Тўнкарилиб кетган сувли бутилка ёки финжондаги қаҳва ноутбукнинг куни тугади дегани эмас. Тезкор ҳаракат қилш орқали компьютерни қутқариб қолишингиз мумкин.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Агар ноутбук бассейнда, дарёда, ваннада ёки душ остида қолган бўлса, унга ёрдам беришнинг имкони йўқ. Бу мақола фақатгина суюқлик кам, у билан алоқа эса қисқа вақт давом этган тақдирда фойда бериши мумкин.

1. Агар ноутбук электр тармоғига уланган бўлса, зудлик билан уни ўчиринг

Қувватлаш мосламасини розеткадан ва компьютерингиздан узинг, сўнгра ноутбукка уланган бошқа барча кабелларни ажратинг. Сув ва электр токи ҳам техника, ҳам сиз учун хавфсиз бирикма ҳисобланмайди.

2. Ноутбукни тўнкаринг ва ўчиринг

Аппарат ичига сув тушганлиги эҳтимоли бўлса, у ташқарига оқиб чиқиши учун компьютер клавиатурасини пастга қаратиб ўгиринг.

Бир вақтнинг ўзида ёқиш тугмасини босинг ва экран ўчмагунича ушлаб туринг. Бу қурилмани ўчиришнинг энг тезкор усули. Ҳозир сақланмаган ҳужжатларни ўйлайдиган вақт эмас. Асосийси – қисқа туташувнинг олдини олиш учун ноутбук ичида электр токининг ҳаракатини тўхтатишдир.

3. Барча мосламаларни ўчиринг

Барча ташқи мосламаларни ноутбукдан ажратинг. Флешкалар, хотира карталари, USB-модем, ҳаттоки батарея — ҳаммасини йўқотинг! Компьютерга сув тушган ҳолатда фақат у эмас, бошқа аксессуарларга ҳам зарар етиши мумкин.

4. Ноутбукни артинг

Энди ноутбукни қайта ўгирмаган ҳолда яхшилаб артинг. Бу мақсад учун пахтадан ишланган сочиқ тўғри келади: у ҳар қандай суюқликни яхши шимиб олади. Шунингдек, қоғоз салфеткалардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Бундай нарсалар бўлмаса, қўлингизга тушган ҳар қандай нарса билан аппаратни қутқаринг.

Клавиатурага алоҳида эътибор қаратинг: сув клавишалар остига осон киради. Портлар ва совутиш учун тешикни артишни унутманг.

5. Кулгили конструкцияни қуринг

Дастлаб вентиляторни полга қўйинг. Сўнгра устидан картон ёки пластик қутини кийдириб, унинг устки ва ён томонларида шамол ўтиши учун катта тешиклар ҳосил қилинг. Қутининг устига сочиқ ёпинг ва унинг устига клавиатураси пастга қаратилган ноутбукни қўйинг. Қурилма буткул қуриши учун вентиляторни икки суткага ёиқб қўйинг.

Ёнғин чиқмаслиги учун вентиляторни узоқ вақт назоратсиз қолдирманг. Уни тунда ва уйдан чиқаётганда ўчиринг.

6. 48 соатдан кейин қурилмани ишлатиб кўринг

Агар икки суткадан кейин ноутбук ёқилса, муҳим маълумотлардан ташқи мосламаларга нусха кўчиринг. Чунки, етказилган шикастлар дарҳол намоён бўлмаслиги мумкин. Эҳтимол, сув билан алоқанинг асоратлари бир неча кун ёки ҳафталардан кейин ўзини ошкор этар ва компьютер ишдан чиқади. Умидни йўқотманг, аммо ҳотиржам ҳам бўлманг.

Ноутбукка қаҳва, вино ёки чой тўкилган бўлса нима қилиш керак

Қўшимчали суюқликлар ноутбук ичидаги мосламалар учун сувга нисбатан хавфлироқдир. Қаҳва қуйқаси, шакар ва бу ичимликлардаги бошқа аралашмалар таркибий қисмларни ифлослантириш ва оксидлаш орқали уларга қўшимча зарар етказиши мумкин. Охир-оқибат ноутбук клавишалари ёпишқоқ бўлиб қолиши ва ишдан чиқиши мумкин.

Муаммоларнинг олдини олиш учун қуритишдан аввал ноутбук ичини тозалаган маъқул. Буни аппарат ичини очиб, барча ифлосликларни қоғоз салфетка ёки бир оз спиртга ботирилган пахта бўлаклари ёрдамида ўзингиз бажарсангиз бўлади. Лекин мустақил бўлакларга ажратиш кафолатни йўқотишини унутманг.

Турли ноутбукларнинг копуслари дизайни ва таркибий қисмларга ажратиш тартиби бўйича кучли фарқ қилиши мумкин. Агар қурилмангиз ичини ҳеч қачон очмаган бўлсангиз, тармоқда худди шундай модель билан ишлаш йўриқномасини излаб кўринг.


Агар қуритилган ноутбук бошқа ёнмаса ёки уни ўзингиз тозалашни истамасангиз, хизмат кўрсатиш марказларига профессионал ёрдам сўраб мурожаат қилсангиз бўлади.