•  
  • 1
  •  
  •  
  •  
    1
    Share

Бугунги кунда гўзаллик стандартларига нисбатан қатъий чегаралар белгиланмаган, шу боис мода оламида карьера қилиш истагида бўлган деярли ҳар қандай қиз манекенчига айланиши мумкин.

Эътиборингизга мода оламининг энг жозибали қизларини тақдим этамиз ҳамда гўзаллик эталони қай тарзда ўзгарганини кўрамиз.

Бетти Бросмер (1954)

1950-йиллар бутун дунё бўйлаб суратлардан эркакларга табассум билан боқиб турган пин-ап қизларини совға қилган. Ингичка бел, кенг тос, баланд кўкрак, қалин сочлар – муҳташам аёллар ўз гўзаллигини намоён этганлар ва бу уятли бўлиб кўринмаган.

Бетти Бросмер ташқи кўриниши туфайли урушдан кейинги даврнинг рамзига айланган ва 1950-йилларнинг охиригача катта маошли пин-ап модель бўлиб қолган

Довима (1955)

1950-йилларда яна бир америкача услуб – newlook бўлган. Нафис, нозик ва заиф соҳибжамол – newlook асосчиси Кристиан Диор томонидан таклиф этилган мукаммал аёл образи. Бу даврда қизларнинг янги стандартларга бўйсинишига тўғри келган: парҳез тутиш, белига тор корсет тақиш, тос ва кўкрак янада жозибали кўриниши учун махсус тагликлар қўйиш.

Мазкур услубдаги энг ёрқин модель Довима бўлиб, озғинлиги ва баланд бўйи уни энг кўп ҳақ тўланадиган манекенчига айлантирган.

Жейн Мэнсфилд (1957)

Яна бир пин-ап юлдузи – Жейн Мэнсфилд нафақат ёрқин ташқи кўриниши, балки актёрлик маҳорати билан ҳам кўзга кўринган. Голливуд тез орада унга тўйган ва соҳибжамол эркин парвозга отланган, яъни у АҚШ сарҳадларидан ташқарида гастролларга қатнаган.

Твигги (1966)

Мода оламида newlook даврининг шакли ва ўлчамлари эталонга айланди. Энди ҳар бир модель Довиманинг нусхасига айланиши, яъни ўта озғин бўлиши керак эди.

Ҳудди шу пайт лондонлик модельерлар калта сочли ва катта кўзли нозик қизчани кўриб қоладилар. Твигги 16 ёшидаёқ 1960-йиллар услубининг янги намояндасига айланади. Ўша даврнинг энг яхши суратчилари билан ишлаган ва деярли барча мода муқоваларида кўринган Твигги нафақат Лондонни, балки британиялик ёшлар орасидаги янги маданият вакиллари – модларни ҳам ўзига ром қилган. Гарчи тўхтовсиз мода намойишлари ритмида яшаган Твигги 4 йил ўтгач моделлик фаолиятига якун ясаган бўлсада, у мода саноатининг ёрқин бўлаги бўлиб қолган.

Верушка (1968)

Верушка ёшлигиданоқ машҳур бўлишга тайёр бўлган, аммо мода саноати уни жиддий қабул қилмаган: қиз ўша давр учун ностандарт ҳисобланган бўй (185 см)га эга бўлган. Фақатгина 24 ёшида “Фотокатталаштириш” фильмидаги кичик роли туфайли у ҳақиқий омадга эришган. Машҳур суратчилар, модельерлар – ҳамма немис манекенчиси билан ишлашни хоҳлайган, гўзаллик стандартлари эса яна ўзгарган – энди моделлар жуда баланд бўлишлари керак эди.

Жерри Холл (1975)

Жеррида мукаммал модель бўлиш учун ҳамма нарса бор эди: бўй, вазн, тана тузилиши ва узун сарғимтир сочлар. Гўзалнинг карьераси биринчи фотосессиядан кейинроқ ривожлана бошлаган ва 3 йилдан сўнг Холл 1970-йилларнинг энг машҳур манекенчисига айланган. Шунингдек, моделнинг нафақат либослар, балки турли ролларни талқин этиш маҳорати ҳам омадга сабаб бўлган.

Айнан шу даврда саноатда мукаммал 90-60-90 ўлчамига доир тасаввур пайдо бўлган ва моделнинг характери қадрлана бошлаган: қизларни шунчаки “кийим илгаклари” эмас, балки шахс сифатида қабул қила бошлаганлар.

Жиа Каранжи (1978)

Дадил ва қўрқмас Жиа чамаси болалигиданоқ мода стандартларини батамом ўзгартириш учун туғилганини билган. Тўқ рангли сочлари (ўша пайтда фақат малла сочларга талаб бўлган), муҳташам ўлчамлари ва қийин характерига қарамай, у мода саноатига бостириб кирган ҳамда  1970-йилларнинг энг сержанжал ва машҳур моделига айланган.

Женис Дикинсон (1978)

Жигарранг сочлар ва бироз дағал юз тузилиши Женисдан барча агентларни четлаштирарди, аммо тўҳтовсиз уринишлар бир куни ўзини оқлаган – қизга назарлари тушган ва “раҳми келиб” ишга олганлар. Бир неча йил ичида Дикинсон меҳнатсеварлик, жозиба ҳамда қатъий парҳез ёрдамида исталган қиз модель бўла олишини исботлаган.

Брук Шилдс (1981)

Брук болалигиданоқ суратга туша бошлаган. У Vogue муқовасида пайдо бўлган энг ёш модель эди. Брук кўпинча зиддиятли таклифларга рози бўлган, натижада унга бўлган қизиқиш янада ортган. 1980-йилларда у мода оламидаги энг таниқли шахслардан бирига айланган, унинг кундалик гонорари эса $ 10 мингни ташкил қилган. Тан олиш керакки, бу 16 ёшли қиз учун ёмон эмас.

Бу даврда мода саноатида ёқимтой чеҳрали ёш қизларга талаб ортган.

Паулина Поризкова (1984)

Шарқий Европадан чиққан биринчи топ-модель бу оламга тасодифан тушиб қолган: агентлик унинг ёш суратчи олган суратларини кўриб қолган. Қиз 1980-йиллардаги барча гўзаллик стандартларига мос бўлган, шу боис биринчи фотосессиядаёқ унга катта машҳурликни башорат қилганлар. Бироқ, Поризковада бу бизнесга қизиқиш мутлақо бўлмаган, лекин бу унинг омадга эришишига тўсқинлик қилмаган.

Манекенчилар шахси яна иккинчи планга сурилган, ингичка бел ва тўғри юз тузилиши эса яна олдинга чиққан.

Синди Кроуфорд (1995)

90-60-90 ўлчами ва баланд бўй модельерлар ва янги манекенчиларнинг ҳаёлига қаттиқ ўрнашиб олган супермоделлар даврининг ёрқин юлдузи. Синди – $ 10 тыс учун мутлақо кийимсиз суратга тушишга рози бўлган биринчи супермодель бўлиб, табиийки, ҳар бир эркакнинг орзусига айланган.

Кроуфорд фаолияти давомида бутун дунё бўйлаб 600та муқовада пайдо бўлган, 2015-йилда эса MarieClaire журнали учун суратга тушган. Бунда модель фотошопдан воз кечган – у ўз ёшидан уялмайди.

Клаудия Шиффер (1995)

Клаудия озғин қомати ва баланд бўйи туфайли мактабда ўзини ноқулай ҳис қилган ҳамда Париждаги биринчи фотосессиядан кейин уни уйга жўнатиб юборишларини кутган. Бироқ унинг ташқи кўриниши 1990-йиллардаги гўзаллик стандартларига мос эди ва Шиффер супермоделлар қаторидан ўрин олган.

Барча манекенчилар бўйсинган қандайдир олтин стандартга қарамай, супермоделлар бир-бирига ўзшамаган ва уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга бўлган. Масалан, Шифферни француз актрисасига ўхшагани учун “янги Брижит Бардо” деб чақирганлар.

Тайра Бэнкс (1997)

Тайра 15 ёшида юқори мода оламига шиддат билан кириб келган ва 17 ёшидаёқ Париж подиумлари юлдузига айланган. Бироқ, унинг мода тарихига қўшган асосий ҳиссаси – “Америкача топ-модель” лойиҳаси бўлган. Бу лойиҳа туфайли ҳар бир томошабин манекенчилар машҳур ортидан қувганда қандай синовлардан ўтиши ва бу йўлни танлаганда нималарга тайёр туриш кераклиги ҳақида билиб олган.

Кейт Мосс (1998)

Кейт Мосс ўртача бўйи ва камтарона ўлчамлари билан “олтин стандартга” қарши чиққан биринчи моделга айланган. Унда ўғил болача услуб ва андрогинлик аёллик жозибасининг ўрнини босадиган келажакдаги гўзаллик эталонини кўра билдилар. Мосс 1990-йилларнинг энг машҳур моделларидан бири бўлган: ҳар бир одам нотўғри юз тузилишига эга озғин қизча қиёфасида ўзини кўрган.

Айнан шу йўл билан Кейт янги мода стандартларини белгилаб берган: эндиликда манекенчилар ёш ҳамда шунчаки озғин эмас, балки деярли қуруқ чўпдек бўлишлари керак эди.

Хайди Клум (1998)

Бу гўзал болалигиданоқ моделлик карьераси ҳақида орзу қилган ва мақсади сари ишонч билан қадам босган: у 18 ёшидаёқ агентлик билан қиймати $ 300 мингга тенг шартномани имзолаган. Тўплаган маблағларини ақл билан ишлатган Клум аҳмоқ малласоч-модель тўғрисидаги тасаввурни биринчилардан бўлиб йўқотган. Хайди ширинликлар ишлаб чиқариш фабрикаси, шахсий кийим бренди ва заргарлик буюмлари йўналиши эгасига айланган.

Эндиликда моделларни ақли паст гўзаллар сифатида қабул қилиш тўхтади. Улар кўпроқ келажак ҳақида ўйлаб, бизнес билан шуғулланадиган, мамлакатниг ижтимоий ҳаётида иштирок этадиган бўлдилар.

Жизель Бюндхен (2000)

Жизель билан бирга соғлом тана ва тўғри овқатланиш модаси кириб келган. Бундан ташқари, мазкур соғлом фикрга яна бир жанжал сабаб бўлган: 2006-йилда уругвайлик модель Луисель Рамос очлик туфайли подиумда ҳуружга учраган. Бу воқеадан сўнг айрим дизайнерлар кўкрак ўлчами нолга (тахминан 76-56-81 ўлчамига мос келади) тенг манекенчиларга намойишларда иштирок этишни тақиқлаганлар.

Кара Делевинь (2012)

Кара учун карьера пиллапоясидан кўтарилиши 2012-йилда интернет-дўкон учун тўпламлар билан суратга тушишдан бошланган. Бироқ, бир неча ичида модель Париж подиумларида мода титанларининг маҳсулотларини реклама қила бошлаган ва мода саноатининг турли рейтингларидан ўрин олган.

Кара камера қаршисида ғалати ҳолатларда туриши, шунингдек ёрқин ўзига хослиги туфайли мода оламиг ўсмирлик шиддатини олиб кирган.

Лили Макменами (2013)

Лилининг онаси, машҳур модель Кристен Макменами қизининг моделлик фаолиятига қарши бўлган. Шунга қарамай, қиз 2012-йилда подиумга кўтарилган ва ҳозиргача мода намойишлари ва муқоваларда порлаб келмоқда.

Лилининг “моделга хос бўлмаган” ташқи қиёфаси Marc Jacobs, Louis Vuitton, Saint Laurent каби саноат гигантлари билан ҳамкорлик қилишига ҳамда ўзига хос қиёфага эга янги моделларга ўрнак бўлишига ҳалақит бермайди.

Кендалл Женнер (2015)

Кендалл 2011-йилда ню услубида олинган жанжалли фотосессиядан сўнг машҳур бўлиб уйғонган (ўша пайтда қиз вояга етмаган эди). У эндигина шаклланаётган Social Media Modelling ҳаракати ҳамда Instagram даврининг юлдузига айланиш бахтига сазовор бўлган. Модель подиумдан ташқарида модель ўзига хослигинимутлақо турли услубларни, масалан будуар корсетини спорт иштони биланбирлаштириш орқали намоён этади. Шу тариқа, у мода оламида янги йўналишларни очиб бермоқда.

Жижи Хадид (2015)

Омма орасида аллақачон урфдан қолиб кетган ўта ёрқин рангдаги кийимларда пайдо бўладиган Жижи Хадид ҳам янги йўналишларни ихтиро қилмоқда.

Айтгандек, Жижи Хадид 24 ёшигача 35 маротаба Vogue муқовасида пайдо бўлишга, Victoria’sSecret “фаришталари” таркибига киришга, энг кўп маош оладиган моделлар рўйхатини тўлдиришга ва ўзининг мутлақ нусхаси бўлган Барбир қўғирчоғини чиқаришга улгурган. У буларнинг барига лўппи яноқлари ва аутоиммун хасталикка қарамай эришган.

Линдси Виксон (2016)

Думалоқ юз, тишлар орасидаги ёриқ, бўртиқ лаблар – Линдси жон кирган чинни қўғирчоққа ўхшайди. Дастлаб унинг стандартга мос бўлмаган қиёфаси агентларни чўчитган, аммо қиз орзусидан воз кечмаган. 2009-йилда у биринчи марта подиумда пайдо бўлган ва бир нечта намойиш ўтгач, у йилнинг ҳақиқий топилмасига айланган.

Линдси ўз мисолида моделлик оламида ташқи қиёфа – асосийси эмас, муҳими рад жавобларга қарамай мақсад томон интилиш зарур эканлигини исботлади.

Винни Харлоу (2019)

Винни Харлоунинг мода оламида пайдо бўлиши ҳақиқий шов-шувга айланди. У “Америкача топ-модель” шоусида “атиги” 6-ўринни эгаллаган, аммо Diesel и Tommy Hilfiger каби машҳур брендлар шу заҳоти у билан шартнома тузишга киришдилар.

Моделнинг асосий ўзига хослиги терининг антиқа пигментга эгалигида эмас. Энг муҳим жиҳат нафақат ушбу хасталик билан яшашга, балки ўзига хослигини бошқаларга кўрсатишга қарор қилган Виннининг ёрқин ва кучли характерида.

2018-йилдан буён агентликлар мутлақо ностандарт қизларни кўриб чиқмоқда. Бўй, вазн ва ёш – эндиликда булар аҳамиятсиз, асосийси – моделнинг жозибаси ва ўзига хослигидир.

Сизга қайси мода даври ёқди? Сизнингча, қайси моделлар гўзаллик эталони ҳисобланади?

Телеграм, Facebook, Одноклассники-даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!