йўргаклаш, чунки қорин ичи тор бўлган.
  2. Болани ўз қўлида ёнига ёки қорнига ётқизиш.
  3. “Ш-ш-ш” товуши ёки оқ шовқин.
  4. Онаси юрганида қоринда сезилган енгил тепага-пастга тебраниш.
  5. Сўриш – мажбурий эмас, аммо мақбул босқич.

Оқ шовқин ва ҳ.к.

Катта ёшдаги одам оқ шовқинни ёққанида, бундай нарса билан қандай ухлаш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Бироқ, аслида оқ шовқин ҳам, исталган бир оҳангдаги вишилловчи товушлар ҳам ҳақиқатдан тинчлантирувчи таъсир кўрсатиб, уйқуга кетишга ёрдам беради. 

Мустақил равишда “ш-ш-ш” товушини чиқариш ёки махсус иловаларда вариантларни қидириб кўриш мумкин: жумладан, фен, чангютгич, кир ювиш машинаси, вентилятор, шаршара ва ҳаттоки поезднинг овози ҳам ажойиб натижа беради.

Оёқчалар учун тинчлантирувчи уқалаш

Гўдаклар катталарга нисбатан уқалашга кўпроқ таъсирчандир. Кичкина одамчада ҳам тинчлантирувчи силашли тўлиқ уқалаш, ҳам оёқчалар уқалашини ўтказиш керак. Боланинг товонида уни тинчлантиришга ёрдам берадиган соҳалар мавжуд.

Асосийси – оддий тавсияларга амал қилишдир:

  • иккала оёқчани қўлингизга олиб, кафтларингиз билан товонларни майин ушлаб туринг ва катта бармоқларингиз билан уқаланг
  • уқалашни оёқ юзасининг ўртасидан бошланг ва аста-секин аввал тепароққа, кейин пастроққа ҳаракатланинг
  • жажжи бармоқчаларга озор етказмаслик учун эҳтиёткорлик билан уқаланг

“Ом” мантраси

Калифорниялик ёш ота Даниэль Эйзенман ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасида йиғлаётган митти қизчасини “Ом” мантраси ёрдамида тинчлантираётгани олинган видеони жойлаштирди. Видео 41 миллиондан ортиқ марта кўрилган ва 407 мингта шарҳ қолдирилган.

Гап шундаки, мантранинг товуши гўдакларга улар онасининг қорнида бўлган вақтда эшитган товушларини эслатади. Агар “Ом” сизнинг фарзандингизда иш бермаса, унга юрак уришининг товушлари ёки “қорин ичидаги товуш”ини ёқиб беришга уриниб кўринг. Бундай товушларни гўдаклар учун тинчлантирувчи товушлар ёзилган аксарият мобил иловаларда топиш мумкин.

Мусиқий асбоблар

Агар мусиқий асбобни чала олсангиз, бу устунликдан максимал даражада фойдаланинг. Албатта, тунлари уйқусиз ўтган чарчаган ота-она бўлсангиз, мусиқа чалиш ҳаёлингизга ҳам келмаслиги мумкин, аммо бола учун бу жуда фойдали бўлади. Мусиқанинг болаларга ижобий таъсири ҳеч ким учун сир эмас, аммо “жонли” асбоблар ёзилган куйларга нисбатан устунлигини ёдда тутиш даркор.

Масалан, ёш ота Напа Писут ўзининг YouTube тармоғидаги каналида рафиқаси билан бирга йиғлаётган қизини тинчлантириш усулларини ўртоқлашди. Бу усуллар орасида гитарада куй чалиш ҳам бор. Қизалоқ мусиқа товушларидан сонияларда тинчланади.

Фитболда тебратиш

Агар миттивойингиз аравача ёки каравотчасида тебранишни истамаса, қўлларда узоқ вақт тебратишнинг иложи бўлмаса (чунки бу қийин), уни фитболда тебратишга уриниб кўринг. Болани қўлингизга олиб, у билан бирга копток устига ўтиринг. Болани қўлда ушлаб туриш ёки қўллар тез чарчаб қолмаслиги ва вазн оғирлиги оёқларга тушиши учун қўллар ҳолатини ўзгартирмасдан уни тиззаларга тушириш мумкин. Энди фитболда енгил сакрашни бошланг. Тезлик ва баландликни синаб кўриш орқали танлаш мумкин.

Аксарият оналар бу ҳийлани қўллайдилар: бола ҳам тез тинчланади, онага ҳам уни тебратиш анча осон бўлади. Бир йўла мушакларни ҳам машқ қилдириш мумкин. Бу усул ҳам гўдакни ухлатиш вақтида, ҳам шунчаки тинчлантиришда жуда яхши самара беради.

Сизда ҳам йиғлаётган гўдакни тезда тинчлантириш учун ҳийлалар борми?