• 9
  • 1
  •  
  •  
  •  
    10
    Shares

Бундай ҳолат юз беришининг сабабларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Болалар истаган вақтда хоҳлаган нарсаларига эга бўлади

“Қорним очди!” – “Бироздан сўнг тамаддига бирон нарса оламан”. “Чанқадим” – “Мана ичимликли автомат”. “Зерикдим!” – “Мени телефонимни олақол”.

Шахсий эҳтиёжлари қондирилишини ортга суриш қобилияти – келажакдаги муваффақиятнинг асосий омилларидан биридир. Биз фарзандларимизни бахтли қилишни истаймиз, аммо, афсуски, уларни фақат айни фурсатда бахтли қилиб, узоқ муддатли истиқболда бахтсиз қиламиз.

Шахсий эҳтиёжлари қондирилишини ортга суриш қобилияти стресс ҳолатида ҳаракат қила олиш лаёқатини англатади.

Фарзандларимизнинг ҳаттоки оддий стресс вазиятларига қарши курашишга тайёргарлик ҳолати аста-секин камайиб бормоқда. Натижада, бу ҳолат уларнинг ҳаётда муваффақиятга эришиш йўлидаги тўсиққа айланмоқда.

Биз кўпинча болалар синфда, савдо марказларида, ресторанларда ва ўйинчоқлар дўконларида “Йўқ” сўзини эшитганида ўз истаклари қондирилишини ортга суришга қобилиятсизлигига гувоҳ бўламиз, чунки ота-оналар болаларнинг миясини ўзи истаган нарсани дарҳол олишга ўргатиб қўйган.

2. Чекланган ижтимоий таъсир

Бизнинг ишларимиз кўп, шу боис болаларимиз ҳам банд бўлиши учун уларга гаджетларни берамиз. Авваллари болалар кўчада ўйнаб, экстремал шароитда ижтимоий кўникмаларини ривожлантирганлар. Афсуски, гаджетлар очиқ ҳаводаги сайрларнинг ўрнини босмоқда. Бундан ташқари, технологиялар ота-оналарнинг болалари билан ўзаро муносабатларини янада камайтирди.

Бизнинг ўрнимизга бола билан бирга “ўтирадиган” телефон уни мулоқот қилишга ўргатмайди. Аксарият муваффақиятга эришга одамларнинг ижтимоий кўникмалари ривожланган. Бу устуворликдир!

Мия ҳам таълим оладиган ва машқ қиладиган мушакларга ўхшайди. Агар фарзандингиз велосипедда юришни билишини истасангиз, унга буни ўргатасиз. Агар фарзандингиз кута олишини хоҳласангиз, уни сабр қилишга ўргатинг. Агар бола мулоқот қилишини истасангиз, уни ижтимоийлаштириш зарур. Бошқа кўникмалар ҳам ҳудди шу тарзда орттирилади. Бунда ҳеч қандай фарқ йўқ!

3. Тугамас вақтичоғлик

Биз фарзандларимиз учун сунъий оламни яратдик. Унда зерикиш мавжуд эмас. Бола жим бўлиши билан унинг кўнглини олишга югурамиз, чунки акс ҳолда, ота-оналик бурчимизни бажармагандек ҳис қиламиз.

Биз иккита ҳар хил оламда яшаймиз: улар ўзининг “вақтичоғлик оламида”, биз эса “иш оламида”.

Нима учун болалар ошхонада ёки кир ювишда бизга ёрдам бермайди? Нима учун улар ўз ўйинчоқларини йиғиштирмайди?

Мазкур оддий бир хил иш мияни зерикарли вазифаларни бажаришда фаол бўлишга мажбурлайди.

Айнан шу “мушак” мактабда таълим олиш учун керак бўлади.

Болалар мактабга келганида ва ёзиш вақтида “Мен қила олмайман, бу жуда қийин, жуда зерикарли” дейдилар. Нега? Чунки ишга лаёқатли “мушак” тугамас вақтичоғлик орқали машқ қилмайди. У фақат иш вақтида машқ қилади.

4. Технологиялар

Гаджетлар фарзандларимиз учун бепул энага айланди, бироқ бу ёрдам учун ҳам ҳақ тўлаш керак. Биз болаларимизнинг асаб тизими, диққати ва истаклари қондирилишини ортга суриш қобилияти билан ҳақ тўлаймиз.

Кундалик ҳаёт виртуал реалликка таққослаганда зерикарли.

Болалар синфга келганида экранларда кўришга ўрганган график портлашлаш ва махсус эффектларга қарши одамларнинг овозлари ва тўғри визуал шаклларга тўқнаш келадилар.

Виртуал реалликда ўтказилган соатлардан кейин болалар синфдаги ахборотни қайта ишлашга қийналади, чунки улар видеоўйинлар тақдим этадиган юқори даражадаги рағбатлантиришга одатланган. Болалар паст даражали рағбатлантиришга эга ахборотга қайта ишлов беришга қодир эмас ва бу ҳолат уларнинг академик машқларни ечиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, технологиялар бизни болаларимиз ва оиламиздан руҳан узоқлаштиради.

Ота-онанинг руҳан мавжудлиги – бола мияси учун асосий озуқа моддасидир. Афсуски, биз аста-секин болаларимизни бундан мосуво қиляпмиз.

5. Болалар дунёни бошқаради

“Ўғлим сабзавотларни ёқтирмайди”. “У эрта уйқуга ётишни хоҳламайди”. “У нонушта қилишни ёмон кўради”. “У ўйинчоқларни яхши кўрмайди, аммо планшетни яхши билади”. “У ўзи кийинишни истамайди”. “У ўзи овқатланишга эринади”.

Булар биз ота-оналардан доим эшитадиган гаплар.

Қачондан бери болалар уларни қандай тарбиялашни бизга ўргатмоқда?

Агар бу жараён уларнинг хоҳишига қўйиб берилса, улар қиладиган иш – пишлоқли макарон ва ширинликлар ейиш, телевизор кўриш, планшетда ўйнаш ва ҳеч қачон ухламаслик бўлади.

Фарзандларимизга улар учун яхши нарсани эмас, улар истаганини бериш орқали қанчалик ёрдам берамиз?

Болаларимиз тўғри овқатланишсиз ва тўлақонли уйқусиз мактабга жаҳлдор, асабий ва эътиборсиз аҳволда келади. Бундан ташқари, уларга нотўғри хабар берамиз.

Улар истаган нарсаларини қила олишлари ва хоҳламаганларини қилмасликлари мумкинлигини ўрганадилар. Уларда “қилиш шарт” деган тушунча йўқ.

Афсуски, ҳаётда белгиланган мақсадларга эришиш учун истаганимизни эмас, шарт бўлган нарсани бажаришга тўғри келади.

Агар бола талаба бўлишни истаса, у ўқиши зарур. Агар у футболчи бўлишни хоҳласа, ҳар куни машқ қилиши керак.

Фарзандларимиз нимани исташини биладилар, аммо шу мақсадга эришиш учун бажариш зарур бўлган нарсаларни қилишга қийналадилар. Бу ҳолат эришилмаган мақсадларга олиб келади ва болаларнинг ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлади.

Уларнинг миясини машқ қилдиринг!

Сиз боланинг миясини машқ қилдириб, унинг ҳаётини ижтимоий, руҳий ва академик соҳаларда муваффақиятга эриша оладиган даражада ўзгартиришингиз мумкин.

Қуйидагиларни бажаринг:

1. Чегаралар белгилашдан қўрқманг

Болалар бахтли ва соғлом бўлиб ўсиши учун чегаралар зарур.

  • Овқатланиш, ухлаш ва гаджетларда ўйнаш вақтлари бўйича жадвал тузинг.
  • Болалар нимани исташи ёки истамаслигини эмас, улар учун нима яхшилиги ҳақида ўйланг. Кейинчалик улар сизга рахмат айтадилар.
  • Тарбия – оғир иш. Сиз уларни ўзлари учун яхши нарсани бажаришга мажбурлаш учун креатив бўлишингиз керак. Аксарият ҳолларда бу мажбуриятлар улар истаган нарсанинг айнан тескариси бўлади.
  • Болаларга нонушта ва тўйимли озуқа зарур. Улар кейинги кун мактабга ўқишга тайёр бўлиб келиши учун кўчада сайр этиши ва вақтида ухлашга ётиши керак.
  • Уларга ёқмайдиган ишларни қувноқ жараёнга, руҳий-рағбатлантирувчи ўйинга айлантиринг.

2. Гаджетлардан фойдаланишни чекланг ва болалар билан руҳий яқинликни тикланг

  • Уларга гул совға қилинг, кулинг, қитиқланг, ёстиғи остида ёки рюкзагида хат қолдиринг, тушликда мактабдан олиб кетиб ҳайрон қолдиринг, бирга рақсга тушинг, бирга эмакланг, ёстиқлар жангини уюштиринг.
  • Оилавий кечки тановвуллар ташкиллаштиринг, стол ўйинларини ўйнанг, велосипедда бирга сайрга боринг ва кечқурун фонарча билан сайр қилинг.

3. Уларни кутишга ўргатинг!

  • Зерикиш – нормал ҳолат, бу ижод сари биринчи қадам.
  • “Мен хоҳлайман” ва “мен оламан” ўртасидаги кутиш вақтини аста-секин катталаштиринг.
  • Машинада ва ресторанда гаджетларни ишлатмасликка ҳаракат қилинг ва болаларни суҳбат қуриш ёки ўйнаш орқали кутишга ўргатинг.
  • Доимий тамаддиларни чекланг.

4. Фарзандингизга эрта ёшдан бир маромдаги ишни бажаришни ўргатинг, чунки бу келажакдаги иш унумдорлигининг асосидир

  • Кийимни тахлаш, ўйинчоқларни йиғиш, кийимларни илиб қўйиш, маҳсулотларни жойлаштириш, каравотни йиғиш.
  • Креатив бўлинг. Мия бу мажбуриятларни ижобий нарса билан ўхшатиши учун уларни қувноқ ҳолатга айлантиринг.

5. Уларга ижтимоий кўникмаларни ўргатинг

Бўлишишни, ютқазишни ва ютишни, бошқаларни мақташни, “рахмат” ва “илтимос” дейишни ўргатинг.

Терапевтларнинг тажрибасига кўра, бола ота-она тарбия борасидаги ёндашувини ўзгартирган онда ўзгарар экан. Кеч бўлмасидан, фарзандларингизни ўқитиш ва миясини машқ қилдириш орқали ҳаётда муваффақиятга эришишга ёрдам беринг.