• 19
  • 1
  •  
  •  
  •  
    20
    Shares

Бизда мотоцикл икки ғилдиракли “кўнгил учун” дўстнинг ролини ўйнайди. Ҳиндистон, Вьетнам, Хитой каби давлатларда мотоциклдан бутун оила аъзолари, мебель ва уй ҳайвонлари ташиладиган восита сифатида зарурат юзасидан фойдалансалар, бизда у айнан завқ олиш учун харид қилинади. Мотоциклни танлаш мезонлари ҳаммада турлича – ишга тирбандликсиз тезроқ етиб олиш, қизларни кўнглини овлаш, саёҳатлар учун, қатновсиз йўлда лойларни сачратиш, тунги шаҳар бўйлаб “учиш” ва ҳ.к.

Биринчи мотоцикл танлови

Агар мотоцикл ҳайдашни энди бошлаётган бўлсангиз, бирдан катта кубатурани танлашни маслаҳат қилмаймиз. Биринчи мотоцикл танловига хавфсизлик нуқтаи назаридан ёндашиш зарур. Мотоциклни ҳайдаш тамойилларини англаш, йўл-ҳаракат қоидаларини яхши билиш, шунингдек умумий фойдаланиш йўлларида мотоцикл ҳайдаш билан машинада юриш ўртасидаги фарқни тушуниш шарт.

Фарқ эса бор! Автомобиль – катта ҳажмли транспорт. У йўлда яхши кўринади (шунга қарамай доим ЙТҲлар бўлади). Мотоцикл эса доим кўринмас бўлиб қолади. Ҳаттоки ёрқин жиҳозлар ҳам ёрдам бермайди. Янги мотоцикл ҳайдовчиси бунга ўз тажрибасида ишонч ҳосил қилиши керак. Шунингдек, йўлдаги вазиятни “бир неча қадам” олдиндан билишни ўрганишга тўғри келади.

Барча мотоциклчиларга маълумки, катта кубатура ва портловчи характер ҳайдовчини қоидаларни бузишга ундайди. Тажрибали ҳайдовчи бунинг уддасидан чиқади, аммо янги ҳайдовчи ҳозирча бу қадар тез ҳаракатлана олмайди. Унинг рефлекслари ўрганмаган, кўникмалари ҳали оз. Аммо манмалик – ортиқчаси билан мавжуд! Шунинг учун биринчи мотоцикл сифатида 125 кубли техникани танлашни тавсия қиламиз. Қуйида унинг афзалликлари билан танишинг:

  • Бу мотоцикллар, жумладан ҳам янгилари, ҳам ишлатилганлари нисбатан арзонроқ;
  • Уларга хизмат кўрсатиш ҳам анча арзон;
  • Жуда кам ёқилғи “ейди”;
  • Керакли эҳтиёт қисмларини ҳаттоки энг чекка жойдан ҳам топиш мумкин;
  • Мотоциклни ҳайдаш борасида керакли кўникмаларни ўзлаштириш учун бир-икки мавсум етарли бўлади;
  • Агар аввал ҳайдалган япон мотоциклини, масалан афсонавий Yamaha YBR 125 сотиб олсангиз, уни айнан шу нархда яна сотишингиз мумкин.

Бўйга қараб мотоцикл танлаш

Бўй – мотоцикл танловига бевосита таъсир кўрсатувчи муҳим омил. Ўриндиқ бўйича баландлик мотоцикл тураги қараб ҳар хил бўлади. Хусусан, қатновсиз йўлга мўлжалланган кросс ва эндуро мотоцикллари баланд клиренс ва илгакнинг катта силжиши билан ажралиб турадилар. Уларнинг ўриндиғи жуда баланд, аммо мазкур спортда барчаси оқланган: ҳайдовчи деярли ҳар доим мотоцикл устида туради, оёғи билан эса уни фақат кескин бурилишларда “тутади”. Шу билан бирга, бундай баланд мотоцикл шаҳар бўйлаб юришга тўғри келмайди. Кўп сонли светофорлар, пиёдалар йўлаклари, чорраҳалар ҳайдовчини доим тўхташга мажбур қилади.

Ҳайдовчи иккала оёғи билан ерга маҳкам тиралиб тургани маъқул. Бу – бирон ҳолат юз берган тақдирда ағдарилаётган мотоциклни оёғи билан итарилиб тутиб қолиш имконини берадиган энг хавфсиз вариант. Йўлдаги нотекисликлар, тасодифий чуқур, пастлик, қум – буларнинг бари мотоциклни соатига 0 километр тезликда маҳкам тутиб қолишни талаб қилади. Албатта, ҳар қандай мотоциклни ҳайдаш мумкин. Кўпчилик ҳайдовчилар асфальтга бир оёғининг учи билан тегиб турадилар. Лекин бу вариант хавфсиз эмас.

Мотоциклни қаттиқ ушлаб туриш имконияти бўлмаган ҳолда, яна бир йўловчини миндириш эса мутлақо масъулиятсизликдир.

Шунинг учун мотоциклни танлаганда уни албатта “ўлчаб кўриш” керак. Ёки http://cycle-ergo.com сайтида мотоциклнинг русумини танлаб, бўйингизни кўрсатган ҳолда виртуал амалга ошириш мумкин.

Шаҳар учун мотоцикл танлаймиз

Шаҳарлик мотоциклни танлаш анча оддий. Street ёки Classic каби моделлар жуда кўп. Уларни русумидан қатъий назар, бир нечта хусусиятига қараб таниш осон:

  • Маълум миқдордаги пластик;
  • Ўриндиқ бўйича ўртача ёки ҳаттоки паст баландлик;
  • Текис, деярли тўғри ўтириш;
  • “Йўл” резинаси;
  • Ажойиб бошқарув, маневр бажариш.

Улар турли кубатура ва қувватга эга бўладилар. Хусусан, Yamaha YBR 125 ёки Suzuki Bandit 250 каби кам кубатуралилари, шунингдек Honda CB 400 SF ёки Kawasaki W650 ретро-мотоцикли сингари ўнлаб йилликлар давомида синовдан ўтган кучлироқлари мавжуд.

Аслида, шаҳарда юриш учун бошқа тоифадаги мотоцикллар ҳам тўғри келиши мумкин. Лекин Yamaha YZF R1 ёки Honda CBR 600 RR спорт мотоциклларида шаҳар кўчалари бўйлаб кезиш ўта ноқулай. “Ётган” ҳолдаги ўтириш, моторнинг портловчи ишлаши, уни “айлантириш” зарурати чорраҳаллар, светофорлар ва фаол йўл қатновига эга кўчаларни эмас, пойга трекини талаб қилади.

Саёҳатлар учун мотоцикл танлаш

Саёҳатга отланган ҳар бир одам эртами ёки кеч саёҳлик мотоцикли танловига тўқнаш келади. Узоқ масофага юрадиган мотоцикл қуйидаги мезонларга жавоб бериши керак:

  • Орқани тўғри тутадиган қулай ўтириш жойига эга бўлиши;
  • Қишлоқ йўлларидан ўтиш учун юмшоқ илгак, меъёрий баландликдаги клиренсга эга бўлиши;
  • Шамолдан яхши ҳимояланган бўлиши;
  • Турли кофралар, халталар, багажниклар осилган бўлиши (буни мустақил равишда ҳам бажариш мумкин);
  • Ёқилғи бакининг ҳажми, бензин сарфланиши мотоциклда иложи борича кўпроқ (бир АЁҚШдан иккинчисигача 300-500 км) юриш имконини бериши зарур;
  • ABS – мукаммал. Бу хавфсизликни оширади. Трассада узоқ йўл босиш эса охир-оқибат ҳайдовчининг реакцияси ва рефлексларини йўқотади;
  • Мотоцикл оғирлиги ва ҳажмининг нисбати йиқилган тақдирда ҳайдовчи уни бошқаларнинг ёрдамисиз кўтара оладиган ҳолатга мос бўлиши керак.

Кардан керакми ёки йўқ – саёҳлик мотоциклларига оид доимий савол. Карданнинг мавжудлиги ортиқча ташвишларсиз ўн минглаб километрларни босиб ўтиш имконини беради. Бу орада ҳар 500-600 километрда, шунингдек ҳар бир ёмғир ёки ювишдан кейинзанжирни текширтириш зарур. Ресурсларини тўлиқ ишлатиб бўлган карданни бутунлай ўзгартиришга тўғри келади. Бу эса ҳамёнга анча оғирлик қилади. Бу орада юлдузли занжир арзон туради ва уларни далада “тизза устида” ҳам алиштириш мумкин. Бу вазиятда ҳамма ўзи танлов қилади.

Айтиш керакки, BMW R1200GSBMW R1200RT, Triumph Trophy 1200, Kawasaki Vulcan 1700 Voyager, Honda Gold Wing, шунингдек Хонда ва Ямаханинг айрим бошқа мотоцикллари классик “сайёҳлар” ҳисобланади. Бундан ташқари, оёқларни узатиб, узоқ йўлда дам олиш имконини берадиган круиз мотоцикллари ҳам саёҳатчи сифатида яхши ўрнак кўрсатганлар.

Мотоциклни танлаганда узоқ масофалар учун энг яхши мотоцикл, бу – ўзингизда бори эканлигини унутманг. Йиллар давомида орзудаги техникага пул йиғиб, умуман ҳеч қаерга бормагандан кўра, кам кубатурали ёки йўл мотоциклида саёҳатга борган маъқул.

Ҳужжатларсиз мотоцикл олса бўладими?

Ҳужжарларсиз мотоциклни танламасликни қатъий тавсия қиламиз. Бу танлов кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлиши мумкин:

  • Мотоцикл ўғирланган бўлиши мумкин ва сизни иштирокчи деб ўйлайдилар;
  • Мотоцилни доим ўғирлаб кетишлари мумкин, сиз ҳеч қачон ҳуқуни ҳимоя қилувчи органларга мурожаат қилиб, қидирувга бера олмайсиз ва бу мотоцикл сизники эканлигини исботлай олмайсиз;
  • Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси доим ҳужжатсиз мотоциклларга қизиқади. Сиз тинчгина йиғилишга бориш, саёҳатга кетиш, мавсумнинг очилиши ва ёпилишида колоннада юриш имконидан четда қоласиз. Доим қонун олдида қўрқув бўлади;
  • Агар йўл-ҳаракати ҳодисаси юз берса, қандай тезликда юрганингиз ва ким ўтказиб юбориши керак бўлганидан қатъий назар, доим айбдор бўласиз. Сиз шунчаки рўйхатдан ўтмаган транспортда умумий фойдаланиш йўлида бўлмаслигингиз керак эди.

Мотоциклни рўйхатдан ўтказиш – оддий тартиб-таомил бўлиб, кўп вақт олмайди. Асосийси, аввалдан “тоза” мотоциклни сотиб олиш, уни рама рақами бўйича текшириш, маълумотнома-ҳисобни олиш ёки олди-сотди шартномасини расмийлаштиришдир. Сўнгра хотиржам бўлиш ҳам мумкин. Шунингдек, бу йўлдаги реакция ва хавфсизликни оширади.

Мотоцикл танлови жуда муҳим иш. Бунга бутун масъулият билан ёндашинг ва сафардан фақат завқ олинг!

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!