•  
  •  
  •  
  •  
  •  

1.

Доим ҳимоя қилувчи кийим-бошдан фойдаланинг. Керакли жиҳозлар – шлем, қўлқоплар, мотоботлар, тизза ҳимояси мосламалари ва ҳимояланган мотокуртка, ёки “тошбақа”. Ҳаттоки 100 метр юришга ҳам шлем кийишга эринманг. Бир сония ичида йўлда нима содир бўлиши мумкинлигини ҳеч ким билмайди.

2.

Муҳим йўлга чиқишдан аввал мотоциклни кўздан кечиринг: тормозлар, тросчалар, уланиш, ёруғлик сигналлари, шиналар шикастланмагани. Мой ва шиналардаги босим даражасини мунтазам назорат қилинг.

3.

Ҳайдаш кўникмаларини доимий равишда такомиллаштиринг. Фавқулодда тормоз бериш ва маневр қилиш қобилияти ҳаётингизни қутқариши мумкин. Бироқ унутманг, бу кўникмаларни йўлда қўллашингизга тўғри келса, демак қайсидир омилни ҳисобга олмасдан, шу вазиятнинг юзага келишига ўзингиз сабаб бўлгансиз. Тўғри хавфсиз ҳайдаш эса фавқулодда вазиятларга қарши курашишни эмас, уларнинг олдини олишни назарда тутади.

4.

Тезлик режимига амал қилинг. Аксарият ҳолларда юқори тезликда қулаш кўпинча ўлим билан тугайдиган жароҳатларга сабаб бўлади.

5.

Ўзингизга мутлақ ишончни ҳис қилмасангиз йўловчи олманг. Эслаб қолинг, тормоз йўли ошади, бурилишларда тезлик камаяди – мотоциклни бир ўзингиз ҳайдагандагидек назорат қила олмайсиз. Йўлга чиқишдан аввал ҳаракатланиш чоғида иккинчи одам нима қилиши кераклиги ва нималар мутлақо тақиқланганлиги ҳақида кўрсатмалар беринг. Иккинчи одамда доим ҳимоя кийим-боши борлигини назорат қилинг. Тезликни камайтиринг ва диққатни оширинг – ҳозир фақат ўзингиз эмас, бошқа одам учун ҳам жавобгарсиз.

6.

Масофани сақланг! Унутманг, мотоциклнинг тормоз йўли автомобилнинг тормоз йўлидан узунроқ, яъни масофа сақламасдан кетаётганингизда олдингиздаги транспорт воситаси кескин тормоз берадиган бўлса, унинг багажнигига кириб кетасиз. “Ярим тезлик” масофаси хавфсиз ҳисобланади, яъни соатига 60 километр тезликда кетаётган бўлсангиз, масофа 30 метр, соатига 90 километр тезликда масофа 45 метр бўлиши керак.

7.

Ўзингиз ҳаракатланаётган йўлакда етакчи ҳолатни эгалланганг. Йўлакнинг ўртасидан юриш тавсия этилмайди, бу ерда чиқиндилар ва мой доғлари бўлиши мумкин. Лекин енгил автомобиль ҳайдовчиларида сиз билан бир йўлакка тиқилиш истаги юзага келмаслиги учун четдан ҳам юрманг. Бу ҳолат сизни йўл четига ёки қарама-қарши томонга “итариб чиқаришга” сабаб бўлиши мумкин.

8.

Трамвай излари ва бошқа исталган тўсиқлардан максимал даражада тўғри бурчак остида ўтинг. Акс ҳолда, қулаш эҳтимоли баланд. Шунингдек, трамвай излари, уларнинг атрофидаги резина қопламада ва белгиларнинг чизиқларида тормоз берманг. Уларда уланиш коэффициенти йўл қопламасига нисбатан анча бўлгани сабабли ғилдираклар айланиб кетиши мумкин.

9.

Бурилишдан аввал тезликни камайтиринг ва бутун бурилишдан ўтадиган узатишни танланг. Бурилишда тормоз бериш мотоцикл устидан назоратнинг йўқолишига сабаб бўлиши мумкин.

10.

Фақат кетаётган жойингизга қаранг. Бошқача қилиб айтганда, мотоцикл доим сизнинг нигоҳингиз қаратилган жойга боради. “Бурилишдан қараш билан ўтиш” одатини машқ қилинг. Масалан, йўлга югуриб чиққан итга қарасангиз, у билан тўқнашишдан қочолмайсиз.

11.

Йўл-транспорт ҳодисалари орасида энг кенг тарқалгани – автомобилларнинг ҳовлилар ва уйга туташ ҳудудлардан чиқишидир. Тор йўлдан юрганда барча кириш/чиқиш жойларини назарда тутинг ва фавқулодда тормоз беришга тайёр туринг.

12.

Тураргоҳдаги ҳамда тирбандликда турган автомобилларнинг ғилдираклари қаерга қаратилганига эътибор беринг. Агар ғилдираклар ташқарига қайрилган бўлса, автомобиль кутилмаган маневрни бажариб, бирдан олдингизда пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд. Жойида турган ёки қарама-қарши ҳаракат йўлагининг четки чизиғида тормоз бераётган автомобиллар ҳам шулар жумласидандир. Ҳайдовчи бурнингиз тагида бурилишни амалга ошириши ва оқибатлар ҳалокатга олиб келиши мумкин.

13.

Тирбандликда ҳаракатланганда ҳайдовчи ёки йўловчи ёнида мотоцикл тургани эҳтимолини ўйламасдан бирдан эшикни очиб юбориши хавфи мавжуд. Ҳеч қачон соатига 15-20 километрдан ортиқ тезликда юрманг. Яна бир хавф – машиналар оқими турганида пиёдалар доим белгиланмаган жойдан ўтишга ҳаракат қиладилар ва бирдан олдингиздан чиқиб қолишлари мумкин. Йўл четида турган автомобилларга ёпишманг – уларнинг эшиклари ҳам ўйламасдан ва кутилмаганда очилади.

14.

Оқим орасида ҳаракатланганда атрофдаги вазиятни назорат қилиб, автомобиллар хавфли масофага яқинлашишига йўл бермаган ҳолда, оқим тезлиги билан юрган маъқул. Оқим тезлигидан 20 фоизга кўпроқ тезликда юриш мумкин, аммо бу вазиятда йўл ҳаракати иштирокчиларининг аксариятига кўринмай қолишингизни унутманг ҳамда буни масофани, ён томон интервалини танлашда ва маневрларни амалга оширишда ҳисобга олинг.

15.

Йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари учун кўринарли ва тушунарли бўлишни ўрганинг. Ёруғлик жиҳозларининг созлиги, мотоциклнинг қўшимча ёритилиши, ёрқин нимча ва ёруғликни қайтарувчи элементлар, бу – сизнинг пассив хавфсизлигингиз.

16.

Универсал маслаҳат – тезликни камайтиринг. Айниқса автомобиллар оқимида трасса бўйлаб кетмаётган бўлсангиз. Оқим тезлигидан паст тезликда юриш хавфли. Фожиага олиб келиши мумкин бўлган “парвоздан” эмас, мотоцикл ҳайдаш жараёнининг ўзидан завқ олинг.

17.

Металл йўл тўсиқлари ёнида ҳаракатланишдан сақланинг. Одатда, улар мотоцикл ҳайдовчилари хавфсизлиги ҳисобга олмасдан ишланган бўлади ва уларда ҳимоя тасмаси бўлмайди. Бундай тўсиққа, ҳаттоки ўртача тезликда урилганда ҳам мотоцикл ҳайдовчиси ўта оғир жароҳатлар олади.

18.

Олдинда кетаётган транспорт воситаларининг ҳар қандай тормоз бериши тезликни камайтириш учун сигналдир. Эҳтимол, олдинда пиёдалар ўтиш йўлаги бўлиб, автомобиллар пиёдаларни ўтказиб юбориш учун тўхтаётгандир. Эҳтимол, улар бурилаётган транспорт воситасининг маневрини кутиш учун тўхташгандир. Нима бўлганда ҳам тўхтагунча тезликни камайтиринг. Сиз ҳеч қандай хавфни кўрмаётган бўлсангиз, у мавжуд эмас дегани эмас.

19.

Ёдда тутинг – тўғри ҳаракатланишдан ҳар қандай четга оғиш маневр ҳисобланади. Айтишларича, “ўз йўлагинг чегарасида” ҳар қандай ҳаракатлар қилиш мумкин экан. Бу нотўғри. Тўғри чизиқдаги ҳаракатдан ҳар қандай оғишда ушбу маневрнинг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилишингиз керак.

20.

Доим “кутилмаганга тайёр туриш” ҳолатида бўлинг. ЙТҲ роликларини томоша қилинг, уларга сабаб бўлган хатоларни таҳлил қилинг. Йўлдаги бир қарашда мутлақо хавфсиз вазият сониялар ичида ўзгариши мумкин.

Йўлингиз беҳатар бўлсин!