•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Парашют спорти – энг завқли спорт турларидан биридир. Ҳавода парвоз қилиб, парашютни бошқарганда олинадиган ҳаяжон ва адреналин ҳиссини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Бироқ парашют спортига доир кўп сонли уйдирмалар ва янглишликлар миллионлаб одамларни ушбу ҳаяжонли даврни бошидан ўтказиш имконидан тўхтатиб қолади.

Сўнгги ўн йилликлар статистикасига кўра, мазкур спорт тури ўта хавфсиздир.

Лекин у билан мунтазам шуғулланиш учун узоқ вақт ўқишингиз, шунингдек махсус лицензия олишингизга тўғри келади. Агар ҳеч қачон парашют билан сакрамаган бўлсангиз, ҳаётингизда бир марта бўлса ҳам буни амалга оширишни тавсия қиламиз.

1. Парашютни очиш ҳалқаси

Уйдирма: Скайдайверлар парашютни очиш учун ҳалқани тортадилар.

Аслида, очиш ҳалқасига эга парашютлар сўнгги марта 80-йилларда ишлаб чиқарилган. Замонавий спортчилар эса янги “ҳалқа” (хавфсизлик камари, контейнер ва парашют гумбазидан такил топган ақлли ихтиро), яъни асосий парашютга бириктирилган тортувчи парашютдан фойдаланадилар. Тортувчи парашют ҳаво билан тўлганидан сўнг бошингиз узра очиладиган асосий парашютни тортиб чиқаради. Ишонч билан айтиш мумкинки, парашют билан сакрамоқчи бўлсангиз, ниманидир тортишга тўғри келмайди.

2. Эркин парвоз вақтида гаплашиш

Уйдирма: Эркин парвоз вақтида бақиришингиз ва бир-бирингиз билан гаплашишингиз мумкин.

Шубҳасиз, эркин парвоз вақтида бошқа парашютчини эшита олмайсиз. Албатта, у бевосита қулоғингизга бақирса, эҳтимол ниманидир тушунарсиз, аммо суҳбат қура олмаслигингиз аниқ. Қулоқлар ёнидан соатига 160 километр тезликда эсиб ўтадиган шамол сизни деярли кар қилиб қўяди. Бундан ташқари, эркин парвоз вақтида муштлашиш ҳам жуда мушкул.

3. Парашютни чиқариш

Уйдирма: Парашют очилганида сизни орқага тортиб кетади.

Бу энг кенг тарқалган хато фикрлардан бири. Парашютчининг қўлидан келмайдиган ягона нарса, бу – қайтиш. Парашют очилаётганида сиз кўрадиган ҳолат оптик ёлғондир. Чунки, парашютчи секинлашаётган бир пайтда, уни суратга олаётган видеооператор пастга тушишда давом этади.

4. Беҳуш ҳолда пастга қулаш

Уйдирма: Эркин парвоз вақтида ҳушдан кетсангиз – ҳалок бўласиз.

Аслида замонавий парашют спортида автомат равишда парашютни очадиган махсус мослама мавжуд. Бироқ тажрибали спортчилар техник носозликлардан қўрқиб, ундан фойдаланишдан бош тортадилар. Агар ерга қўниш чоғида ҳушингизни йўқотсангиз, қўниш қаттиқ бўлиши табиий ва сиз жароҳат олишингиз, ҳаттоки ҳалок бўлишингиз ҳам мумкин, аммо бундай эҳтимол жуда кам.

5. Пастга учиш тезлиги

Уйдирма: Ҳамма бир хил тезликда пастга учади.

Кўпчилик пастга учиш тезлиги одамнинг вазнига (одам қанчалик оғир бўлса, унинг учиш тезлиги шунча кўпроқ) боғлиқ деб ўйлайди. Бу нотўғри. Тезликка кўпроқ тананинг ҳолати ва кийим (катта кийим – секинлаштиради, ёпишиб турадигани эса – тезлаштиради) таъсир қилади. Маълумки, пастга учишнинг ўртача тезлиги соатига тахминан 200 километрни ташкил қилади. Бироқ айрим илғор скайдайверлар “бошни пастга қаратиб” ёки “сит-флай” ҳолатида сакраб, тезликни соатига 300 километргача етказишга эришадилар! Ҳамма гап аэродинамикада. Шубҳасиз, “арк” (тезлашиш учун) ёки “қадаҳ” (секинлашиб, бошқа парашютчилар гуруҳига қўшилиш учун) каби усулларни ўзлаштириш учун кўп машқ қилиш керак.

6. Парашютни йиғиш

Уйдирма: Парашютчи доим ўз парашютини ўзи йиғади.

Яхши парашютчи ўз парашютини йиғишни ўрганади ва буни бутун карьераси давомида бажаради. Бироқ ҳар бир одам ўз парашютини йиғиши зарурлиги тўғрисида ҳеч қандай қонун мавжуд эмас. Қўниш ҳудудида бўладиган ва парашютингизни йиғиб берадиган махсус одамлар бор. Бундай хизматнинг нархи 5-7 АҚШ долларига тенг. Шунга қарамай, аксарият парашютчилар барибир уни ўзлари истагандек йиғишни маъқул кўрадилар. Шунингдек, ҳаётингизни бегона одамга ишониб топшира оласизми? Агар йиғувчининг хизматларидан фойдаланишга қарор қилсангиз, унга албатта яхши чойчақа қолдиринг. Шунчаки, ҳар эҳтимолга қарши.

7. Парашютнинг очилиш баландлиги

Уйдирма: Парашютни исталган баландликда очишингиз мумкин.

Парашют скайдайвер танасини тўғри ҳолатда ростлаб, уни тўлиқ назорат қила бошлаганидан сўнг очилиши керак. Уни жуда пастда очиш мумкин эмас, чунки унинг тўлиқ ёйилишига кетадиган вақтни ҳисобга олишингиз керак. Парашют очилиши керак бўлган минимал баландлик 700 метрни ташкил қилади (лицензияси бор парашючилар учун). Айтишларича, Иккинчи жаҳон уруши пайтида аскарлар парашютни 70 метр баландликда очганлар. Уларнинг аксарияти бундай тажрибалар туфайли ҳалок бўлганига қарамай, кўплаб замонавий парашютчилар буни синаб кўриш ҳақида фикр юритадилар. Тақдир ҳамда иродангиз билан ўйнашманг, эвазига ҳаётингиздан айрилишингиз мумкин.

8. Кислородли ниқоб

Уйдирма: Катта баландликда албатта кислородли ниқобини тақишингиз керак.

Фақат самолётда. Гипоксия 5 километр баландликда бошланиши мумкин, шу боис самолётларда доим кислородли ниқоблар бўлиши шарт. Парашют билан одатда 3 000-4 000 метр баландликдан сакралади. Бироқ 7 000 метрдан амалга оширилган “экстра-баланд” сакрашлар ҳам бўлган. Бунинг учун, албатта, “экстра-маблағ” керак бўлади. Айрим самолётларда ниқоблар таклиқ этилади, аммо бу шунчаки шифтдан осилиб турган найча бўлиб, сакрашгача ундан кислород билан нафас олишингиз мумкин. Сакраган заҳотингиз бундай баландликда атиги бир неча сония бўласиз, шунинг учун кислородли ниқобнинг кераги йўқ.

9. Баландлик хавфи

Уйдирма: Баландлик қанча катта бўлса, сакраш шунча хавфли.

Бари мутлақо аксинча. Парашютчилар имкон қадар катта баландликдан сакрашни хоҳлайдилар. Бу эркин парвоздан завқ олиш учун кўпроқ вақт бериши билан бирга, юзага келган муаммоларни (агар бўлса) тузатиш имконини яратади. Якуний тезликка эришиш учун тахминан 500 метр керак бўлади (соатига 190 километр тезлик). Парашют очилиши учун сарфланадиган 200-300 метр ҳисобга олинса, 900 метрдан паст баландликдан сакраш – аҳмоқликдир.

10. Мувозанатли тезлик

Уйдирма: Инсон охирги тезлик таъсирини енгиб ўтиши мумкин.

Бундай воқеалар ҳаммамизга таниш: “Бир киши 5 000 километр баландликдан сакраган, парашюти очилмаган ва у лой далага қўниб, атиги оёғини синдириб олган ёки ногиронлар аравачасига ўтирган, аммо тирик қолган!” Бундай воқелар тагида доим қандайдир номутаносиблик бўлади. Кўпинча улар шунчаки ўйлаб топилган ёки айрим жиҳатлари яширилган. Эҳтимол, унинг битта ёки иккала парашюти (жуда камёб ҳолат) очилмагандир, лекин ярмига очилган парашют ҳам қулашни анча секинлаштиради. Соатига 70 километр тезликда юмшоқ юзага ёки дарахтлар устига қўнганда ҳақиқатдан ҳам тирик қолиш мумкин.