Олимларнинг аниқлашича, “Қанча кўп улашсак, ўрнига шунча кўп оламиз” қонунияти ҳақиқатдан ҳам ишлар экан. Бунда гап моддий бойликлар эмас, балки хотиржамлигимиздадир.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Яқинда ўтказилган тадқиқот давомида маълум бўлишича, саҳийлик ва бағрикенглик мия фаоллигини ўзгартириб, инсонни бахтлироқ қилар экан. Бунда саҳий иш аҳамиятсиз, ҳаттоки ўйлаб топилган ҳам бўлиши мумкин.

Цюрих университети олимлари 50 нафар эркак ва аёллардан уларнинг жорий кайфияти бўйича сўровномадан ўтишни сўрадилар. Сўнгра бир ой давомида уларнинг ҳар бирига ҳафтада бир марта тахминан 25 доллар маблағ берилган. Иштирокчиларнинг ярми пулларни ўзига сарфлаши керак эди. Иккинчи гуруҳ иштирокчилари эса ҳар ҳафта қандайдир инсонни танлаб, пулни унга сарфлаганлар. Бошқача қилиб айтганда, 25та одам бир ойга ҳудбин, қолган 25таси эса саҳий бўлишга розилик билдирдилар.

Шундан сўнг иштирокчиларга шахсий пуллар севимли инсонга тақдим этиладиган назарий сценарийларни намойиш этувчи ролик кўрсатилган ва бир вақтнинг ўзида уларда бош миянинг функционал магнит-резонансли томографияси (фМРТ) ўтказилган. Олимлар унинг ёрдамида у ёки бу вазиятда қандай йўл тутишга қарор қилган – пулни бериб юборган ёки ўзларига олган иштирокчиларнинг мия фаолиятини кузатганлар.

Бир ой ўтгач иштирокчилар яна кайфиятларига оид сўровномадан ўтдилар. Анкетада бахтни ҳис қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Сўнгра олимлар иккита сўровнинг натижаларини таққосладилар.

Маълум бўлишича, пулларни бошқаларга берган одамлар ўзларини ҳудбинларга нисбатан анча бахтлироқ ҳис қилганлар. Шунингдек, улар фМРТ ўтказиш вақтида “саҳий” сценарийларни кўпроқ танлаганлар.

Саҳий иштирокчиларнинг мия текшируви чакка бўғимида, яъни миянинг альтруистларга хос ҳатти-ҳаракатида фаоллашадиган соҳасида катта фаооликни кўрсатган.

Бундан ташқари, мазкур гуруҳ иштирокчиларида чакка бўғими ва рағбат ҳамда мукофот учун жавоб берадиган вентрал стриатум ўртасидаги алоқа яққол кўринган. Тажриба ўтказган олимларнинг фикрича, аждодларимиз мукофот, шунингдек бахт ҳисси бўлмаган тақдирда, овқат ва бошпанани ўзаро бўлишмаган бўлардилар.

Шу тариқа, тадқиқот саҳий ишлар ва яхши кайфият ўртасида алоқа мавжудлигини исботлаб берди.