•  
  • 1
  •  
  •  
  •  
    1
    Share

Дўконга биргина нон олиш учун келиб, тўла халталар билан чиқадиган одамлар учун лайфхаклар. Сизга супермаркетларда оқилона ва совуққон ҳаракат қилишни ўргатамиз.

Дўконга боришдан аввал

Маҳсулотлар рўйхатини тузинг

Бунда фақат кенг кўламли озиқ-овқат харидига эмас, балки кечки таомга нон олиш борасида ҳам тайёргарлик кўриш зарур. Агар аниқ режангиз бўлмаса, уйга нондан ташқари исталган нарсани кўтариб келишингиз мумкин. Нон эса дўкон пештахтасида қолаверади ва яна бир уюм кераксиз нарсани сотиб олиш учун дўконга қайтишга тўғри келади. Бу ҳалқанинг охири йўқ, тасаввур қиляпсизми?

Кейинги сафар ақллироқ бўлинг ва тахминан қуйидагича рўйхат тузинг:

  1. Нон
  1. Уйга кетиш

Рўйхатни дўконга чиқиш арафасида эмас, аввалроқ тайёрлаган маъқул. Унга тугаб қолган маҳсулотларни дарҳол ёзиб қўйинг. Шунда ҳеч нарсани унутмайсиз.

Маҳсулотларни тоифаларга бўлиб ёзинг. Уларни тартиби бўйича дўкондаги бўлмаларга мос келтиришга ҳаракат қилинг: агар супермаркетдаги биринчи бўлмада мева ва сабзавотлар бўлса, рўйхатни картошка ва олмадан бошланг.

Овқатланинг

Биринчидан, супермаркетларда овқатнинг ёқимли ва иштаҳаочар ифорларини кучайтириш учун ҳудудий ифорлаштириш қўлланилади: янги пишириқлар, қаҳва, цитрус мевалари.

Иккинчидан, қорнимиз очлигида ҳамма нарсадан кўпроқ олишимиз керакдек туюлади. Бундай вазиятда рўйхат ҳам ёрдам беролмайди ва битта батон ўрнига иккитасини оласиз.

Харидларга кетадиган вақтни режалаштиринг

Шошилиш оқибатида энг ёрқин ёки антиқа ўрамдаги маҳсулотларга эътибор берасиз. Яъни, айнан маркетологлар сиздан кутган ҳаракатларни амалга оширасиз. Хусусан, маркетологлар ва харидорларнинг манфаатлари кўпинча зид келади.

Болаларни уйда қолдиринг ёки қоидаларни келишинг

Супермаркетларда болаларга рад этиш жуда қийинлигини биладилар ва бундан фойдаланадилар, яъни уларнинг кўзи тушадиган баландликда энг ёрқин товарлар жойлаштирилади. Натижада саватингизда глазурланган ширинликлар, сюрпризли шоколад тухумлар ва чупа-чупслар пайдо бўлади.

Агар болаларни уйда қолдиришнинг имкони бўлмаса ёки буни истамасангиз, аввалдан қоидаларни келишиб олинг. Масалан, саватга фақат ота-она нарса солиши мумкин, бола эса битта нарсани сўраши мумкин ва рад жавобига нисбатан жанжал кўтармайди.

Чекланган миқдорда пул олинг

Рўйхатни тузиб бўлдингиз. Истеъмол саватингиздан жой оладиган маҳсулотларнинг тахминий қийматини билсангиз керак. Шу қийматни ҳисоблаб, ҳар эҳтимол учун унга 10% қўшинг, нақд пулни олиб, дўконга боринг. Натижада, саватга шунчаки сизга ёқиб қолган ниманидир солиш истаги камроқ юзага келади.

Дўконда

Аравача эмас, саватча олинг

Аравача атайин кўпроқ нарса харид қилишингиз учун қўйилган. Бу яна маркетологларнинг ҳийласи: аравача туби тўлмай қолганида ўзимизни ноқулай ҳис қиламиз. Айнан шунинг учун унинг юзаси доим катталашиб боради.

Айрим супермаркетларда фақат аравачалар бўлади. Бундай ҳолатда фахр билан ўз халтангизни олиб, ундан сават ўрнида фойдаланинг.

Тор жойлардан қочинг

Супермаркетнинг айрим жойларида кўпинча харидорлар навбати ҳосил бўлишини сезган бўлсангиз керак. Кутиб турар экансиз, ёнингиздаги маҳсулотларни диққат билан ўрганасиз ва режада бўлмаган ниманидир оласиз.

Чап томондан юринг

Одатда дўконда “ўнг чизиқ бўйлаб” ҳаракатланамиз. Бу одатий ҳолат, чунки мамлакатимиздаги йўл ҳаракати ҳам айнан шундай ташкил этилган. Аллақачон пайқаганингиздек, супермаркетнинг ўнг томонидани пештахталарда барча кераксиз, аммо жуда ёрқин нарсалар қўйилади. Чап томонда эса фақат кўз илғай оладиган товарларни кўрамиз.

“Олтин пештахта” қоидасидан воз кечинг

Аксарият харидорларнинг кўзи даражасида жойланган, баландлиги 1,2 метрдан 1,7 метргача бўлган пештахталар “Олтин” мақомга эга. Кўпинча улардан супермаркет учун сотилиши зарур бўлган маҳсулотлар жой олади. Юқоридаги ва пастки пештахталарга қўйилган товарларга кўпроқ эътибор қаратинг.

Нархларни текширинг

Чекдаги якуний қийматни кўрганимизда кутганимиз ва ҳақиқат доим ҳам бир-бирига мос келмайди. Бу турли сабабларга кўра юз беради: сиз акция шартларини нотўғри тушунгансиз, пештахтадаги нарх кўрсаткичлари сурилиб кетган ёки харидор маҳсулотни бошқа ерга қўйгану, дўкон ишчиси уни жойига қўйишга улгурмаган.

Бундай ҳолат юз бермаслиги учун, прайс-чекердан фойдаланинг. Аксарият супермаркетларда ушбу стационар аппарат пештахталар лабиринти орасида кўринмайди. Агар уни топа олмасангиз, маслаҳатчи сотувчига мурожаат қилинг.

Пештахта ичкарисига назар ташланг

Янги товарлар, айниқса сут маҳсулотлари айнан ўша ерда яширинган бўлади. Етказиб берувчилар учун иложи борича кўпроқ товарни рўйхатдан чиқармаган ҳолда сотиш муҳимдир, шу боис пештахта четида доим муддати ўтаётган товарлар туради.

Аввалдан ўлчанган маҳсулотларни сотиб олманг

Яхшиси аввалдан қадоқланган сабзавотларни олинг: картошка уюмида кавланиб ёки халта излаб, сўнгра уни ўлчаш шарт эмас. Бироқ, қадоқдаги маҳсулотларни ҳар томондан кўриш ва ушлаб кўришнинг имкони йўқ, шунинг учун уларнинг айримлари айниган бўлиши мумкин. шунингдек, қадоқда кўрсатилган оғирликни текширишни унутманг.

Кассада

Касса ёнидаги пештахталардан нарса олманг

Тўғри, кутиш жуда зерикарли ўтади ва сақичлар билан батарейкалар томошаси қизиқроқ туюлади. Бироқ улар сизнинг рўйхатингизда ёзилмаган. Диққатли бўлинг: аҳамиятсиз ҳаражат бўлмайди.

Чекларни кассадан узоқлашмай текширинг

Баъзида 10та тухум ўрнига 100та урилган бўлиши мумкин. Бунда кассирнинг ёвуз ғояси эмас, балки шунчаки хатолик айбдор. Лекин ҳисоб-китобни амалга оширишда чекни текшириш одатингиз бўлмаса, ортиқча 90та тухум учун пул тўлашингиз мумкин.

Қисқача

  • Рўйхат тузинг.
  • Дўконга тўқ қорин, бўш вақтда ва чекланган пул миқдори билан боринг.
  • Аравача олмасдан, дарҳол керакли маҳсулот турган пештахталарга боринг.
  • Энг тепа ва пастки пештахталарга эътибор беринг.
  • Прайс-чекердан фойдаланинг.
  • Чекларни текширинг.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!