• 6
  • 1
  •  
  •  
  •  
    7
    Shares

Lifehaq.uz оқ сочлар нега пайдо бўлади, нима учун кимнидир сочлари эрта, бошқаларники эса кечроқ оқаради ҳамда бу жараённи кечиктириш ёки тўхтатиш мумкинми, деган саволларга изоҳ беради.

Нима учун сочларимиз оқаради

Умумий маънода гапирадиган бўлсак, соч ранги учун меланоцит деб номланувчи махсус ҳужайраларда ишлаб чиқариладиган меланин пигменти масъулдир. Пигмент ишлаб чиқарилиши тўхтаганида оқ сочлар пайдо бўлади. Бу жараёнга бир нечта омил таъсир кўрсатиши мумкин.

1. Кексалик

Ёш ўтиши билан меланин ишлаб чиқарилиши табиий равишда камаяди. Хусусан, 50/50/50 тамойил мавжуд: 50 ёшга бориб 50% аҳолининг 50% сочи оқаради. Бир неча йил аввал олимлар бу қоидани текшириб кўрдилар ва янада аниқ рақамларга эга бўлдилар: 45 ёшдан 65 ёшгача бўлган 74% одамлар ўртача 27% оқ сочга эга бўлади.

Одатда биринчи оқ сочлар 30 ёшлар атрофида ёки кечроқ пайдо бўлади. Агар пигментация эртароқ йўқолса, буни вақтидан аввал соч оқариши дейишади.

2. Ирсий омиллар

Оқ сочларнинг пайдо бўлиш вақти ва унинг тарқалиш тезлиги ирсиятга боғлиқ. Буни ҳатто фан ҳам тасдиқлайди. Демак, ота-онангизнинг сочлари эрта оқарган бўлса, сизни ҳам шу ҳолат кутаётган бўлиши эҳтимолга яқин.

Шунингдек, ирқий мансублик ҳам аҳамият касб этади. Жумладан, европаликларнинг сочлари осиёликлар ва африкаликларникига нисбатан эртароқ оқариши исботланган.

3. Касалликлар

Оқ сочлар қалқонсимон без билан боғлиқ муаммолар, айрим аутоиммун касалликлар ёки прогерия туфайли пайдо бўлиши мумкин. Бундан ташқари, баъзида кимёвий даволаниш ёки айрим дорилар қабули ҳам таъсир кўрсатади.

4. Чекиш

Ушбу зарарли одат ҳам терининг ҳолати, ҳам сочлар рангига салбий таъсир қилади. 2013 йилда чоп этилган тадқиқотга кўра, чекувчиларнинг сочлари чекмайдиган одамларникига нисбатан 2,5 мартага кўпроқ вақтидан аввал оқаришга мойилдир.

5. В12 витамини танқислиги

В12 витамини танқислиги нафақат сочларнинг эрта оқаришига, балки уларнинг тўкилишига ҳам олиб келади. Қувонарлиси, бу ҳолатда пигмент йўқолишини тиклаш мумкин.

6. Эҳтимол стресс

Одамлар орасида сочларнинг асабий зўриқиш сабабли оқариши ҳақида фикр мавжуд. Бир тадқиқот бу алоқани тасдиқлади, аммо фан ҳали бунга шубҳа билан қарайди.

Нима бўлганда ҳам стресс организмга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун камроқ асабийлашинг.

Соч оқаришига қарши курашиш

Ёш ёки ирсият туфайли пигмент йўқолишининг олдини олувчи чоралар мавжуд эмас. Шу боис маслаҳат ҳам маълум: оқ сочлар йўқолишини истайсизми – уларни бўянг.

Узоқ муддатли бўлмаган ечимлар ҳам бор:

  1. Оқарган жойларни соч учун мўлжалланган тушь билан бўяш. У алоҳида толаларни ниқоблашга яхши мос келади ва сув билан ювилади.
  1. Оқарган илдизларни ниқоблаш учун мўлжалланган воситалардан фойдаланиш. Улар спрей ёки пудра шаклида чиқарилади ва шампунь билан ювилмагунича сақланиб туради.
  1. Ранг берувчи шампундан фойдаланиш. У аввалги воситалар каби тез ювилиб кетмайди ва бир неча кунгача сақланиб туриши мумкин.

Айтганча, кўп тарқалган фикрдан фарқли ўлароқ оқ сочларни юлиш мумкин: бундай оқ сочлар кўмаймайди – шунчаки юлинган жойдан янги оқ соч ўсиб чиқади.

Бироқ, бундай кескин усул соч фоликулаларига зарар етказади, шу боис нисбатан шафқатли чораларни қўллаган маъқул.

Агар оқариш ёш ва ирсиятга боғлиқ бўлмаса, уни кечиктириш мумкин. Бунинг учун:

  1. Чекишни ташланг (ёки умуман бошламанг).
  1. Ҳайвон маҳсулотлари, айниқса жигарни истеъмол қилинг: уларнинг таркибида В12 витамини бўлади. Махсус витаминли қўшимчаларни фақат шифокор маслаҳати билан ичганингиз маъқул.
  1. Шунингдек, саломатлигингизни ҳам текшириб туринг: балки эрта соч оқаришини ҳам, унга сабаб бўлган касални ҳам олдини олиш мумкин бўлар.
  1. Стрессга қарши курашишни ўрганинг. Аввал айтилганидек, бу билан сочлар оқариши тўхтаб қолади дегани эмас, аммо ҳеч бўлмаганда бундан камроқ асабийлашасиз.

Ва охирида яхши янгилик

Яқинда Техас Университети Жанубий-Ғарбий тиббиёт марказининг олимлари қизиқ нарсани аниқладилар. Уларнинг маълумотларига кўра, сочлар ранги ва сочларнинг ўзини йўқотиш ҳужайраларда SCF ва KROX20 оқсилларининг мавжудлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳозирча синовлар фақат сичқонларда ўтказилган. Бироқ, муаллифлар ана шу ишлари туфайли келажакда соч оқариши ва тўкилишига қарши дори пайдо бўлишига ишонч билдирмоқдалар. Бизга эса ўша келажак жуда узоқда эмаслигига умид қилиш қолмоқда холос.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!