• 2
  • 2
  •  
  •  
  •  
    4
    Shares

Болалар учун мўлжалланган замонавий дорилар кўпинча таблетка шаклида бўлмайди: турли хил қуёнчалару айиқчаларда шамоллаш ва бошқа касалликларга қарши воситаларни таниш қийин. Бироқ, авваллари болалар учун мўлжалланган дорилар катталарникидан фақат миқдори билан ажралиб турган ва ҳеч қандай ширин қопламалар ҳамда ёқимтой шакллар бўлмаган. Лекин бувиларимиз набираларини даволашда қўллаган воситалар таблеткалардан ҳам қўрқинчли бўлган.

Келинг, ўтган асрнинг иккинчи ярмида дунёга келган деярли ҳар бир бола бошидан ўтказган уйда даволашнинг энг машҳур усулларини эслаймиз.

Картошкали ингаляция

Исталган шамоллашда энг қўрқинчли нарса нима эди? Албатта, картошка билан боғлиқ қийноқ: бола стол ёнига ўтириб, пўсти билан пиширилган картошка (кимдир фақат пўчоқлардан фойдаланган) солинган кастрюлга бошини эгилтирган ҳамда тикандек ботадиган оғир адёл устидан ёпилган. Бунда иложи борича кўпроқ нафас олиш учун пастроқ эгилишга мажбур қилганлар. Жараёнга картошкадан чиқаётган буғ йўқолгунича чидаш керак бўлган.

Алоэ ва ёронгул (герань)

Уйингизда ҳеч қандай хона гули бўлмаган тақдирда ҳам, иккита тувак албатта бўган: бири – алоэ, иккинчиси – ёронгул. Улар дераза тагида чирой учун эмас, балки касаллик эҳтимоли сабабли турган. Алоэ ёрдамида даволаш мумкин бўлган муаммолар доираси жуда кенг эди. У барча нарсадан ёрдам берарди: яраларни тузатишдан тортиб кўкаришларни кетказишгача. Ўта чиниққанлар эса алоэ баргларини асалга аралаштириб, йўталганда истеъмол қилганлар ёки тумовни тузатиш учун бурунга сувини томизганлар.

Бу орада ёронгул билан одатда қулоқларини шамоллатиб қўйганларни қийнаганлар: “ифорли” ўсимликнинг баргини найча шаклида ўраб, тун давомида туриши учун қулоққа тиқилган.

Банкалар

Чамамизда, банкалар энг ёқимли даволаш усулларидан бири бўлган (албатта куйиб қолиш қўрқувини ҳисобга олмаганда). Айниқса улар орқадан олинганида ўзига хос товуш чиқарган. Жараёнга тайёрланиш ҳолати эса ўрта асрлар маросимини эслатган: он ёки буви пичоққа бир тутам пахтани ўраб, спиртга ботириб ёндирган, сўнгра ушбу жаҳаннам оловини банка ичида ўчириб, дарҳол боланинг орқасига қўйган. Банкани “шифокор” у етарлича терини сўриб олганлигига ишонч ҳосил қилгунича ушлаш даркор эди. Жараёндан сўнг терида мувофиқ тўқ рангли доираларнинг изи қолган ва шамоллаш мавсумида болаларнинг орқалари шундай сурат билан безатилган.

Марганцовка

Мустақилликдан аввалги ҳар бир хонадондаги дори қутисида “Звёздочка” бальзами билан бир қаторда калий перманганати тўқ-қизил рангдаги зарралари сақланган. Бу воситани қўллаш соҳаси кенг кўламли бўлиб, у асосан оилавий “тиббий кенгаш” заҳарланишни аниқлаган вазиятда берилган: 3 литрли банкадаги сувга “шифокорнинг” назарида суюқликнинг ранги етарлича тўйингунича (оч пуштидан деярли қорагача) асталик билан зарралар қўшилган. Сўнгра, бечора беморга мажбурлаб эритмани ичирганлар. Айтишларича, айримлар бир литргача ича олганлар.

Горчичниклар (ханталли компресс)

Горчичниклар банкалар мавзусига яқин, аммо бироз ёқимсиз. Улар ҳозир ҳам сотилади, лекин бир қарашда терини кўчириб юборадиган аввалги горчичниклар билан таққослаб бўлмайди. Ярим банка аччиқ зираворга етадиган хантал кукуни ёпиштирилган варақлар ўпка соҳасида кўкрак ёки орқага ёпиштирилган ва терининг ачишиши тўхтаб, ранги лавлагидек қизаргунича ушлаганлар. Сўнгра бахтиқаро беморнинг териси нам латта билан артилиб, ўзи адёлга ўраб қўйилган.

“Звёздочка” бальзами

“Звёздочка” тўғрисидаги ўйлаган заҳотинг бошқа ҳеч нарса билан адаштириб бўлмайдиган ҳид бурунга уради. Дўстона давлат ҳисобланган Вьетнамда тайёрланган кичкина думалоқ қутидаги бу бальзам жарроҳлик аралашмасдан даволаш мумкин бўлган ҳар қандай касалликка шифо саналган. Шунингдек, у темир қутини фақатгина, чамаси, қадимий вьетнам усулидан хабардор одамлар оча олгани билан ёдда қолган.

Оёқлар иссиқ сувда!

“Ёқимлилик” даражаси бўйича тахминан горчичникларга таққослаш мумкин бўлган яна бир усул. Иссиқ, жуда иссиқ сув солинган тоғорага бироз хантал кукуни (миқдор ҳар оилада ҳар хил бўлган) қўшилиб, шамоллаган бола унга оёқларини тиқиб, бутунлай адёлга ўралиб ўтиришга мажбурланган. Бемор шу ҳолатда сув ҳарорати оёқлар аста куйишдан тўхтайдиган даражада совигунича ўтирган. Кейин оёқларга иссиқ жун пайпоқлар кийдирилган ва тузалиб қолган ўқувчи каравотга ётқизилган.

Битга қарши керосин

Бит нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам ҳақиқий фалокат эди, чунки уларни йўқотиш осон эмасди. Одатда, кутилмаган меҳмонлар ёзги оромгоҳлардан, табиийки, янги ўқув йили бошланиши арафасида олиб келинган. Албатта, битга қарши воситалар бўлган, аммо кўпчилик нима учундир уларни керосин билан йўқотишни афзал кўрган. Керосин суртилган бош целлофан халтаси билан ўралган ва ҳашаротлар эгаси бир неча соат шу алфозда ўтирган. Бу – ҳақиқий касалхонага бошлаши мумкин бўлган энг хавфли даволаш усулларидан бири эди: керосин ёнғин чиқариши мумкин ва жуда заҳарли.

Спиртли компресс

Спирт доим хўжаликда керак бўлган. Шунингдек, у компресслар учун ҳам қўлланилган. Ўткир ҳидли суюқликнинг бироз миқдори пахта бўлагига қуйилиб, шамоллаган боланинг томоғига ёпиштирилган. Устидан плёнка ёки, омади келмаса, қоғоз парчаси қўйилган. Одам ва компрессдан иборат қаватли пишириқ устидан жун рўмол ёки шарф билан ўралган. Айтиш керакки, спирт буғлари таъсири остида бола жуда тез ухлаб қолган.

Йод

Йод – ҳудди “Звёздочка” сингари ота-оналаримизнинг дори қутисидан жой олган яна бир шифо воситаси. Унинг ёрдамида яралар куйдирилган (замонавий шифокорлар бундай қилишни қатъий тақиқлайдилар), пай чўзилиши, урилишлар ва кўкаришларда ёрдам берадиган панжаралар чизилган, йўтални даволаш учун иссиқ сутга қўшилган. Хуллас, ҳар бир оилада йоддан фойдаланишнинг 1001 усули бўлган.

Сизни болаликда қандай даволаганлар?

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!