•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Кўпчилик агар кўп сабзи ейилса, кўриш қобилиятини яхшилаш ва ҳатто қоронғуликда ҳам кўришни ўрганиш мумкин деб ҳисоблашади. Бу аслида ҳам шундай эканлигини ўрганишга ҳаракат қилдик.

“Сабзидаги организм томонидан А витамини сифатида қайта ишланадиган бета-каротин — каротиноид кўриш қобилияти учун фойдали, – дея тушунтиради Кўз миллий институти (АҚШ) тадқиқотчиси Майкл Рэдмонд (Michael Redmond). 

– Бу витамин опсинлар ва кўзнинг орқа қисмидаги таёқчаларда родопсин ишлаб чиқарилишини таъминлайди. Кўз қорачиғи кундузги ёруғликка, родопсин – хира ёруғликка таъсирчан”.

А витаминининг етишмовчилиги никталопия – кўриш қобилияти бузилишининг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бунда ғира-ширада кўриш қобилияти йўқолади.

Шунга қарамай, бу сабзини кўп ейишни англатмайди. А витамини фақат ундагина мавжуд эмас. Масалан, батат, кўкатлар (исмалоқ, жингалак карам)да унинг миқдори кўпроқ. Бундан ташқари, сабзи кўриш қобилиятини яхшилайди деб кутиб ўтириш ярамайди.

 «А витамини кўз учун фойдали, бу мазкур витамин кўриш қобилиятини бутунлай даволайди дегани эмас, — дейди Ребекка Тэйлор (Rebecca Taylor), Америка офтольмология академияси вакили.  – Агар кўзойнак ёки линза тақадиган бўлсангиз, улардан воз кеча олмайсиз».

Яна бир жиҳати бор. А витамини ёғда эрийдиган витамин бўлиб, у организмга ёғ билан бирга тушиши керак. Ана ўшандагина у тўлиқ ўзлаштирилади.

Агар сабзи хомлигича ейилса, организм фойда олмайди.

Ребекка Тэйлор кўз саломатлиги  учун исмалоқ ва жингалак карам, ширин қалампир, бодом ҳамда сабзидан салат тайёрлашни тавсия этади. Буларнинг бари кўз учун зарур бўлган A, E ва C витаминларининг манбаи саналади. Агар бундай салат ёғ билан аралаштирилса, А ва Е витаминлари яхши ўзлаштирилади. Унга қайнатилган тухумлар ҳам қўшиш мумкин: уларда фойдали каротиноид ва ёғлар бор. Қизил балиқни истеъмол қилишни ҳам унутманг: унда ҳам кўзлар саломатлиги учун зарур бўлган цинк мавжуд.