•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Ўзбекистондаги деярли ҳар бир ўқитувчи миннатдор мактаб ўқувчилари ва ота-оналар қўмиталари совға қилган навбатдаги гулдастани қаерга қўйиш ва ўнинчи ширинликлар қутисини кимга совға қилиш устида бош қотирадиган кунга жуда оз фурсат қолди. Ваҳоланки, Ўзбекистонда 1 октябрь санасида “Устоз ва мураббийлар” куни нишонланади!

«Устоз ва мураббийлар» кунида ўқитувчига энг зўр 16та совға

Айнан шу ёки бошқа исталган байрам муносабати билан табриклар фақат гуллар ва ширинликлар билан чекланиб қолса майли-ку, аммо баъзида ота-оналар ўйлаб топган янада қимматбаҳо совғалар бошқа айрим давлатларда пора сифатида баҳоланиши мумкин.

Дунё бўйлаб Устозлар куни қачон нишонланади?

ЮНЕСКО ва Халқаро меҳнат ташкилотининг саъй-ҳаракатлари билан Бутунжаҳон ўқитувчилар куни 1994 йилдан нишонлана бошлаган.

ЮНЕСКО қарорига биноан дунёда ўқитувчилар куни доим 5 октябрда байрам қилинади.

Lifehaq.uz таҳририяти дунёнинг турли мамлакатларида ўқитувчиларни байрам билан табриклаш ва совғалар бериш анъанаси ҳамда бу ҳолат устозларнинг болаларга нисбатан муносабатига таъсир қилиш-қилмаслиги ҳақида маълумот тўплади.

Агар табриклаш истаги бўлса, устозлар байрами учун совғаларга оид ғояларни қуйидаги мақоламиздан ўқишингиз мумкин.

«Устоз ва мураббийлар» кунида ўқитувчига энг зўр 16та совға

Демак, бошладик:

Польша

Польшада “Ўқитувчилар” куни 14 октябрда нишонланади. Бу кун ўқитувчиларга гуллар совға қилиш, шунингдек қўшимчасига шоколадли конфетлар бериш одат бўлган. Бироқ, гуллар ва ширинлик ҳар бир ўқувчидан эмас, бутун синф номидан тақдим этилади. Бундан қимматроқ совғалар берилмайди.

“Қизиғи, ўқувчилар фақат ўз синф раҳбарларини табриклайдилар. Директори, унинг ўринбосарлари, бошқа фан ўқитувчилари, шунингдек мактаб ходимларини табрикламайдилар”.

Германия

Германияда “Ўқитувчилар” куни 5 октябрда нишонланади. Немис ўқитувчиларига совға бериш одати мавжуд эмас. Агар бола ўқитувчисини яхши кўрса ва совға бериш истаги бўлса, унга қандайдир қўлда ясалган нарса ёки ўзи чизган откриткани туҳфа қилиш мумкин.

“Германияда “Ўқитувчилар” кунини нишонлаш учун атайин пул йиғиш одати мавжуд эмас”.

Германиядаги болалар боғчаларида эса йил якунида тарбиячиларга совға учун пул йиғилади. Бироқ, одатда бу сумма 5-7 евродан ошмайди. Совға қандайдир тўплам ва маълум дўконга совға картаси бўлиши мумкин.

АҚШ

АҚШда устозлар куни апрелда байрам қилинади. Болалар ушбу кунда ўқитувчиларига гуллар ва конфетлар совға қилиши мумкин – барчаси чин қалбдан ва фақат ўз истаги билан тақдим қилинади. Америкаликларда ўқитувчилар ва маъмуриятни табриклаш учун мажбурий пул йиғимлари мавжуд эмас.

“Қизиқ: АҚШда ўқитувчиларни Рождество, Пасха байрамлари ва ўқув йили тугагани муносабати билан табриклаш одат бўлган. Бироқ, болалар бутун педагогик жамоани эмас, фақат ўз ўқитувчисини табриклайдилар”.

Ўқитувчининг туғилган кунига хоҳишга қараб киши бошидан 5 доллардан пул йиғилиши мумкин. Бу шунчаки рамзий сумма: масалан, бир буханка нон 3.50 доллар туради. Бу пулларга универсал нарса, масалан Старбаксга (АҚШда машҳур қаҳвахона) совға картаси харид қилинади.

Бразилия

Бразилия бошқа қатор давлатлардан четда турмайди. Бу ерда ҳам 15 октябрь санасида “o Dia do Professor” байрами нишонланади. Замонавий ўқитувчилар, одатда, ўқувчилари жуда иноқ бўладилар. Улар болалар келганида ва кетаётганида қучоқлашишга, кўп табассум қилишга ва болаларнинг ривожланишида фаол иштирок этишга одатланганлар. Уларнинг тарбия ва таълимдаги асосий мақсади: болага тушунарли, аҳлоқли усуллар ёрдамида тушунтириш, ўйнаш орқали атрофдаги оламни ўрганишга ёрдам беришдан иборат.

Болгария

Бу мамлакатда Ўқитувчилар куни байрами йўқ. Ҳеч ким ҳеч кимни табрикламайди. Болалар туғилган кунда расмлар ва яхши тилаклар билан табриклашлари мумкин. Ҳеч ким таъмирлашга ёки бошқа нарсаларга пул йиғмайди.

Йил бошида болалар учун қўшимча материалларга пул берилади. Булар болалар шуғулланадиган китоблар бўлиши мумкин. Ортиб қолган пул сув қўйиладиган кулерларга сарфланади. Йил охирида ота-оналар қўмитаси ортиб қолган пулларни ё қайтариб беради ёки кейинги йилга ўтказади. Ҳеч ким ўқитувчиларга пул бермайди ва пул йиғмайди. Болгарияда бунга одатланмаганлар. Директорни эса умуман ҳеч ким табрикламайди.

Испания

Ушбу давлатда “Устозлар” куни мавжуд эмас. Туғилган кунлар, одатда, бутун синфни ёки дўстларни кўнгилочар марказлардаги лазер-шоулар ёки картингга таклиф қилиш орқали нишонланади. Мактабда 6 ёшгача бўлган кичкинтойлар барча болалар учун торт ва совғалар тайёрлаб, бутун синф билан мактабда ёки анимация, лабиринтлар ва туғилган кун учун махсус менюси мавжуд болалар хоналарига эга кафеларда нишонлайдилар.

Испанияда йил давомида ўқитувчиларга ҳеч қандай совға берилмайди. Бундан ташқари, МДҲ давлатларидан келган оналар кўпинча совға беришга ҳамда табриклаш одатини анъанага айлантиришга уринадилар, аммо маҳаллий ўқитувчилар буни тушунмайдилар ва номларига доғ тушишидан қўрқиб, эътиборсиз қолдирадилар. Одатда, ҳар бир катта байрамда совғалар ўқитувчиларга эмас,  балки болаларга тақдим этилади.

Австрия

Австрияда биз билган Ўқитувчилар куни нишонланмайди. Қизиғи, бу мамлакатда ўқитувчилар ва мактаб маъмуриятига совға олиш учун пул йиғиш анъанаси мавжуд эмас.

Синф ўз хоҳишига қараб ўқитувчисини Рожедство билан табриклаши мумкин, лекин бундай вазиятда ҳар ким қурби етганича пул беради. Одатда, бу рамзий пуллар бўлиб, уларга қандайдир ёқимли ва арзон нарсани совға қилиш мумкин.

Франция

Францияда “Ўқитувчилар” куни 5 октябрда нишонланади. Бу кунда қандайдир совға бериш одати йўқ. Мактабнинг истаги билан концерт ўтказилиши, сўнгра ўқитувчилар ва ўқувчилар учун норасмий мулоқот қилиш мақсадида ширинликлар столи ташкил этилиши мумкин. Ширинликларни ота-оналар олиб келадилар: хоҳишига қараб.

“Қизиғи: Францияда ҳам ўқитувчиларга совға бериш одати йўқ. Аксарият мактабларда турли эҳтиёжлар учун ҳар йилги йиғимлар мавжуд, аммо у бутунлай расмий бўлиб, 20-30 евродан ошмайди”.

Австралия

Teacher and students in a classroom

Австралияда “Устозлар” куни – октябрь ойининг сўнгги жума куни – ҳақиқатдан шовқинли тадбирдир. Байрам муносабати билан кўчалар карнавал иштирокчиларига тўлади, маҳаллий аҳоли эса оилалари билан бирга шаҳар ва ҳиёбонларга йўл олади. Кечқурун эса мушакбозлик шоуси каби чин маънода сеҳрли томошаларга ўрин келади. Айтгандек, австралияликлар чинакам пироманлардир: ҳаттоки, мамлакат ҳукуматида ғаройиб лавозим – “мушаклар ва аланга вазири” ҳам мавжуд.

Fireworks above the Opera House and Harbour Bridge, Sydney, Australia

Одатда, ярим йилда бир марта болалар уйларида ва мактабда шуғулланадиган онлайн дастурлар бўйича тўлов қоғози келади, шунингдек “ҳайрия” банди мавжуд бўлиб, хоҳишга қараб тўлаш мумкин – ҳеч ким ҳеч нарса демайди. Баъзан мактабларда ҳайрия ярмаркалари ўтказилади: ўқувчилар турли ширинликларни сотадилар ва келиб тушган пул мактаб жамғармасига қўйилади. Агар синф ўқитувчисини табриклашни жуда хоҳласа, унга торт совға қилишлари мумкин. Бу тортни мактаб ходимлари биргаликда чой билан тановул қиладилар. Ёки қандайдир дўконга сертификат тақдим қиладилар. Ҳеч қандай пул йиғишлар бўлмайди. 

Аргентина

Аргентинада 11 сентябрь ўқитувчилар байрами эканлиги билан бир қаторда, президент Доминго Фаустино Сармьентонинг вафоти муносабати билан хотира куни ҳамдир. Ушбу президент ўз саъй-ҳаракатлари билан таълим соҳасида амалга оширган улкан ислоҳотлари туфайли аҳоли орасида ҳурматга сазовор бўлган. Шунингдек, у қишлоқларда бошланғич таълимни мажбурий қилиб, аҳолининг барча қатламлари учун таълим олиш имкониятини ривожлантирган.

Ҳиндистон

Мазкур мамлакатда “Устозлар” кунини байрам қилиш санаси ҳам тарих билан боғланган: 5 сентябрь куни иккинчи ҳинд президенти доктор Сарвепалли Радхакришнан туғилган. Бу куни анъанага биноан айрим мактабларда ўқувчилар ўқитувчилар билан ўрин алмашадилар ва уларнинг ўрнига дарс ўтадилар, бошқа мактабларда эса барча дарслар бекор қилинади ва байрам тадбирлари ташкил этилади.

Литва

Ушбу мамлакатда Ўқитувчилар кунида ўқувчиларга таълим бериш касби ҳақида кўпроқ билимга эга бўлиш ва тушуниш имконияти берилади. Анъанага кўра, ўқитувчилар мазкур байрамона кунда таълим бермайдилар ва уларнинг ўрнига кафедра ортига юқори синф ўқувчилари турадилар. Бу тажриба иккала томон учун жуда фойдалидир: ўқитувчилар ва ўқувчилар синфнинг бошқа томонида бўлишлари мумкин. Яна бир анъана – миннатдорчилик сифатида ўқитувчиларга гуллар совға қилишдир. Бироқ, миннатдорчилик фақат ўқитувчиларга эмас, мактабнинг бошқа ходимларига ҳам кўрсатилади.

Эрон

Бу мамлакатда Ўқитувчилар куни 2 майда нишонланади. Шу куни 1980 йилда қатл этилган профессор, ёзувчи ва ўқитувчи Оятулла Мортаза Мотаххарининг хотираси ёдга олинади. Мамлакат аҳолиси шу тариқа муқаддас ҳисобланган педагог касбига ўз эҳтиромини изҳор этади.

Хитой

Бу давлатда ҳам педагогик меҳнатга алоҳида эътибор кўрсатилади. Бу ҳолат маданий инқилоб даврида ўқитувчилик фаолиятининг нуфузи йўқолиб кетганлиги билан боғлиқ. Педагоглик яна мартабали ишга айланган 1989 йилда байрам расмий тус олган. Эндиликда ҳар йили 10 октябрда мактаб ўқувчилари ўқитувчилари учун концерт-кўнгилочар дастур тайёрлаб, уларга ширинликлар ва овқатлар тўпламларини совға қиладилар. Педагогларни табриклаш учун битирган ўқувчилар ҳам келадилар. Чекка қишлоқларда минг йиллик анъанага биноан ўқитувчиларнинг товонлари ва кафтларини ювадилар.

Диний руҳдаги байрам

Тунис, Жазоир, Ливия, Марокаш, Иордания, Миср, Саудия Арабистони, БАА, Яман, Бахрайн ва Оманда Устозлар куни февралнинг охирги санаси – 28 кунида байрам қилинади. Байрам масжидла катта ибодатдан бошланади, зеро ушбу араб мамлакатларида педагоглар илоҳий хизматчилар сифатида эътироф этилади. Ўқитувчиларнинг аксарияти эркаклар бўлганлиги учун уларга совға сифатида ширинликлар, дўконларда харид учун сертификатлар ва канцелярия товарларини тақдим қилиш одатга айланган.

Устозлар байрами – расмий дам олиш куни

Педагогларнинг касбий байрами дам олиш куни ҳисобланадиган давлатлар кўп эмас: Тайландда (16 январь) ва бизнинг мамлакатимизда.

Агар ушбу мақолага шарҳларингиз ёки ғояларингиз бўлса, уларни пастда ёки бизнинг Фейсбукдаги саҳифамида ёзиб қолдиришдан тортинманг.

Устоз ва мураббийларга нима совға қилишни билмаяпсизми? Ғояларни бу ерда ўқинг:


«Устоз ва мураббийлар» кунида ўқитувчига энг зўр 16та совға