•  
  • 1
  •  
  •  
  •  
    1
    Share

Исмим Полина ва мен ахборотга мойилликка дучор бўлганман. Бундай хулосага мени олам билан боғлаб турган виртуал ипларни бир ҳафтага узганимдан сўнг келдим. Ҳаётимнинг катта қисми Жаҳон тўри билан боғлиқ: мен унда ишлайман, мулоқот қиламан, янги нарсаларни ўрганаман, кўнгил очаман, харид қиламан. Мен 7 кун давомида одатий нарсаларга қанча вақт кетказишимни ҳамда ахборот оқимидан ташқарида тўлақонли яшай олишимни текшириб кўрдим.

Мен ушбу синовдан олган таассуротларимни ўртоқлашишга ҳамда муқаррани қабул қилишнинг 5та босқичидан қандай ўтганим, навигаторсиз уйга боришни билмаганим, китоб бўйича таомлар тайёрлашни ўрганганим ва интернетни аввалгидан ҳам кўпроқ яхши кўриб қолганим ҳақида сўзлаб беришга қарор қилдим.

Интернетда нимадан фойдаланаман ва жуда соғинган нарсаларим

1.Telegram 

Бу ерда мулоқот деярли узлуксиз давом этади. Одатий ёзишмалардан ташқари, мен дўстларим, ҳамкасбларим, қариндошларим чатларига аъзоман. Алоқа учун тўламаслик учун қўнғироқларни ҳам шу ердан амалга ошираман.

2. Навигатор хариталари

Автомобилга ўтирган заҳотим ёқаман. Рулни бошқаришда ҳаяжонланмасликка, йўлдаги тиқинларни айланиб ўтишга ва йўлдан завқ олишга ёрдам беради. 

3. Об-ҳаво

Мен ўзгарувчан ҳавоси билан машҳур бўлган Петербургда яшайман, шунинг учун иш кунимни илова кўрсатадиган ахборотдан келиб чиқиб режалаштираман. Ёмғир бошлангунича бола билан сайр қилишга улгуриш керак.

4. Facebook + Instagram + VK

Кўпинча иш бўйича фойдаланаман – бу ижтимоий тармоқларда мени қизиқтирган одамларни топиш ва улар билан алоқа ўрнатиш, илҳом тўлқинини тутиш ва ҳозирги урфни билиш (одамлар ниманинг устида куладилар, нимадан ҳайратдалар ва ҳ.к.) имкони мавжуд.

5. Банк иловалари

Ҳисобларни тўлаш, харидлар, пул ўтказиш – буларнинг бари шу манзилда.

6. Google почтаси

Камдан-кам ва фақат иш бўйича ишлатаман. Тарқатма хабарлар ва спамга қизиқмайман.

7. Google излаш тизими

Кичик ёшдаги фарзандим бор ва мен ҳамма нарсани интернетдан излайман. Менда тезкор илдиз отган “онага хос” бу одатни йўқотиш имконсиз.

8. YouTube

Видео томоша қилиш. Ва яна видео томоша қилиш.

Демак, синовни бошлаймиз

1-кун. Рад этиш

  • Янги ҳаёт душанбадан ёмон бошланди. Барча фаол фойдаланувчилар сингари тонгда соат жинғиллаши билан қўлим смартфон томонга чўзилди. Мен доим шундай қилардим: аввалига 10-15 дақиқа телефон, сўнгра ваннахонага борса бўлади. Шошилинч хабарни ўқиш учун эмас, шунчаки. Синов эсимга тушди. Телефонни жойига қўйдим. Вазият устидан назоратни қўлдан чиқарганимни ҳис қилдим. Нимадир етишмаётгандек ҳиссиёт мени таъқиб қилди. Бу ҳолат кечқурунгача давом этди. Миямда тартибсизлик, фикрларим жамланмаган. Дўстларим нима қилаётган экан? Нима янгиликлар? Бир дақиқага Facebook’га қарасам нима бўлади?
  • Интернет айниқса иш вақтида етишмади. Диққатни бир жойга жамлашга уриняпман ва ҳар ярим соатда қўлларим телефонга узатилмоқда, миям импульслар бермоқда: “Эртага ҳаво қандай? Instagram’да нима гап?” Менда қайта юкланиш тушунчаси пайдо бўлади: шахсий масалалар бўйича 10-15 дақиқа ижтимоий тармоқда ва мен ишни давом эттиришга тайёрман. Уйдан ишлаганим учун уйга хос қайта юкландим: кирларни ювишга соламан, чанг артаман. Мўъжиза – кечқурунгача уй юмушлари қолмади.

Қўлларимнинг енгил ҳаракати билан макаронлар ажойиб таомга айланди. Маълум бўлишича, овқат тайёрлаш учун вақт етарли экан, бекорга шикоят қиларканман.

  • Кечга бориб ахборотга ташналик авж олди, мен турмуш ўртоғим ўз телефонида ёққан футбол шарҳини кўришга ҳам тайёр эдим, зеро ҳеч қачон футболга қизиқмаганман. Ғамгин хўрсиниб, бундан ҳам воз кечаман. Эрим ғоямнинг муваффақиятига унча ишонмади. Фикримча, у ҳамли медиааскет-аёлларга тўқнаш келмаган. Кечқурун асабларимни тинчлантириш учун одатий душ ўрнига кўпикли ванна қабул қилдим, сўнгра қўлимга китоб олдим. Мутолаа билан 4 соат учиб ўтди. Жуда яхши ухладим.

2-кун. Нафрат

  • Қачондир эрта тонгда телефонга қўл узатишдан тўхтайманми ёки бу ҳаётим охиригачами? Соат 7:00ни кўрсатмоқда, ишни одатда соат 10:00да бошлайман. Орадаги бу 3 соатни одатда бола билан машғулотларга, чўмилишга, нонушта тайёрлашга сарфлардим. Барчаси тезлаштирилган режимда. Биринчи егулик вақтида эса интернетда ўтириб, хатлар, янгиликларни ўқиб, Instagram ва Facebook’ни томоша қилардим.
  • Бугун иш кунимни эртароқ ва ижтимоий тармоқларсиз бошладим. Тезда интервью тузиб, бўлажак мақолалар учун миямда пайдо бўлган ғояларни ёздим, – одатда уларни муҳаррирларга электрон шаклда юборардим, энди эса блокнотда ёздим. Анчадан буён қўлда ҳеч нарса ёзмагандим. Қўл тез чарчайди, аммо ручка ва қоғознинг ўзаро алоқаси жонли ва ҳақиқий нарса. Асосийси, тармоқ пайдо бўладиган вақтгача ғоялар эскириб қолмасин.

Ҳозирча синов кўпроқ итимни қувонтирмоқда – сайрларимиз узоқроқ давом этмоқда. Ўзимда у билан бирга ҳиёбонда югуришга куч топдим.

Одатий 20 дақиқа ўрнига бир соатдан буён айланаётган итнинг кўзларида савол ўқилмоқда: “Қачон уйга кетамиз?”

  • Кўтаринки руҳда қолишга ҳаракат қиламан, аммо гаджетларига бутунлай кириб кетган одамларни кўриб ғашим келади. Тушунаман: менга мумкин эмаслиги сабабли. Шаҳар бўйлаб навигаторсиз ҳаракатланишга уриндим, натижада барча тирбандликларда туриб, зўрға уйга етиб олдим.

Бу тирбандликларни қандай айланиб ўтишни билмасдим, чунки одатда навигатор йўлни кўрсатарди. Йўлда учрайдиган белгиларни мунтазам кузатиб юриш жуда чарчатади.

3-кун. Савдолашиш

  • Эрта тонгдан телефонга қараш одатини “тонгги саҳифалар”га ўзгартирдим. Ушбу машҳур ёзув медитациясини “Мусаввир йўли” китобининг муаллифи Жулия Кэмерон ўйлаб топган. Бунинг учун 3 варақ қоғоз олиб, уларга ҳаёлган келган исталган фикрларни ёзиш керак. Бу матнни қайта ўқиш ва таҳлил қилиш шарт эмас. Бундай амалиёт мияни тозалашга ҳамда ҳиссиётларни чиқаришга, ўзингни яхшироқ англашга ёрдам беради.

Миннатдорлик, салбий фикрлар, хотиралар – мен нимани ва нега ёзганимни барибир тушуниб етмадим. “Тонгги саҳифалар”нинг асосий қоидаси – таҳлил қилмаслик.

  • Охирги кучим билан чидайман. Ўзимни мессенжерларни текшириб кўришга навбатдаги уринишда тўхтатаман. Ким, нима ёзганини билиш истаги кучли. Виждоним билан савдолаша бошлайман: “Ҳеч ким билмайдику”, “Фақат бир дақиқага қарамай, балки муҳим хабар бордир” ва “Умуман олганда иш тўхтаб қолди, уят эмасми, ҳамкасбларингга ёз”. Бир дақиқалик заифлик синовни бекор қилиб, ўзимдан норозиликни кучайтиришини тушунаман.

Авваллари бола билан ҳиёбонда сайр қилиш чоғида YouTube’да видео томоша қилиб, танишларим билан ёзишардим. Интернетнинг йўқлиги қизиқишлар бўйича шерик топиш учун яхши сабаб деб ўйлаб қолдим ва дугонамга учрашишни таклиф қилдим. Яхши мулоқотдан ташқари болам учун ўйинчоқларга ҳам эга бўлдим. Барибир “юзма-юз” учрашувлар жуда ёқимли. Об-ҳавога мос келмайдиган кийинибман. Уйдан чиқаётганимда илиқ эди, аммо кечга бориб ёмғир ёға бошлади ва кучли шамол эсарди. Буни билганимда (аввалдан иловани текширсам, билган бўлардим), иссиқроқ кийиниб, ёмғирпўш олардим. Хуллас, смартфонингиз 3-кун ёқилмаган бўлса, ҳаёт кутилмаган ҳолатларга жуда бой экан.

4-кун. Тушкунлик

  • Тармоқдан ўчирилган бўлсангиз, бир-икки дақиқада ҳал бўладиган ишларга кўп вақт сарфланади. Масалан, мен концертга чипталар сотиб олиш учун театр кассасига бордим. Театр кассасигая! Бундай аҳмоқликни охирги марта қачон  қилгансиз? Одатий ҳаётда чипталар учун шунчаки банк картамдан пул тўлаб, концертгач уларни унутган бўлардим. Айтганча, қоғоз чиптани қўлимда ушламаганимга ҳам анча бўлибди. Балки, ҳеч қачон ушламагандирман. Чипта олиш учун узоқ босиб ўтилган йўлдан сўнг, почта қутимда коммунал хизматлар учун тўлов қоғозларини кўрдим. Уларни тўлаш учун банкка боришим кераклигини тасаввур қилганимда, бутунлай тушкунликка тушдим.

Ҳамёнимда ҳафталаб нақд пул бўлмаслиги мумкин. Аксарият маҳсулотлар ва хизматлар учун онлайн тўлов амалга ошираман.

  • Кундалик ҳаётим ҳақидаги ҳикоялар билан Instagram’да ўртоқлашишни истайман. Бугун кактусни янги тувакка кўчирдим ва китоб бўйича таом тайёрладим, аммо ҳеч ким буни билмайди. Шунга қарамай, одамлар билан жонли мулоқот қила бошладим. Янгиликларни ҳам улардан билиб оляпман. Шунингдек, телевизор томоша қиламан. Мавзуга доир фильм дуч келиб қолди: “Фарахли ноябрь” мени тармоқдан ташқаридаги қийин даврда қўллади. Унда бош қаҳрамон қиз йигитини бир ойга телефонни ўчириб қўйишга мажбурлайди ва йигит азобланади. Ҳудди мендек.

5-кун. Қабул қилиш

  • Бу кун шиори: “Ҳаётни ўзгартисанг – бутунлай ўзгартир!” Шаҳд билан шкафимдан ҳамма кийимларимни чиқардим ва кераксизларини ажратдим. Бир неча соат ўтгач оғиргина қоп ҳосил бўлди. Интернетда ўтирсам, бу ишни қилишга вақт топишим мушкул бўларди.
  • Нарсаларни “Раҳмат!” ҳайрия дўконинининг кийим тўплаш контейнерига олиб бордим. Тан оламан, бу контейнерни шунчаки танламадим. Яқинда шаҳарликлардан кераксиз кийимларни тўплаб, уларни сотишдан тушган пулни ҳайрияга берадиган дўкон ҳақида мақола ёзишни режалаштирган эдим. Албатта, ҳамма нарса сотувга қўйилмайди, кийимларнинг бир қисми эҳтиёжмандлар келиб, уларни бепул олиши мумкин бўлган пунктларга жўнатилади. Авваллари мен лойиҳа асосчиларидан жойлаштириш учун суратлар сўраган бўлардим, бугун эса ўзимни фотомухбир ролида синаб кўрдим. Касбий ўсишни ҳис қиляпман.

“Раҳмат!” ҳайрия дўконининг контейнерлари ана шундай кўринишга эга. Улар тўлганидан кейин бўшатилиб, кийимлар саралаш марказига олиб борилади.

  • Мен ҳақиқатга кўникдим ва тармоқдан ташқари кўплаб ишлар топдим. Ҳудди шу пайт, кутилмаганда турмуш ўртоғим “Тахтлар ўйини” сериалини фақат бирга кўришга оид келишувимизни бузиб, янги серияни кўрмоқчи эканлигини билиб қолдим. Нима эмиш, синовим якунланишини кутишга бошқа сабри етмасмиш. Тезликда боламни бувисига қолдириб, чалғимаслик учун спорт залига югураман. Эрим сериални томоша қилаётган хонага кириш эшигини қаттиқ ёпаман. Остонада пойабзалимни кийиш чоғида бошланаётган сериянинг овози тинчлик бермасди. Машғулотни тугатгач, ўзимдан фахрланиб кетдим.

Машқларим натижасида энг катта натижага эришган куним.

6-кун. Қайта туғилиш

  • Энг қийини гуглдан фойдаланмаслик. Кичкина болам бўлгани учун ҳамма нарса, унинг ҳар бир аксиришини ҳам гуглдан қараман. Яқинда у навбатдаги эмлашга бориши керак. У ҳақида батафсилроқ билиб олган маъқул. Ҳозир қўл остимда интернет йўқлиги ҳамда форумга кириб, ахборот тўплай олмаслигимдан қувондим. Ахир айтишадику, гуглдан тўғри изласанг, ҳар қандай касаллик ўлим билан тугайди. Эмлаш эса бундан баттар.
  • Бугун кечқурун “Мия жанги” – кўплаб жамоалар мусобақалашадиган интеллектуал ўйин. Иштирокчилар қайсидир кафеда тўпланади ва олиб борувчи саволлар беради. Ўйлаш учун бир дақиқа ўтгач, жавоблар ёзилган варақлар ҳакамларга топширилади. Кўпроқ тўғри жавоб берган жамоа ғолиб бўлади. Асосий қоида: телефондан фойдаланиш мумкин эмас. Биз 40та жамоа орасида 17-ўринни эгаллаган бўлсак-да, жуда қувноқ ўтди! Менга етишмадими? Албатта! Бу ерда у барчага етишмагани қувонарли.

7-кун. Лаҳзадан завқ олиш

  • Бу дам олиш кунлари оиламиз билан табиат қўйнига чиқдик. Синовнинг охирги кунида турмуш ўртоғим мени қўллашга қарор қилиб, машинада футбол матчини томоша қилиш ўрнига радио орқали онлайн тинглаб кетди. Барча ахборот кўзлар орқали қабул қилинадиган дунёда ҳануз бундай опциянинг мавжудлиги ҳайратга солади.
  • Ҳафта давомида биринчи марта ноқулайликни ҳис қилмадим. Ахир табиатда ҳамма интернетдан дам олиб, жонли мулоқотдан завқланиши керак. Бу ерда ҳамма қўлига телефонни олганида, сенинг ҳар томонга қарашингга тўғри келадиган ноқулай танаффуслар йўқ. Батамом ҳотиржамлик.

Йўлда Ленинград туманидаги от спорт клубида тўхтатдик. От минишга қўрқаман, аммо суратга тушиш мумкинку.

  • Ўзимда ўзгаришларни ҳис қиламан: суратга тушганда ижтимоий тармоқларга энг яхшисини танлаш учун кўп кадрлар олишни сўрамайман. Умуман, фотошопдан ўтган бахтли қиёфаларнинг суратлари кўз олдимдан йўқолганидан кейин, ҳаётим, қоматим ҳамда бўялмаган юзимнинг кўзгудаги акси ўзимга кўпроқ ёқа бошлади. Синовнинг охирги бир неча соати қолди ва мен смартфонимдаги “уяли маълумотларни” ёқишим мумкин бўлади. Мен буни жуда кутдим, аммо ҳозир бироз ғамгинман, чунки эндигина одамлар билан нигоҳим тўқнашганда табассум қилишни ўргандим.

Синовдан кейинги ҳаёт

Натижада ўзим учун кўпроқ вақт пайдо бўлди: спорт залига 2 марта ўрнига 3 марта бордим, битта китоб ўқидим, шкафимни тозалаб, кераксиз кийимларни йўқотдим, шаҳардан ташқарига чиқдим, блокнотда 67 саҳифани тўлдирдим, одамлар билан жонли мулоқот қила бошладим. Интеллектуал ўйинни айтмайсизми, у ерда ҳақиқий ҳиссиётлар жанги бўлди. Турмуш ўртоғим хилма-хил таомлардан, итим эса узоқ сайрлардан ҳурсанд.

Бу тажриба ҳаётимга қуйидаги ўзгаришларни олиб кирди:

  • Диққатимни ҳозирга қаратишни ўргандим;
  • Ҳаммага ва бирдан жавоб бериш мажбурияти йўқолди;
  • Ўзим ва бошқаларнинг вақтини қадрлай бошладим;
  • Ўз ҳисларимга қулоқ солишни ва ўз фикримга эга бўлишни ўргандим;
  • Гаджетлар ҳаётимизни осонлаштиради, аммо бўрттириб юбормаслик керак;
  • Менинг ҳолатимда интернетсиз ҳаёт бор, лекин иш бўлмайди;
  • Режа: ҳафтада 1 мартада виртуал реалликдан бутунлай чиқиш.

Бундай танаффус қувватни ошириб, янада кўпроғига улгуриш имконини беради.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!