Lifehaq.uz саёҳатга отланиб, биргаликда Марианна ботиғининг энг тубига шўнғиб, пастда нима борлигини аниқлашни таклиф қилади.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Lifehaq.uz саёҳатга отланиб, биргаликда Марианна ботиғининг энг тубига шўнғиб, пастда нима борлигини аниқлашни таклиф қилади.

40 метр. Бу сув остига акваланг билан экскурсия чоғида шўнғиш мумкин бўлган энг катта чуқурлик.

93 метр. Сал пастроқда 1915 йилда ғарқ бўлган Британиянинг “Лузитания” кемаси топилган жой бўлади. Қизиқ факт: кеманинг узунлиги 240 метрни ташкил этади, демак у бурнига турғизилса, катта қисми сув устида бўлади.

100 метр. 100 метр чуқурликка шўнғиш ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин, чунки бу чуқурликда декомпрессия касаллиги бошланади.

214 метр. Бироқ, ҳаёт учун хавф Герберт Нич (Herbert Nitsch) исмли одамни тўхтата олмади. У 214 метр чуқурликдаги сувга, тағин аквалангсиз шўнғиб, рекорд ўрнатган. Шўнғиш етарлича тез амалга ошиши учун унинг оёқларига юк боғланган.

250 метр. Бундай чуқурликда Иккинчи жаҳон уруши даврида немис сувости кемалари сузган.

332 метр. Янада пастроқ тушамиз. Бу жойда Ахмед Габр (Ahmed Gabr) шўнғиш бўйича навбатдаги рекордни ўрнатган, аммо бу сафар акваланг ишлатилган.

500 метр. Сайёрамиздаги энг йирик мавжудот – кўк кит шўнғиши мумкин бўлган максимал чуқурлик. Шунингдек, бу атом сувости кемаси хавфсиз шўнғий оладиган чуқурликдир.

535 метр. Император пингвини шўнғий оладиган энг катта чуқурлик.

750 метр. Бу чуқурликда жаҳли чиққанида тери рангини қизилга айлантира оладиган улкан саккизоёқни учратиш мумкин.

828 метр. Бундай чуқурликда дунёдаги энг баланд бино – Бурж Халифанинг тўнкарилган ҳолатига етиб борган бўлардик.

1 000 метр. Тепадан тушадиган ёруғлик шу нуқтага етиши мумкин, шу боис пастроқда – ҳақиқий зулматдир. Бу ерда босим худди Венера юзасидаги босимга ўхшайди (яъни, биз бир зумда пачақланиб кетардик). Шунингдек, бу ердан улкан кальмарнинг яшаш жойи бошланади.

1 280 метр. Улкан қалин пўстли тошбақа шўнғиши мумкин бўлган максимал чуқурлик. У сув остида 85 дақиқа давомида қолиши мумкин.

2 250 метр. Кашалотлар бу чуқурликда улкан кальмарларни овлайдилар. Бундай жанглар оқибатида кашалотларда кўпинча чандиқлар қолади.

3 800 метр. Бу – “Титаник” тин олган чуқурлик. Кема тарихини жуда яхши билсангиз керак.

4 267 метр. Бу бутун океан бўйлаб ўртача чуқурлик, шунинг учун тубга етиб бориш мумкин. Бироқ, биз ботиқ ичига шўнғияпмиз, демак тубгача ҳали жуда узоқ.

6 000 метр. Биз марҳумлар ер ости оламининг илоҳи – Гадес (Hades) ёки кўпроқ таниш бўлган Аиднинг шарафига номланган хадал ҳудудига тушамиз. Бу ердаги босим бошингиз устида турган 50та Boeing 747 йўловчи ташиш самолётига тенг.

6 500 метр. Бу DSV Alvin аппарати – “Титаник”ни топишга ёрдам берган тадқиқот субмаринаси тушган максимал чуқурлик.

6 762 метр. Бу чуқурлик Иккинчи жаҳон уруши даврида чўкиб кетган SS Rio Grande кемасининг сўнгги манзили. У дунёдаги энг чуқурда жойлашган чўккан кема ҳисобланади.

8 848 метр. Энди тўнкарилган Эверестнинг чўққисига етамиз.

10 898 метр. Режиссёр Джеймс Кэмерон 2012 йилда шўнғиган чуқурлик. Шўнғиш 3 соат давом этган, бу вақт давомида режиссёр атрофини ўраб турган зулматдаги оламни кузатиб, олинган кадрларни “Тубликка қарши чиқиш 3D” (Deepsea Challenge 3D) илмий-оммабоп фильмига қўшиш учун 3D шаклда суратга олган. Кэмерон 11 километрлик чуқурликка тушишга жазм этган учинчи ҳамда буни ёлғизликда амалга оширган биринчи одам бўлди.

10 916 метр. 1960 йилда бу чуқурлик Жак Пиккар (Jacques Piccard) ва Дон Уолш (Don Walsh)лар томонидан забт этилган. Улар “Триест” батискафида имкон борича чуқурроққа шўнғиб, бу ерда 20 дақиқага яқин бўлганлар. Батискафнинг ойналари дарз кета бошлаганидан сўнг, уларнинг қайтишига тўғри келган. Бу шўнғиш 5 соат давом этган.

10 994 метр. Сайёрамиздаги маълум ва ўрганилган нуқталарнинг энг чуқури ҳисобланган Челленжер тубсизлигига етиб борамиз.

Шунга қарамай, уммон туби Марс юзасига нисбатан камроқ – атиги 5 фоизга ўрганилгани ҳаммамизга маълум. Аксарият олимларнинг фикрича, тубсизликдан ҳам чуқурроқ жойлар мавжуд ва бу ерларда қандай синоатлар яширингани фақатгина табиатга маълум.

Суратлар муаллифи Leonid Khan