• 6
  • 1
  •  
  •  
  •  
    7
    Shares

Аксарият ёшлар эртами ёки кеч ота-онасининг уйини тарк этиб, мустақил яшай бошлайдилар. Кўпинча бу ҳолат таълим олиш ёки иш, оила қуриш билан боғлиқ. Бироқ, бу ҳар доим ва ҳар ерда кўринганидек осон эмас.

Келинг, ер шарининг турли бурчакларида кечаги болалар қандай катта бўлишларини кўриб чиқайлик.

Юнонистон

Юнонистонда ота-онаси билан бир том остида яшовчи 30 ёшли ёшлар камёб ҳолат эмас. Социологларнинг фикрича, юнон ёшлари тайёр нарсаларга ўрганган ва қийинчиликлардан қўрқади. Бу орада иқтисодий муаммолар ҳам четлаб ўтмайди. Масалан, Салоники ва Афинада хонадонни ижарага олиш ва коммунал хизматлар тўлови кўпинча бутун бошли ойлик маошга тенгдир.

Италия

Статистикага кўра, 18 ёшдан 34 ёшгача бўлган ёш италияликларнинг ярмидан кўпи, ҳаттоки ишлайдиганлари ҳам, ота-оналари билан бирга яшайди. Ёшлар алоҳида яшай бошлаганида ҳам оила билан, айниқса оналар ва ўғиллар ўртасидаги алоқалар заифлашмайди. Италияда “онасининг боласи” муаммосини ҳаттоки ҳукумат даражасида ҳал қилишга уринмоқдалар.

Турар-жойнинг қимматлиги ва яхши иш топиш қийинчиликлари бу вазиятга таъсир кўрсатади. Бироқ, ёшларнинг ўзига ҳам бу вазият қулайлиги катта  аҳамият касб этади. Ота-оналар ҳам фарзандларини турли йўллар билан, жумладан моддий томондан уйда қолишга кўндиришга ҳаракат қиладилар.

Исроил

Исроилда аксарият ёшлар мактабни тугатиши билан армияга кетадилар. Улар хизматни тахминан 21 ёшда тамомлайдилар. Армиядан сўнг уйга қайтиш улар учун камёб ҳолат. Кимдир ота-онаси билан яшайдиган ҳолатлар бўлса ҳам, бу вақтинча, масалан ўқиш учун пул тўплаб олгунга қадар.

Аксарият ота-оналар ҳаттоки фарзандлари 3-4 киши бўлиб ижарага оладиган уйлари учун ижара пулини тўлашда ёрдам берадилар. Бироқ, ота-оналар фарзандларининг қарорларига босим ўтказмайдилар.

Миср

Мисрдаги ёшларнинг катта қисми 18 ёшдан кейин ота-онасидан алоҳида яшашга, турмуш қуришга интилади. Бу режаларга кўп жиҳатдан моддий қийинчиликлар ва анъаналар тўсқинлик қилади. Зеро, эркак киши уйланиши учун яхши маошга эга бўлиши керак: уй ва мебель сотиб олиши, қалин тўлаши, тақинчоқлар совға қилиши ва ҳ.к.

Бироқ статистикага кўра, Қоҳирада турмуш қуриш ёшидаги ҳар тўртинчи одам бўйдоқ бўлиб қолиб, ота-онаси билан яшамоқда. Иқтисодий танглик ва уй билан боғлиқ муаммолар аксарият мисрликларни ота-она уйида қолишга мажбурламоқда.

Филиппин

Университетларнинг битирувчилари, ҳаттоки иш топсалар ҳам, ота-оналари билан яшаб қоладилар. Бу ҳолат 40 ёшгача давом этади – Филиппинда бундан ҳеч ким ҳайратланмайди. Кўпинча бир том остида бир нечта оила, ҳаттоки амакилар ва холалар билан яшайдилар. Одатда куёв келинни ота-онасининг уйига олиб келади. Бу мустаҳкам оилавий алоқалар анъанаси ҳамда ота-она билан яшаганда уй учун ҳақ тўланмаслиги билан боғлиқ.

Россия

Россияда 24 ёшгача бўлган ёшларнинг ярмидан кўпи ота-онаси билан яшайди. Қишлоқ ҳудудларидаги ёш россияликларнинг катта фоизи 18-21 ёшлар оралиғида алоҳида яшай бошлайди. Одатда бу касбий таълим олишнинг бошланиши билан боғлиқ. Кўпчилик умумий турар-жойларда яшайди ёки дўстлари билан бирга уй ижарага олади.

Аксарият россияликлар талабалик йилларидан, тахминан 21 ёшидан ишлай бошлайдилар. Ота-оналар таълим олиш вақтида уларни моддий томондан қўллаб-қувватлайдилар, масалан таълим учун пул тўлайдилар.

АҚШ

АҚШда ота-она уйида узоқ вақт қолиш одатга айланмаган. Кўпчилик мактабни тугатиши билан 18 ёшида университет ёки коллежга кириш учун жўнаб кетади. Ўқишни тамомлагач айримлар ота-онасиникига яшаш учун қайтадилар, аммо жамиятда бу яхши қабул қилинмайди. Айтишларича, нима бўлганда ҳам 25 ёшдан кейин ота-она билан бирга яшаш мақбул эмас.

Буюк Британия

Буюк Британияда университетда ўқиш бошланиши билан ота-она уйидан кўчиш анъанага айланган. Албатта, турли вазиятлар бўлади: ёш йигит-қизлар, масалан катта уйда, ота-онаси билан яшаб қолишлари мумкин. Бироқ, 24 ёшга кирган аксарият ёшлар алоҳида яшайдилар, аммо бу доим ҳам уларнинг тўлиқ моддий мустақиллигини англатмайди.

Франция

Аксарият францияликлар ота-она уйини мактабни тугатиши билан (18 ёшда) тарк этадилар. Ҳаттоки парижликлар ҳам бундан мустасно эмас: улар керакли мутахассисликни эгаллаш учун осонгина пойтахтдан кетадилар, чунки яхши университетлар мамлакатнинг барча бурчакларида жойлашган. Улар умумий турар-жойларда яшайдилар ёки дўстлари билан уй ижарага оладилар. Ота-оналар масофа сақлайдилар ва катта фарзандларининг ҳаётига деярли аралашмайдилар.

Германия

Аксарият немисларнинг фикрича, болалар 25 ёшигача ота-она уйидан кўчиб, мустақил равишда уй ижарага олиши ҳамда ўзларини барча зарур нарсалар билан таъминлай олишлари зарур.

Германияда 24 ёшгача бўлган ёшларнинг ярмидан кўпи ота-онаси билан яшайди, уларнинг орасида ҳар учинчиси қиз бола. Бироқ, қайсидир лаҳзада улар барибир ота-она уйини тарк этадилар: статистикага кўра, Германияда 40 ёшдан кейин атиги 4 фоиз эркаклар ва фақатгина 1 фоиз аёллар ота-онаси билан бирга яшашда давом этадилар.

Швеция

Ёш шведлар мактабни тамомлагач, ота-онасининг уйидан кетадилар ва шахсий уйларини ижарага оладилар. Улар кўпинча ота-оналари билан бир шаҳарда яшайдилар ва муносабатларни узмайдилар. Шу тариқа, улар мустақилликка ўрганадилар: хўжаликни юритиш, ҳисобларни тўлаш.

Мамлакатда ота-онаси билан бир том остида узоқ вақт қоладиган ёшларни жирканиб “мамбо”, яъни тахминан “онасининг боласи” деб атайдилар.

Япония

Болалар университетга кирганида ёки тўйдан кейин ота-онасиникидан кетадилар. Ёш оила доим алоҳида яшашга ва ўзини мустақил таъминлашга ҳаракат қилади. Албатта, қандайдир сабабларга кўра фарзандлар ота-онаси билан яшайдиган истисно ҳолатлар ҳам учраб туради, аммо бу камдан-кам ҳолат.

Японияда бепул олий таълим деярли мавжуд эмас, талабалик стипендияси ҳам барча ҳаражатларни қопламайди. Шу боис аксарият талабалар ишлайдилар. Талаба кунига 40дан 80 долларгача ишлаб топиши мумкин.

Телеграм, Facebook, Одноклассники-даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!