•  
  • 1
  •  
  •  
  •  
    1
    Share

Наврўзнинг келиб чиқиши тарихи

Наврўз (форс. نوروز‎ «янги кун»), шунингдек Халқаро Наврўз куни (21 март) – эрон ва туркий халқларда астрономик қуёш тақвими бўйича янги йил байрами ҳисобланади. Наврўз ислом анъаналарига бевосита алоқаси бўлмаган миллий урф-одатдир. Наврўз қарийб 5 минг йиллик қадимий байрам бўлиб, замонавий динлар ва аксарият давлатлар юзага келишидан анча аввал пайдо бўлган.

Кўплаб олимлар байрамнинг қадимий илдизлари ҳақида гапирганда Абулқосим Фирдавсийнинг (X-XI асрлар) “Шоҳнома” асарига мурожаат қиладилар. Буюк аллома ўз асарида олам яралганидан бошлаб то араб истилочилари (VII аср) томонидан империянинг забт этилгунича бўлган даврда яшаган форслар тўғрисида сўз юритади. Бироқ, Наврўзга оид дастлабки қайдлар янада қадимий бўлган “Авесто” китобида ёзилган.

“Авесто” – замонавий Марказий Осиё, Кавказорти, Эрон, Афғонистон ва Покистон ҳудудларида исломдан аввал кенг тарқалган дунёдаги энг қадимий эътиқодлардан бири – зардуштийликнинг муқаддас битикларидир.

Шу билан бирга, Наврўзнинг келиб чиқиши ҳақида Беруний ҳам ўзининг сўнгги асарларида, ат-Табарий, қадимги юнонистонлик тарихчи Страбон каби қатор адиблар ёзиб ўтганлар.


Наврўз қайси давлатларда нишонланади

Бугунги кунда Наврўз Эрон, Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Туркия, Албания, Грузия, Македония, Қирғизистон, Туркманистон, шунингдек Россиянинг айрим ҳудудларида (Шимолий Кавказ, Бошқирдистон, Татарстон), Босния ва Герцеговина, Хитой, Мўғулистон ва Покистонда нишонланади.

Таъкидлаш жоизки, Яқин Шарқ ҳудудида Наврўз фақатгина арабларнинг кириб келиши, исломнинг тарқалиши ва Араб халифалигининг пайдо бўлишигача шу ерда яшаб келган халқларнинг вакиллари томонидан байрам қилинади.

Мувофиқ равишда, Наврўз, масалан, араб давлатларида ва араблар томонидан нишонланмайди. 

Муҳим саналар

  • Туркияда 1925 йилдан то 1991 йилгача Наврўзни нишонлаш расман таъқиқланган. Сурияда Наврўз байрамини ўтказиш шу кунгача мумкин эмас.
  • Грузияда Наврўз 2010 йилда миллий байрам сифатида эълон қилинган.
  • Совет даврида Наврўз норасмий тарзда нишонланган, чунки давлат органлари баҳор кириб келишини қутлашга руҳсат бермаган ва бунинг учун одамларни кузатган.

Байрамнинг турли давлатларда номланиши

Наврўзни нишонлаш қадимда Форс империяси ва форс маданиятининг таъсир доирасига  кирган Яқин Шарқ ва Ўрта Осиёнинг аксарият маданиятларида турли номлар остида кенг тарқалган.

Эътиборингизга турли тилларда ушбу байрамнинг номланиши келтирилган тўлиқ бўлмаган рўйҳатни тақдим этамиз:

озарб. Novruzфорс. نوروز‎ — Now ruzпушту نوورځ‎ — Naw wrazкурд. Newrozтож. Наврӯзўзб. Наврўз, Navroʻzтуркм. Новруз, Nowruzқоз. Науризуйғ. Норузқирғ. Ноорузтат. Нәүрүз / Näwrüzтур. Nevruzқрим-тат. Navrez / Наврезбошқ. Наурузчуваш. Нарăс. Шунингдек, байрам бошқа тилларда ҳам маҳаллий номлар остида нишонланади.

Наврўзда турли давлатларда қандай таомлар тайёрланади?

Наврўз Осиё давлатларида оилавий байрам ҳисобланади. Бу куни байрамона дастурхон ёзилади. Эрон ва Афғонистонда у “ҳафт син” деб номланади, чунки дастурхонда номи форс алифбосининг “син” ҳарфидан бошланадиган еттита (ҳафт) маҳсулот ва буюм бўлиши керак:

  • “сиб” – олма, гўзаллик тимсоли;
  • “сабзе” – ундирилган буғдой, янгиланиш тимсоли;
  • “серке” – сирка, узоқ умр ва сабр;
  • “сенжед” – ёввойи зайтун ёки чаканда (облепиха), муҳаббат;
  • “секке” – танга, бойлик ва фаровонлик;
  • “сир” – саримсоқ пиёз, саломатлик ва баҳтсизликлардан қутулиш;
  • “саману” (сумалак, саманак) – ундирилган буғдойдан тайёрланган таом.

“Сумалак” (“сумалак”, “суманак”, “сумелек”) сўзининг нимани англатишига доир ҳар бир қанча изоҳлар мавжуд. “Сума” – қадимги туркий луғатда “димланган буғдой/арпа”, “лакс” эса – “буғдой уни” деган маънони билдиради. Яна бир изоҳга кўра, таомнинг номи “30 фаришта”ни билдириб, уни афсонага биноан фаришталарнинг ўзлари таом тайёрлашда ёрдам кўрсатган ночор аёл томонидан ўйлаб топилган.

Қозоғистон

Қозоғистондаги анъанага кўра баҳорий байрамда «Наурыз коже» таоми тайёрланади. Коже келгуси йил унумдор бўлиши учун тўйгунча ейилади. Ривоятга кўра Наурыз коже етти хонадонда таътиб кўрилса, йил омадли келади.

Наурыз коже – ҳаётнинг 7 ибтидосини билдирувчи 7 та мажбурий маҳсулотдан (сув, гўшт, туз, ёғ, ун, буғдой (гуруч, жўҳори) ва сут) иборат анъанавий баҳорий шўрва.

Ҳар бир уй бекаси шахсий рецептига эга бўлса-да, асос битта ҳисобланади – маҳсулотлар сони 7 сонига тенг бўлиши керак.

Туркия

Туркияда 1925 йилдан Наврўз (Nevruz)ни байрам қилиш расман таъқиқланган бўлиб, фақатгина ХХ асрнинг 90-йилларидан яна нишонлана бошлаган. Сўнгги йилларда эса Туркияда Наврўз ҳукуматнинг биринчи шахслари иштирокида ўтказилади.

Бу давлатда байрамгача икки ҳафта олдин буғдой донларини ундириб, патнисда яшил рангда унган донни ширинликлар ва ёқилган шамлар ҳамда, қанчалар қизиқ бўлмасин, ҳудди православлар Пасхасида бўлганидек, бўялган тухумлар билан бирга дастурхонга тортиш урф бўлган.

Агар Қозоғистонда байрамона таом Наурыз коже ҳисобланса, Туркияда – бу ундирилган буғдойдан пиширилган сумалакдир. Байрам куни албатта гулҳанлар ёқилади.

Ривоятга кўра, ҳар ким олов устидан етти мартта ёки етти гулҳон устидан бир марттадан сакраши керак.

Озарбайжон

Озарбайжонда шу куни байрам столида албатта номланиши “с” ҳарфидан бошланадиган еттита егулик бўлиши керак. Булар – сумах, скэд (сут), сирке (сирка), сэмени (буғдойли махсус бўтқа), сабзи (кўкатлар) ва ҳ.к. Санаб ўтилган таомлардан ташқари стол устига кўзгу, шам ва бўялган тухум қўйилади.

Буларнинг барчаси тимсолий маънога эга: шам – инсонни ёвуз руҳлардан ҳимоя қилувчи ёруғлик ёки олов. Тухум ва кўзгу эски йилни якунлаб, янги йилнинг дастлабки кунини нишонлаш учун керак.

Анъанага биноан озарбайжонликлар бўялган тухумни кўзгу устига қўядилар ва тухум чайқалиши билан Янги йил (Novruz) кириб келади.

Туркманистон

Туркманистонда байрам арафасида уй бекалари анъанавий егулик – ундирилган буғдойдан семени таомини пиширадилар ва уйларни мажнунтол, ўрик, олма шоҳлари билан безатадилар. Байрамнинг ўзи тонг отмасданоқ бошланиб, бутун оила янги кийимларини кийган ҳолда янги идишлар қўйилган стол атрофида жамланади.

Наврўз (Новруз, Nowruz) шарафига ёйилган дастурхон “хафт-син” деб номланади. Столда албатта номи “син” араб ҳарфидан бошланадиган еттита (ҳафт) маҳсулот бўлиши керак: рута уруғлари – сипанд, олма – себ, қора уруғлар – сияҳдане, ёввойи зайтун – санжид, сирка – сирке, саримсоқ пиёз – сир ва ундирилган буғдой – сабзи.

Эрон

Эронда “ҳафт-син” деб номланадиган байрамона дастурхонга секке – танга; серке – сирка; сир – саримсоқ; сумах – зиравор; саману (бошқа халқларда сумалак) – ундирилган буғдой донларидан тайёрланадиган таом; санжед – лох дони; сабзе – кўкатлар, табиатнинг уйғонишини англатувчи сувда ундирилган зиғир ва бошоқлиларнинг уруғлари қўйилади.

Бундан ташқари, столда кўзгу туради ва оила аъзоларининг сонига тенг шамлар ёқилади. Бу шамларни охиригача ёниб бўлмагунича ўчириш мумкин эмас.

Теҳронда ва Эроннинг айрим бошқа шаҳарларида Наврўз (نوروز‎ — Now ruz — форс.) арафасида балиқли палов тайёрлаш удум бўлиб, байрам куни вермишелли гуруч пиширилади.

Наврўз куни Марказий Осиёда (Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон) палов тайёрланади, зеро ҳеч бир байрам бу таомсиз ўтмайди. Бироқ, столдаги асосий егулик ҳалим (айрим халқларда гўжа ёки ҳалиса) ва сумалак (сумаляк, саману) ҳисобланади. Бу таомларни тайёрлаш жараёни жуда узоқ ва мураккаб бўлиб, Наврўз арафасидаги кечада давом этади.

Сумалак фақат аёллар томонидан тайёрланади, гўжа ёки ҳалим (ҳалиса) эса – эркакларнинг зиммасида бўлади.

Гўжа етти турдаги бошоқлилардан гўшт қўшилган ҳолда пиширилади ва барча маҳсулотлар бир хил масса ҳолатига келгунича қайнатилади. Ҳалим (ҳалиса) буғдой ва гўштдан тайёрланган, айрим халқларда нўҳат ва сабзавотлар қўшиладиган бўтқадан иборат. Сумалак эса – ундирилган буғдойдан тайёрланган ҳолва бўлиб, буғдой аввал майдаланади, сўнгра қозонда пахта ёғига ун қўшиб пиширилади (айрим халқларда сув қўшилади). Бу таомлар саломатлик учун жуда фойдали, чунки витаминлар ва аминокислоталарга бой бўлади.

Афғонистон

Афғонистонда сумалак пиширилади. Уни тайёрлаш учун улкан қозонлар атрофига катта оиладаги барча аёллар, шаҳарларда эса – қўшни аёллар йиғилиб, навбатма-навбат таом тагига олмаслиги учун кавлаб туришади.

Тун аёлларнинг суҳбати, қўшиқлари ва ҳаттоки рақслари билан бирга ўтади. Тонгда сумалак уни тайёрлашда иштирок этган ёки ўз маҳсулотлари билан ҳисса қўшган барчага улашилади.

Ўз навбатида, бу одамлар қариндошлари ва танишларининг уйларига пиёлаларда сумалак олиб боришади.

Татарлар ва Бошқирдлар, Россия

Татарлар ва Бошқирдлар, чамаси, Наврўзни (Nəьrьz, нәүрүз) нишонлаш удумини қадимда Урал дарёси бўйида истиқомат қилган эроний қабилалардан мерос қилиб олган кўринади.

Бутун жамоа томонидан сайланган тантаналар раҳбари ёш йигитлар ҳамроҳлигида навбат билан қишлоқдаги барча ҳонадонларни кезиб чиқади.

Байрам куни номи форс тилидаги “с” ҳарфидан бошланадиган 7 нарсанинг бўлиши шарт – сирка, сумах (экзотик зиравор), саримсоқ пиёз, сумалак, олма, чаканда (облепиха) донлари ва янги кўкатлар. Шунингдек, форс тилида “ш” ҳарфидан бошланадиган яна 7 та буюм ҳам бўлиши керак – вино, шакаш, шарбат, асал, конфетлар, сут ва гуруч.

Хитой

Хитойнинг ғарбий қишлоқларида Наврўз туркийзабон қабилалар ва хитойликларнинг ўзлари томонидан нишонланади. Бу куни одамлар қувноқ ранг-баранг либосларни кийиб, қўлларида гуллар билан ибожатхонага йўл оладилар. Деярли ҳамма лойдан ишланган буқа ҳайкалини олиб боради. Байрамнинг асосий буқаси эса бамбукдан ясалади ва беш рангга бўялган қоғоз билан қопланади: қора, оқ, қизил, яшил ва сариқ. Бу ранглар дунё яралишининг беш унсурини – олов, сув, металл, ёғоч ва тупроқни билдиради.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!