• 7
  • 1
  •  
  •  
  •  
    8
    Shares

Қандай оғриққа эътибор бермаслик керагу, қайси ҳолатда тез ёрдамга қўнғироқ қилиш зарурлигини кўриб чиқамиз.

Агар оғриқ чап биқинда, умуртқалар остида бўлса, кўпроқ ошқозон сабаб бўлиши мумкин. Оғриқ ҳам хавфсиз, ҳам хавфли қатор сабаблардан дарак беради.

Бироқ оғриқ мутлақо бошқа органларга боғлиқ муаммолардан огоҳлантирадиган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Дарҳол шифокорга мурожаат қилинадиган ҳолатлар

Агар ошқозон соҳасида кучли оғриқ кузатилиб, қуйидаги аломатлар мавжуд бўлса, тез ёрдамни чақиринг:

  • ўзингизни нохуш ҳис қиласиз, кўкрак соҳаси сиқилади;
  • тахминингизча, оғриқ яқинда қоринга теккан зарба билан боғлиқ;
  • ҳароратингиз 38 °Сдан баландроқ;
  • мунтазам қайт қилиш ёки қон қайт қилиш кузатилмоқда;
  • тана териси сариқ рангга кирган;
  • нафас олишга қийналасиз;
  • ҳомиладорсиз.

Қуйидаги ҳолатларда тез ёрдамнинг кераги йўқ, аммо иложи борича тезроқ терапевт қабулига киришга ҳаракат қилинг:

  • оғриқ кучли эмас, аммо 2-3 соат ва узоқроқ давом этмоқда;
  • қорин қўл теккизишга таъсирчан;
  • оғриқдан ташқари одатдагидан кўпроқ ҳожатхонага қатнаяпсиз ёки пешод чиққанида оғриқ кучаймоқда.

Агар ҳавотирли аломатлар бўлмаса, ҳотиржам тортинг.

Ошқозон соҳасидаги аксарият оғриқлар хавфли эмас ва сизда ҳам айнан шундай ҳолат юз берган бўлади.

Шунга қарамай, хавфли “қўнғироқларни” зтказиб юбормаслик учун қориннинг устки чап қисмидаги ноқулайликнинг сабабини тушуниш зарур.

Ошқозон нега оғрийди

Қуйида бир нечта энг кўп тарқалган сабаблар билан танишинг.

1. Кўп ҳаво ютиб юборгансиз

Бундай ҳолат кўпинча, масалан, сақич чайнаш мухлислари билан юз беради. Ошқозондаги ортиқча ҳаво унинг мушакларини оғритиши мумкин.

Нима қилиш керак

Кутиш. Одатда, ошқозон спазми оғриқлари кучсиз ва тез ўтиб кетадиган бўлади. Агар бу ҳолат мунтазам равишда такрорланса, терапевт ёки гастроэнтерологга мурожаат қилинг. Шифокор ҳаво нима сабабдан ошқозонга тушаётганини аниқлаб, қандай чора кўришни айтади. Масалан, сақичдан воз кечишни, таомномани ўзгартиришни ёки газлар миқдорини камайтирувчи дори ичишни таклиф қилади.

2. Ошқозон (ичак) гриппи

Бу ошқозондаги яллиғланиш жараёни, яъни гастроэнтеритнинг халқ орасидаги номланиши. Одатда, уни вирус инфекциялари қўзғатади. Ошқозон гриппи қориндаги ноқулайликдан ташқари, диарея, қайт қилиш ва ҳарорат кўтарилиши (баъзан бироз) билан бирга кечади.

Нима қилиш керак

Агар ошқозон гриппига вирус сабаб бўлса, у фақат симптоматик усулда даволанади: сувсизланишга йўл қўймай, қайт қилишга қарши дори тайинланади. Бироқ фақатгина шифокор вирусли гастроэнтерит ташхисини қўйиши ва давони тайинлаши мумкин. Ҳеч қачон мустақил даволанманг: хатога йўл қўйиб, аҳволингизни ёмонлаштиришингиз мумкин.

3. Ёқмайдиган нимадир егансиз

Вирусли гастроэнтеритдан ташқари бактериал тури ҳам тарқалган. Бу ҳолатда ошқозонга овқат билан бирга тушган бактериялар, масалан сальмонелла яллиғланиш жараёнини юзага келтиради.

Гастроэнтерит келиб чиқишига бошқа сабаблар ҳам мавжуд:

  • паразит-микроорганизмларга тўла ифлос сув ҳавзасидан ичиш;
  • таркибида маргимуш, кадмий, қўрғошин, симоб каби оғир металлар бўлган ниманидир ейиш ёки ичиш;
  • нордом маҳсулотлар – цитрус ёки помидорларни кўп истеъмол қилиш;
  • айрим дорилар – маълум турдаги антибиотиклар, антацидлар, қабзиятга қарши, кимёвий даволаш воситаларини қабул қилиш.

Нима қилиш керак

Яна такрорлаймиз: гастроэнтерит аломатлари кузатилган тақдирда дарҳол терапевтга мурожаат қилинг. Касалликнинг бактериал шакли антибиотиклар билан даволанади. Бошқа турлари шахсий даволаш стратегияларини талаб қилади. Фақатгина малакали шифокор аниқ ташхис қўйиши ҳамда самарали даволашни тайинлаши мумкин.

4. Меъданинг сустлиги (диспепсия)

Овқатланишдан сўнг ошқозонда ҳосил бўладиган ноқулайлик, ортиқча еганлик ҳисси диспепсия деб номланади. Бу муаммо кенг тарқалган бўлиб, унинг сабабларини дарҳол аниқлаш қийин кечади. Улар эса турлича бўлиши мумкин:

  • ортиқча ейиш;
  • яхши чайналмаган овқат;
  • ортиқча алкоголь истеъмоли;
  • сурункали қабзият;
  • чекиш;
  • стресс, чарчоқ;
  • доирилар қабул қилиш – машҳур аспирин ва айрим бошқа оғриқ қолдирувчилар, ҳомиладорликка қарши воситалар, айрим антибиотик турлари, стероидлар, қалқонсимон безни даволовчи дорилар;
  • яллиғланган ичак синдроми деб номланувчи касаллик;
  • қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши;
  • диабет;
  • ошқозон саратони.

Нима қилиш керак

Кўриб турганингиздек, ошқозон сустлигида хавфли сабаблар бўлиши мумкин, шу боис уни эътиборсиз қолдирмаслик зарур. Агар диспепсия мунтазам равишда такрорланса, албатта гастроэнтеролог билан маслаҳатлашинг.

5. Меъда қайнаши

Шунингдек, бу ҳолат гастроэзофагел рефлюкс деб ҳам юритилади. Бунда ошқозон ичидаги масса нордон ошқозон суви билан бирга қизилўнгачга тушади. Одам ошқозон соҳасидаги ноқулайлик ҳиссидан ташқари, кўкрагининг ўртасида ачишишни сезади.

Кўпинча меъда қайнаши таомномага боғлиқ бўлади: масалан, қаҳва, газли ичимликлар, ёғли ва аччиқ таом истеъмолидан сўнг пайдо бўлади. Лекин, баъзида меъда қайнаши ошқозон ёки қизилўнгач яраси, саратон ва ҳаттоки инфаркт каби жиддий касалликларнинг дастлабки аломати бўлади.

Нима қилиш керак

Агар меъда қайнаши бир марталик ҳолат бўлса, ҳавотир олиш шарт эмас. Бироқ у такрорланаверса, шунингдек кўнгил айниши, иштаҳа йўқолиши, қийин ютиш каби бошқа аломатлар билан бирга кечса, гастроэнтеролог қабулига бориш шарт.

6. Гастрит ёки ошқозон яраси

Гастрит, бу – ошқозон шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Бу касалликнинг бошланғич даврида меъда сустлиги, меъда қайнаши ёки ошқозон гриппининг аломатлари кузатилади, шунинг учун гастритни фақат шифокор аниқлаб ташхис қўйиши мумкин. Шиллиқ қават кучли шикастланган ёки гастрит ошқозон ярасига айланган тақдирдагина сезиларли оғриқ пайдо бўлади.

Нима қилиш керак

Гастроэнтеролог ҳузурига бориш. Шифокор тўғри ташхис қўйиш учун таҳлил топширишга юборади ва самарали даволашни тайинлайди. Бундай вазиятда даволанишни ортга суриш керак эмас, чунки ошқозон саратони ривожланиши ҳавфи мавжуд.

7. Ошқозон саратони

Ушбу ўта хавфли касалликни бошланғич даврда аниқлаш жуда қийин. Саратон ҳам ҳудди гастрит каби қуйидаги оддий аломатлар ортига яширинади:

  • такрорий ва узоқ муддатли меъда қайнаши;
  • овқатланган сўнг ҳудди диспепсияда бўлганидек меъда тўлалиги ҳисси;
  • кўнгил айниши, енгил сўлак ажралиши;
  • иштаҳанинг йўқолиши.

Нима қилиш керак

Мунтазам аломатларни эътиборсиз қолдириш керак эмаслигини тушуниш. Агар ошқозон соҳасида ноқулайлик ҳисси ва оғриқлар бўлса (жиддий бўлиб кўринмаса-да), албатта шифокорга мурожаат қилинг.

8. Бошқа органлар билан боғлиқ муаммолар бор

Чап томондаги умуртқалар остида фақат ошқозон жойлашмаган. Хусусан, ошқозон ости бези, сафро йўллари, қораталоқ, жигарнинг чап қисми оғриши мумкин…

Бундан ташқари, қорин ичидаги органлар ўзаро яқин боғланган бўлиб, бир органдаги оғриқ иккинчисида акс этиши мумкин. Шу боис, чап биқиндаги кучли ўткир, санчиқли оғриқлар қуйидагиларни англатиши мумкин:

  • панкреатит (ошқозон ости безининг яллиғланиши);
  • холецистит (ўт пуфагининг яллиғланиши);
  • холангит (жигардаги сафро йўлларининг яллиғланиши);
  • цистит (пешоб қопчасининг яллиғланиши);
  • ўн икки бармоқли ичак яраси;
  • буйрак тоши касаллиги;
  • колит ва йўғон ичакнинг бошқа патологиялари …

Нима қилиш керак

Чидаб юрманг. Ошқозон соҳасидаги ҳар қандай ўткир оғриқлар, айниқса улар такрорланаётган ёки бир пайдо бўлиб, бир йўқолиб, икки соатдан кўпроқ давом этаётган бўлса, иложи борича тезроқ шифокор қабулига бориш кераклигини англатади. Бу ташриф ҳаётингизни қутқариб қолиши мумкин. Таваккал қилманг.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!