Самолёт кўтарилиши ва қўнишидан сал аввал стюардессалар йўловчилардан электрон қурилмаларни парвоз режимига ўтказишни сўрашади. Бироқ, ҳамма ҳам бу кўрсатмани бажармайди, чунки кўпчилик шунчаки буни тушунмайди: қандай қилиб уларнинг бир неча юз долларлик смартфони ўнлаб миллион доллар турадиган юқори технологик самолётнинг ишига ҳалақит қилиши мумкин?

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Келинг, бу қоидага амал қилиш нима учун шу қадар муҳимлигини кўриб чиқайлик.

Умуман парвоз режими нега керак?

Телефонда парвоз режимида маълумотлар узатишнинг барча хизматлари (Wi-Fi, GSM, Bluetooth ва бошқалар) ўчади. Содда қилиб айтганда, телефон ёки планшет радио қабул қилувчи сифатида ишламай қўяди. Агар смартфонингиз парвоз режимига ўтказилмаган бўлса, ундан чиқаётган сигнал самолётдаги юқори таъсирчанликка эга электрон воситаларга ҳалақит берувчи шовқинларни юзага келтириши мумкин.

Телефонни шунчаки уйқу режимида қолдирса бўладими?

Смартфон шунчаки “ухлаганда” ҳам (Сиз ундан қўнғироқ қилмайсиз ва СМС юбормайсиз), у барибир тармоқни излашда давом этади, ундан чиқаётган сигнал частотаси эса самолётдаги муҳим мосламалар ишининг частотасига аралашиб кетиши мумкин. Ҳаттоки, Сизга уйқудаги гаджет ҳавф туғдирмайдигандек туюлса ҳам, уни парвоз режимига ўтказинг.

Агар қурилмангизда “парвоз режимига ўтиш” функцияси бўлмаса (масалан, Сизда ўта замонавий модель эмас), уни шунчаки ўчириб қўйинг.

Бу шовқинларнинг ҳавфи нимада?

© depositphotos.com

Маълумки, кўтарилиш ва қўниш – парвознинг энг мураккаб босқичлари бўлиб, улар давомида учувчилар ҳаракатларини ердаги парвозлар бошқаруви маркази билан келишиши керак. Буларнинг барчаси самолётдаги навигация тизими ёрдамида амалга оширилади. Сизнинг қурилмангиз чиқараётган сигнал радиоалоқага ҳалақит қилиши мумкин ва учувчи  диспетчер томонидан айтилган муҳим маълумотни эшита олмайди. Натижада, авариявий ҳавфли вазият юзага келади.

Самолёт бортида қандай электрон воситалардан фойдаланиш мумкин?

  • Парвоз давомида GSM, Wi-Fi, Bluetooth (электрон соатлар, фотоаппаратлар, видеокамералар, диктофонлар, эшитиш аппаратлари, кардиостимуляторлар ва ҳ.к.) маълумотларни алмашиш функцияларига эга бўлмаган исталган электрон қурилмалардан фойдаланиш мумкин.
  • Шунингдек, маълумотлар алишиш функцияларига эга қурилмалардан (смартфон, планшет, электрон китоблар, рақамли аудио / видеоплеерлар ва ҳк.) ҳам парвознинг барча босқичларида фойдаланиш мумкин – фақат авиарежимда.
  • Юқорида санаб ўтилган қурилмаларда авиарежимни фақатгина парвоз вақтида (одатда кўтарилишдан сўнг бир неча дақиқа ўтгач) ва кема экипажининг хабаридан сўнг ўчириш мумкин. Кўтарилиш, пасайиш, қўниш ва рулни бошқариш босқичларида авиарежимни ўчиришга руҳсат берилмайди.

Рўйҳатлар ва қоидалар авиакомпанияга қараб ўзгариши мумкин, маълумотларни расмий сайтларда аниқлаштиринг.

Изоҳ

Бир нечта ишлаб турган телефон самолёт навигациясига таъсир қилмайди. Лекин, бортда ўтирган барча 300 та одам гаджетларидан фаол фойдаланишни бошласа, ер билан алоқада қийинчиликлар сезилади.

Келинг, бошқаларнинг меҳнатини қадрлайлик ва учувчилар учун қийинчиликни юзага келтирмайлик. Ахир, смартфонингизни авиарежимга ўтказиш учун атиги бир неча сония кифоя.

Асосий сурат: depositphotos.com