•  
  •  
  •  
  •  
  •  

1. Автомат тарздаги пул ўтказмаларини созланг

Эҳтимол, сиз ойлик маошингизнинг бир қисмини аллақачон жамғарма ҳисобингизга ўтказаётгандирсиз. Мазкур маблағга ҳар ҳафта ажратиладиган кичик суммаларни қўшинг. Бу ҳафтасига 50 минг сўм ёки сиз учун ажратиш қулай бўлган бошқа сумма бўлсин. Улар йиғилиб, кўпая бошлайди, сиз эса камроқ маблағ билан яшашни ўрганасиз.

2. Харид қилиш жараёнини қийинлаштиринг

Бирдан ниманидир сотиб олиш истаги ҳаммада юзага келиши мумкин. Харид қилишдан аввал 48 соат кутишга одатланинг. Шу вақт ичида кўзланган буюм сизга ҳақиқатдан ҳам керак ёки керакмаслигини тушуниб етасиз.

Харид қилиш жараёнини янада қийинлаштириш учун банк картангизга оид маълумотларни онлайн-дўконларда сақламанг. Натижада, ҳар сафар маълумотларни қайтадан киритишингизга тўғри келади, бу эса ўйлаб олиш учун вақт беради.

3. Такрорланувчи ҳаражатларни текширинг

Қайси ҳаражатларни мунтазам равишда амалга оширишингизни амалиётлар тарихидан кўринг. Тўлиқ воз кечиш мумкин бўлганларини ёзиб чиқинг. Агар бунинг иложи бўлмаса, уларни нисбатан арзон вариантларга алиштиринг.

4. Ҳаражатларингизни ёзиб боринг

Пуллар ҳар куни қаерга кетаётганини кўриш кераксиз харидларни қисқартиришга ёрдам беради. Ҳаражатларни ёзадиган блокнот тутинг ёки илова юклаб олинг. Илова билан осонроқ: у доим қўл остида, уни ўз ҳисоб рақамингизга улаш мумкин. Аксарият иловаларда ҳаражатларни акс эттирадиган диаграммалар ҳамда бюджетни тузиш имкони мавжуд.

5. Ҳаражатларни дўстларингиз билан бўлишинг

Сайтлар орқали биргаликда буюртма қилинг. Агар буюртма анча қиммат бўлса, бепул етказиб беришга эга бўласиз ёки қийматни бирозга камайтирасиз.

Кафеда таомлар порцияси катта бўлса, уларни бир неча кишига бўлинг. Натижада, ейилмаган овқатлар қолмайди ва ортиқча пул тўлашнинг кераги бўлмайди.

6. Нима пиширишни аввалдан режалаштиринг

Айримлар маҳсулотларни истеъмол муддати ўтгунича ейишга улгурмайдилар ва ташлаб юборадилар. Бундай вазиятда бир ҳафталик таомлар режаси зарур. Бир хил маҳсулотлар турли бирикмаларда ишлатиладиган рецептларни танланг. Шу тариқа маҳсулотларга кетадиган ортиқча ҳаражатларни қисқартирасиз.

7. Электр воситаларни розеткадан олиб қўйинг

Телевизорлар, компьютерлар, қаҳва қайнатгичлар ва бошқа воситалар, ҳаттоки улардан фойдаланилмаганда ҳам, электр энергиясини истеъмол қилади. Албатта, ҳаражат у қадар катта эмас, лекин барибир бу ортиқча ҳаражат. Шу боис уларни розеткадан олиб қўйинг ёки фойдалангандан сўнг тармоқ фильтрини ўчиринг.

8. Майда пулларни йиғинг

Харид учун нақд пул берганда, қайтимнинг бир қисмини доим четга олиб қўйинг. Бу – даромадингизга қараб 500 ёки 1000 сўм бўлиши мумкин. Уларни жавонда ёки жамғарма ҳисобига йиғиб боринг. Бу қоидага ҳеч бўлмаганда ярим йил амал қилсангиз, яхшигина маблағга эга бўласиз.